Еттинчи дарс: Кийимларни тоза сақлаш
Кийимларни тоза сақлаш
* * *
- Тоза кийим – покиза табиат;
- Устки кийимлар;
- Кўйлак ва ички кийимлар;
- Оёқ кийимлари;
- Дастрўмол.
* * *
1. Тоза кийим – покиза табиат
Эгнингиздаги кийимингизни доимо тоза тутишга ҳаракат қилинг. Шунда сизни кўрган одам: «Бу боланинг табиати покиза экан», деб ўйлайди. Кийим янги бўлиши шарт эмас, аммо тоза бўлиши зарур.
Кир-чир кийимда юрган болани кўрган одам нима дейиши мумкин? «Э, бу боланинг кўнгли ҳам тоза бўлмаса керак», дейди. Сўнг ундан узоқ бўлишни истаб қолади. Чунки кийимга аҳамият бермаслик одам табиатининг тоза эмаслигини кўрсатади.
Ақлли бола тез-тез ювиниб, озода бўлиб юради. Унинг бадани тоза бўлгандан кейин кийимларнинг ҳам тозасини кияди.
Агар бадан тоза бўлсаю кийимлар кир бўлса, нима бўлади? Кийимдаги кирлар баданга ўтади. Шундан кейин ювинганнинг ҳам фойдаси қолмайди.
Кийимлар тез-тез ювилиши ва дазмолланиши керак. Каттароқ болалар кийимларини ўзлари ювишга ўрганадилар. Кичкина болалар эса кийимларини оналарига ёки опаларига ювдириб оладилар.
2. Устки кийимлар
Пальто, куртка, чопон, костюм ёки шимга ўхшаш кийимлар устки кийимлардир. Уларни эҳтиёт қилиб кийиш лозим. Кўчада юрганда кийимни нопок нарсалар тегишдан сақлаш керак.
Кўчадан келганда уйга киришдан аввал устки кийимларга бир қараб олиш керак. Агар чанг ўтирган бўлса, қоқиб тозаланади. Агар қиш фасли бўлса, кийимга ёпишиб қолган қорлар тушириб юборилади. Шундан кейин уйга кирилади. Уйга киргач, қалинроқ кийимларни эшик олдида ечилади, сўнг ўз ўрнига қўйилади. Дуч келган томонга улоқтирилмайди. Шунда улар тоза сақланади.
Баъзи болалар кўчада тоза кийим билан ифлос жойга ўтириб оладилар. Ҳеч иккиланмай ерга думалайдилар. Бунақада кийим кир бўлиб кетади ва тез йиртилади.
3. Кўйлак ва ички кийимлар
- Кўйлак уйда ҳам, кўчада ҳам кийиб юриладиган доимий кийимлардан. Шунинг учун у тез кир бўлади. Кўйлакнинг энг кўп кир бўладиган ери ёқаси ва енги. Демак, кўйлакнинг ёқаси ва енгини тез-тез текшириб туриш керак. Кир бўлган бўлса, ювдириш ва дазмоллатиш лозим.
Болалар овқат еётганда эҳтиёт бўлсинлар. Бир хил бола овқатни худди биров еб қўядигандек шошиб ейди. Кўйлакларига тўкиб, оқизиб юборади. Яна баъзи бола овқатни еб, қўлини кийимга артади. Бунақада кийим доғ бўлиб қолади ва ювса ҳам кетмайди.
- Ички кийимлар. Ички кийимлар (майка, ички иштон) одамнинг баданига бевосита тегиб туради. Шунинг учун уларнинг тоза бўлиши жуда муҳим. Ички кийим бошқаларга кўринмайди. Ҳар бир бола ўзининг ички кийимларини текшириб туриши керак. Сал кир бўлган бўлса, алмаштириш лозим.
Болалар айниқса ҳожат ушатганда эҳтиёт бўлишлари зарур. Ёзилаётганда кийимга нажосат (сийдик, ахлат) тегадиган бўлса, албатта ювиш шарт. Бўлмаса, кийим нопок бўлиб қолади. Нопок кийимда ўқилган намоз қабул бўлмайди.
Агар ички кийимга эътибор берилмаса, у ҳидланишга бошлайди. Касаллик пайдо бўлишига сабаб бўлади.
4. Оёқ қийимлари
Туфли, этик, шиппак, сандал каби оёқ кийимлари кўчада ва ҳовлида ҳар хил ерларни босиб юради. Уларга чанг, лой ёки нажосат илашиб қолиши мумкин. Тарбияли бола йўлда юрганда нопок ерларни босмайди. Мабодо оёғига бирор ифлос нарса тегиб кетса, дарров тозалайди. Кўчадан қайтганда уйга киришдан аввал оёқ кийимларига бир қараб олади. Агар ифлос нарсаларга кўзи тушса, оёғини ерга ишқалаб тозалайди. Ёки бирор чўп билан нажосатни кетказади.
Одобсиз бола лой, кир оёқ кийими билан уйига кириб кетаверади ва уйни ифлос қилиб қўяди.
Пайпоқ. Пайпоқ доимо ерга яқин юради. Шунинг учун у ҳам тез кир бўлади. Бундан ташқари баъзан инсоннинг оёғи пайпоқ ичида терлайди. Оёқдан чиққан тер ва ҳид пайпоққа ўтади. Кейин атрофга сассиқ ҳид тарқала бошлайди. Шунинг учун оёқни ҳам, пайпоқни ҳам бот-бот ювиб туриш керак.
5. Дастрўмол
Уйдан ташқарида бўлганда баъзида қўлни ёки оғиз-бурунни ювишга тўғри келиб қолади. Ўша пайтда ювилган аъзоларни артиш учун дастрўмол ёки бир марталик салфетка ишлатилади.
Дастрўмол инсоннинг чўнтагида юрадиган нарса. У ювилган ва тахланган ҳолатда бўлиши керак.
Айтайлик, сиз автобусда кетаяпсиз. Ёки кўпчилик билан гаплашиб ўтирибсиз. Кутилмаганда аксириб қолдингиз. Нима қиласиз?
– Бунақа пайтда бурунни дастрўмол ёки салфетка билан тўсилади, кейин унга артилади. Баъзи ерларда аксирганда ва йўталганда оғиз ва бурунни енг билан тўсиш одат бўлган.
Баъзи болалар дастрўмол тутишни эсдан чиқариб қўйишган. Дастрўмолни кўрмаганларига анча бўлиб кетган. Бир марталик қоғозни ҳам билишмайди. Бу яхши эмас.
Тарбияли бола ҳар сафар кўчага чиқиб кетишдан аввал дастрўмолни бир текширади. Ё эса чўнтагига бир марта ишлатиладиган салфеткадан бир неча дона солиб олади.