Саккизинчи дарс: Нарсаларни тоза тутиш
Нарсаларни тоза тутиш
* * *
- Буюмлар тозалиги
- Китоблар
- Ўқув қуроллари
- Сочиқ, тиш чўтка, кўрпа-ёстиқлар
- Аппаратлар ва ўйинчоқлар
* * *
1. Буюмлар тозалиги
Биз ҳар бир инсон 5 хил нарсани тоза тутиши шарт эканини биламиз. Шуларнинг 3чиси шахсий буюмлар эди.
Шахсий буюмлар деганда уй ичидаги ҳамма нарса тушунилади. Уйдаги нарсалар ё сизники ё ота-онангизники ёки акангиз ё укангизники.
Ўқувчининг шахсий буюмларига қараб, унинг қандай бола эканини билиш мумкин. Агар нарсалари озода бўлса, демак у ақлли ва тарбияли бола бўлади. Агар нарсалари кир-чир ва бетартиб бўлса, бу унинг унча ҳам ақлли бола эмаслигини кўрсатади.
Нарсаларни тоза тутиш учун зарур бўлган биринчи шарт – тартиб. Тартиб ҳар бир нарсани ўз жойига қўйишдир. Нарсалар турли ерларда сочилиб ёки қалашиб ётиши керак эмас. Балки ҳар битта буюм ўзига муносиб ерда туриши лозим. Ҳар бир нарса ўзининг шериклари билан бирга қўйилиши керак.
Буюмларни вақтида тозалаб турилади. Акс ҳолда уларга чанг ва кирлар ёпишиб олади. Кирлардан микроблар пайдо бўлади. Микроблардан касаллик келиб чиқади.
Агар буюмлар тоза тутилса, эгасига кўп хизмат қилади. Шу сабабли одамнинг пули ҳам тежалади.
Демак, буюмларни тоза тутишда учта фойда бор экан: уйнинг тартибли бўлиши, касалликдан сақланиш, пулнинг тежалиши.
2. Китоблар
Китоб инсон учун улуғ неъматдир. Китоб туфайли биз ҳақиқатни тушунамиз. Тўғри йўлдан борамиз. Шунинг учун китобларни авайлашимиз, тоза тутишимиз зарур.
Китобга ёзиш, чизиш, унинг варақларини буклаш ёки йиртиш ҳеч-ҳеч мумкин эмас. Китобни кир қилиб юбориш ҳам ёмон иш. Китоблар уйда алоҳида токчада ёки шкафда туриши керак. Китобни ўқиб бўлгач, яна жойига қўйиб қўйилади. Китобларни ва улар турадиган токчаларни тез-тез артиб, чангдан тозалаб турилади.
Китоблар ичида энг улуғи – Қуръони карим. Ундан кейин ҳадиси шарифлар туради. Қуръон бошқа китоблар билан бирга қўйилса, ҳамма китобларнинг устида туриши лозим. Ёш болалар Қуръонни ўқийман, деб кир қилиб юборишлари мумкин эмас. Кимки Қуръондан кичкина сураларни ўқиётган бўлса, “Жузъи амма” ёки “Жузъи таборак”дан ўқиши керак. Акс ҳолда Қуръонни эскитиб юборади.
3. Ўқув қуроллари
1. Дафтарлар. Ақлли боланинг дафтарлари тоза бўлади.
Агар дафтарга сиёҳ билан хато ёзиб қўйса, нима қилиш керак? Унинг устидан бир чизиқ тортилади – бўлди. Ақли унча кирмаган бола эса хатони тирноғи билан ўчиришга уринади. Бунақада дафтар хунук бўлиб кетади.
Ёзиш учун чиқарилган дафтарга расм солинмайди. Расм дафтари алоҳида бўлади.
2. Қалам – қадри баланд неъмат. Аллоҳ ҳам энг биринчи Арш билан Қаламни яратган. Қаламни ўйнаш, синдириш ва кир қилиш мумкин эмас. Одобсиз болалар қаламни найза қилиб отади. Оғзига солиб сўради. Натижада қалам тез йўқ бўлиб кетади. Бу – неъматни исроф қилиш. Исроф қилиш эса гуноҳ.
