Олтинчи дарс: Кийиниш одоби
Кийиниш одоби
* * *
- Нима учун кийим кийилади?
- Кийим – ҳаё белгиси;
- Кийим кийиш ва ечиш одоблари;
- Кийим турлари;
- Кийиш мумкин бўлмаган кийимлар.
* * *
1. Нима учун кийим кийилади?
Болалар, нима учун кийим кийилади, биласизларми?
Кийим кийишдан уч нарсани мақсад қилинади:
- Уят ерларини бекитиш;
- Иссиқ ва совуқдан сақланиш;
- Одамларга чиройли кўриниш.
Инсон ҳар куни уйқудан кўзини очиб, Аллоҳга ҳамд айтади. Шундан сўнг энг биринчи қиладиган иш – кийимларни кийиш. Уйқу вақтидаги юпқа кийим билан одамларга кўриниш одобдан эмас.
Аллоҳ ва Пайғамбаримиз бизни уят ерларимизни бекитиб юришга буюришган. Бекитиш керак бўлган аъзоларни аврат, дейилади.
Яна Ислом динимиз биздан соғлигимизни сақлашни ҳам талаб қилган. Шунинг учун биз иссиққа ва совуққа мослаб кийинамиз.
Чиройли ва озода кийиниш ҳам Ислом динимизда мақталади. Кийимнинг содда бўлиши ҳам яхши фазилат.
2. Кийим – ҳаё белгиси
Биз кийим кийишдан учта мақсад борлигини билдик. Ана шу мақсадларнинг ҳаммаси ҳам фойдалидир. Аммо уларнинг ичида энг муҳим бўлгани қайси?
– Уят (аврат) ерларни яшириш.
Уялиш инсондаги жуда қимматли хислат. Уялишни ҳаё ёки шарм–ҳаё, деб айтилади. Пайғамбаримиз «Ҳаё иймондадир», деганлар. Ҳаё инсонни уят ишлардан узоқ бўлишга буюради. Авратнинг очилиб қолиши (наузу биллоҳ) уят ва шармандали ишдир. Ҳаёси бор одам доимо авратини яшириб юради. Исломда авратни яшириш – фарз. Бировнинг авратига қараш эса ҳаром. Инсон кийим кийганда авратини яшириб, ҳаёсини сақлаган бўлади. Демак, кийим ҳаё белгиси экан.
Эслатма: эркак кишининг аврати – киндигидан тиззасигача. Тиззанинг кўзи ҳам яширилиши керак. Аёл кишининг ҳамма аъзоси аврат ҳисобланади. Фақат юзи ва икки кафти зарурат пайтида аврат эмас. Эркаклар бегона аёлларга қарамайдилар.
3. Кийим кийиш ва ечиш одоблари
1) Кийиниш пайтидаги суннатлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга кийим кийишда бир неча суннатларни ўргатганлар. Бу суннатлар мана булар:
- Кийим кийишда «Бисмиллоҳ», деб айтиш;
- Ўнг томондан бошлаб кийиш;
- Кийим дуосини ўқиш.
Бизнинг эгнимиздаги кийимлар Аллоҳнинг неъматидир. Шунинг учун кийим кияётганда Унга шукрона айтиб, дуо ўқиймиз:
الْحَمْدُ للهِ الَّذِي كَسَانِي هَذَا [الثَّوْبَ] وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلا قُوَّةٍ.
(Маъноси: «Менга мана шу кийимни кийгазган ва буни менинг кучим ва ҳаракатимсиз насиб этган Аллоҳга ҳамд бўлсин»).
Расулуллоҳ кимки шу дуони ўқиса, ўтган гуноҳлари кечирилади, деганлар.
Одам ўзи янги кийим кийганда ёки янги кийим кийган кишини кўрганда ўқиладиган дуолар ҳам бор. Уларни устозингиздан ўрганиб оласиз.
2) Кийим ечишдаги одоблар
Кийим ечаётганда «Бисмиллоҳ», дейилади ва чап томондан бошлаб ечилади. Ечган кийимларни чиройли қилиб тахлаб қўйилади.
Кийим қўйиладиган жой одамнинг кўзи тушмайдиган ерда, масалан шкаф ичида бўлгани афзал. Шунда кийимлар тоза сақланади. Уларга чанг юқмайди.
Ўғил болалаларнинг баъзи кийимлари (кўйлак, костьюм, устки кийимлар) вақтинчага кўз тушадиган ерда туриши мумкин. Аммо шим, шалвор ва ички кийимларни кўз тушмайдиган ерга қўйиш керак.
Қизларнинг кийимлари одамларнинг кўзи тушмайдиган ерда туради. Ўғил болаларнинг кийимига аралашмайди.
Одобсиз боланинг кийим ечишини кўрганмисизлар? У кўчадан келса, кийимларини ечиб, дуч келган ерга улоқтиради. Эртасига мактабга кетаётганда кийимларини топа олмайди. Чунки ечган жойини эсидан чиқариб қўйган бўлади. Баъзида у ичдан киядиган юпқа кийим билан кўчага чиқиб, ҳаммага кулги бўлади.
4. Кийим турлари
1) Ўғил болалар кийими. Ўғил болаларнинг кийимлари пахтадан, жундан ёки канопдан тайёрланади. Уларнинг ранги ҳар хил бўлиши мумкин. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ рангли кийимларни мақтаганлар. Чунки оқ ранг тоза ва ёқимли бўлади. Озгина кир бўлса ҳам билинади ва тезда ювилади. Расулуллоҳ яна яшил рангли кийимни ҳам ёқтирганлар. Баъзан қизил йўли бор, тўнга ўхшаган кийим кийганлар.