3. Сумка-портфеллар. Китоб ва дафтар солинадиган сумкалар ҳам тоза бўлсин. Сумкага овқат солиш мумкин эмас. Унга кийим ёки ўйинчоқлар ҳам солинмайди. Бу нарсаларнинг сумкаси алоҳида бўлади. Аммо мактабга кетаётганда сумкага мева солиш мумкин. Бунда мевани аввал коғозга ўралади ёки махсус идишга солинади. Кейин сумкага солинади.
Сумкани чанг ерларга қўйилмайди. Баъзи болалар мактабдан қайтаётганда сумкасини кир ерларга қўяди ва ўйинга берилиб кетади. Ёки уйининг олдига келганда сумкани ичкарига олиб кирмасдан кўча эшик ёнига қўяди. Кейин ўйнайверади. Бу ёмон одат.
4. Сочиқ, тиш чўтка ва кўрпа-ёстиқлар
Сочиқ, тиш чўтка. Ҳар бир боланинг сочиқ ва тиш чўткаси алоҳида бўлади. Бу нарсаларни ҳаммомнинг ичида тайинли ерга қўйилади. Яхши бола юз-қўлларини ва тишларини ҳар куни бир неча бор ювади. Тиш чўткани ишлатиб бўлиб, яна ювиб қўйиш керак. Сочиқни ҳам тез-тез ювиш лозим. Бўлмаса у ҳидланиб кетади.
Кўрпа-ёстиқ, чойшаб. Инсон ётганда унинг юзи кўрпа-ёстиқ ва чойшабларга тегиб туради. Чойшабни ва ёстиқ жилдларини ўз вақтида ювиб турилади. Агар улар покиза бўлса, нафас олганда ҳаво ичга тоза ҳолда киради.
Китоб ва ўйинчоқларни кўрпа ёстиқ ва чойшаблар орасига қўйиш мумкин эмас. Кийимлар ҳам улардан алоҳида туриши керак.
Тарбияли бола уйқудан тургандан кейин ўрин-кўрпаларини йиғиштиради. Уларни чиройли қилиб тахлаб қўяди.
Каравот, стол-стуллар. Ҳар бир бола ўзи ётадиган каравотни чанглардан артиб туришни одат қилиши керак.
Кўпгина болаларга уйда дарс қилишлари учун алоҳида стол-стуллар ажратиб берилган. Яхши болалар ўз стол-стулларини артиб турадилар, уларга чизмайдилар. Столнинг устини доимо тартибли тутадилар. Унинг устига чиқиб ўйнамайдилар. Дарс тайёрлайдиган столда овқат емайдилар.
5. Аппаратлар ва ўйинчоқлар
Компьютер, диск, магнитофон, плеер, телефонлар. Баъзи болаларнинг оталари “Болам тезроқ ва кўпроқ илмли бўлсин” деб қиммат аппаратларни олиб беришади. Бундай аппаратлар нозик бўлади. Эҳтиёт қилмаса, тез бузулиб қолиши мумкин. Шунинг учун уларни қадрлаш керак.
Компьютер каби техника асбобларни ишлатиб бўлгач, албатта токдан ўчирилади. Шунда улар ҳам дам олади. Эртасига ёққанда яхши ишлайди.
Аппаратларни тез-тез артиб туриш керак. Артганда спирт ёки махсус модда ишлатилади. Шунда уларга чанг тушмайди. Аппаратда чанглар йиғилиб қолса, у бузулиб қолиши мумкин.
Ўйинчоқлар. Бошланғич синфда ўқиётган баъзи болаларнинг ўйинчоқлари ҳам бўлади. Уйда ўйинчоқлар қўйиладиган алоҳида жой бўлиши керак. Баъзи болалар ўйинчоқларини кийимлари ичига қўядилар. Ёки китоб-дафтарлар ичига аралаштириб юборадилар. Бунақада ўйинчоқлар кир бўлиб кетади ёки синади. Китоб дафтарлар ҳам йиртилиб кетади.
Ўйинчоқларни ҳам тез-тез артиб туриш керак. Уларни отиш, синдириш мумкин эмас. Дарс пайтида ўйинчоқ ўйнаш ҳам тўғри бўлмайди.