Кўйлак. Кўйлак ўғил болалар учун энг яхши кийимлардан биридир.
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْها، قالتْ: كانَ أَحَبَّ الثِّيابِ إلى النبي صلى الله عليه وسلم القميصُ. (رواه أبو داود والترمذي؛ الألباني: صحيح).
Умми Салама айтдилар: «Кийимлар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг кўп ёқадигани кўйлак эди». (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Эркаклар кўйлагининг турлари кўп. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос кўйлаклари бўлади. Баъзилари узун, баъзилари қисқароқ.
Шим, шалвар. Тикилиши оддий шимлар ўғил болалар учун яхши шимлардир. Шим ва шалварларнинг почаси тўпиққача бўлади.
Шортик. Шортик – ёзда кийиладиган калта шалвар. Шортикнинг почаси тиззани ёпиб турадиган бўлиши керак. Ўғил болалар чўмилганда ҳам шортикка ўхшаган иштон киядилар.
2) Аёл–қизлар кийими. Қизлар ва аёлларнинг кийими каноп, пахта, жундан ташқари ипакдан ҳам тикилади. Ранглари ҳам ранг-барангроқ бўлади.
Рўмол. Рўмол қизлар ва аёллар энг яхши кўрадиган кийимлардан. Рўмолнинг катта-кичиклиги ҳар хил бўлади. Хотин-қизлар уйда кичикроқ рўмол ўрашади. Кичкина рўмол билан кўчага чиқишмайди.
Кўйлак ва лозим. Қизларнинг кўйлаги кенг ва узун бўлади. Узунлиги тўпиққача тушиб турадиган кўйлак – яхши кўйлак. Лозим ҳам узун ва кенг бўлиши керак.
Ҳижоб. Ҳижоб кўчага чиққанда кийилади. Аёллар, қизлар кўчага чиқсалар, таналарининг ҳаммасини яшириб юрадилар. Ҳижоб бошдан-оёқ ҳамма аъзони ўраб турадиган кенг бўлади.
5. Кийиш мумкин бўлмаган кийимлар
1) Ўғил болалар учун. Ўғил болаларнинг кўйлаги қизларникига ўхшаган гулли ёки ялтироқ бўлмайди. Ипак кийимлар кийиш ҳам мумкин эмас. Ўғил болаларга қип-қизил, сап-сариқ, оловранг ёки пушти рангли кийимлар ярашмайди.
Ўғил болалар тор шимларни киймайдилар. Баъзи шимлар одамнинг орқасини аниқ билдириб туради. Буларни кийиш мумкин эмас. Шимнинг почаси ҳаддан ташқари узун бўлмаслиги керак. Тўпиқдан тушиб кетадиган шимни мақталмайди.
Шортикларнинг узунлиги агар тиззадан тепада бўлса, мусулмон болаларга тўғри келмайди.
Ўғил болалар қизларникига ўхшаган кийимларни киймайдилар. Кийимларига, баданларига ҳар хил бемаъни нарсаларни осиб юрмайдилар. Тилла соат тақмайдилар. Тилла тақинчоқлар қизлар учундир.
2) Қиз болалар учун. Бели тор, кўкраги очиқ, енги калта кўйлак муслималарга тўғри келмайди. Қиз бола шим ёки шортик киймайди. Чунки булар эркаклар кийимидир. Қизлар учун ўғил болага ўхшатиб қўядиган кийимларни кийиш мумкин эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ўзини эркакка ўхшатган аёлларга ва ўзини аёлга ўхшатган эркакларга лаънат бўлсин», деганлар.
Муслима қизлар бегона одамларнинг олдида тақинчоқларини кўрсатиб юрмайдилар.
Баъзи ҳижобларга кўп гуллар тикилган, ялтироқ нарсалар тақилган бўлади. Бунақа ҳижоб ҳаммани ўзига қаратиб қўяди. Яна ҳижоб қип-қизил, сап-сариқ ёки гулли матодан тикилган бўлса ҳам бошқалардан ажралиб қолади.
3) Ҳамма учун. Қизлару ўғил болаларнинг кийимлари баданга ёпишиб турадиган тор бўлиши тўғри эмас. Тор кийим ахлоққа хилоф саналади ва соғликка зиён келтиради. Танада қоннинг айланишига халақит беради.
Танани кўрсатиб турадиган юпқа кийим кийиш ҳам гуноҳ. Юпқа кийимлар инсоннинг авратини яшира олмайди. Хулққа салбий таъсир кўрсатади.
Ақлли болаларга бачкана кийимлардан сақланиш тавсия қилинади. Масалан, жонли нарсаларнинг сурати бор, ёмон сўзлар ёзилган кийимлар мусулмонлар кийими эмас.
Исломдаги инсон ўзга диндагиларга хос бўлган кийимларни киймайди. Бошқа диндагилар киядиган шляпа, хоч шакли тушурилган кийимлар шулар жумласидан.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир». Абу Довуд ривояти.
Кийиш мумкин бўлмаган кийимлар рўйхати:
- Баданга ёпишиб турадиган тор кийим;
- Терини кўрсатиб турадиган юпқа кийим;
- Жонли нарсаларнинг расми бор кийим;
- Ёмон сўзлар ёзилган кийим;
- Ҳаммани ўзига қаратадиган ғайри оддий кийим;
- Бошқа диннинг рамзи тушурилган кийим;
- Ҳаром йўл, масалан, ўғирлик билан топилган кийим;
- Қиз болани ўғил болага ўхшатиб қўядиган кийим;
- Ўғил болани қизларга ўхшатиб қўядиган кийим;
- Ўғил болалар учун ипак кийим.