Бешинчи дарс: Овқатланиш одоби

Овқатланиш одоби

***

1. Ҳалол ризқ;
2. Овқатланишдан аввал;
3. Овқатланиш пайтида;
4. Макруҳ амаллар;
5. Овқатдан сўнг.

* * *

1. Ҳалол ризқ

Аллоҳ таоло одамзодни овқат ейиш ва сув ичишга муҳтож қилиб яратган. Аллоҳ Пайғамбарлар орқали одамларга овқатланиш одобини ҳам ўргатган. Бу одоблар ичида энг муҳими ҳалол таом ейишдир. Аллоҳ Қуръонда бундай деб айтган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ (البقرة\172)

«Эй иймон келтирган инсонлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покизаларидан енгиз …» (Бақара/172).

Ҳалол ризқ еган одам савоб олади. Ҳаром еган кимса азобга қолади. Ҳаром таом ейдиган одамнинг дуоси ҳам, ибодати ҳам қабул бўлмайди.

Ҳалол ризқ – соғлиқ учун фойдали. Ҳаром овқат ва ҳаром ичимлик инсоннинг танасига зарар етказади. Жамиятни бузади.

Таом ва ичимлик ҳалол бўлиши учун нималарга эътибор бериш лозим?

Таом ҳалол бўлиши учун унда учта шарт топилиши керак:

1. Ҳалол йўл билан пул топиш.
2. Ҳалол ҳайвон ёки зарарсиз ўсимликдан овқат тайёрлаш;
3. Ҳайвонни исломий йўл билан сўйиш;

Ҳалол ризқ топиш учун аввало ҳалол меҳнат қилиш лозим. Ўғирлик, порахўрлик, қиморбозлик каби йўллар билан пул топиш – ҳаром. Бундай пулга озиқ-овқат сотиб олган одам ҳаром овқат еган бўлади.

Маълумки, овқатни гўшт ва ўсимликлардан тайёрланади. Уй ҳайвонларидан туя, мол, қўй, эчки ва отнинг гўшти – ҳалол. Ёввойи ҳолда яшайдиган баъзи ҳайвонлар ҳам ҳалол. Буларга мисол: кийик, буғу, тоғ эчкиси, ёввойи мол, ёввойи эшак.

Ваҳшийлик билан кун кечирадиган ҳайвонларнинг гўшти ҳаромдир. Ифлос нарсаларни ейдиган жониворлар ҳам ҳаром саналади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ كُلِّ ذِى نَابٍ مِنَ السِّبَاعِ وَعَنْ كُلِّ ذِى مِخْلَبٍ مِنَ الطَّيْرِ.
(رواه مسلم).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. У киши дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ов тиши бўлган йиртқич ҳайвонларни ва ов чангали бўлган қушларни ейишдан қайтардилар”.  (Муслим ривояти).

Сув ҳайвонларидан балиқларнинг ҳамма тури ҳалол. Ўсимлик ва донлар ҳам ҳалол саналади. Аммо қайси ўсимлик зарарли бўлса, ўшани истеъмол қилиш ҳаром бўлади. Масалан, ақлга зарар етказадиган наша–  ҳаром.

Маст қиладиган ичимликлар ичиш–  ҳаром.

Исломий йўл билан сўйилмаган ҳайвон гўштини ҳам еб бўлмайди.

2. Овқатланишдан аввал

Қачон овқатланиш керак?

Ҳамма биладики, инсон қорни очганда овқат егиси келади. Аммо баъзи болалар овқатни кўриб қолса бўлди – қорни очмаган бўлса ҳам еяверади. Бу тўғри эмас. Тўқ қоринга овқат ейиш соғлиққа зарар етказади. Қорин очган пайтда ейилган овқат баданга яхши ҳазм бўлади ва иншоаллоҳ фойда келтиради.

Овқатлaнишга тайёргарлик

Овқат пайти бўлди, дейлик. Демак, овқатланишга тайёргарлик кўрамиз. Аввало қўллар тоза бўлсин. Дастурхон ва сочиқлар ҳам озода, овқат сузиладиган идишлар ювилган бўлиши керак. Синиқ, дарз кетган ёки чети учган идишларни ишлатиш мумкин эмас. Дастурхон солишда ақлли болалар катталарга қарашиб юборадилар.

Якка овқатланишга ўрганманг

Одам якка ўзи ўтириб овқат ейишга ўрганиш керак эмас. Бирор шерик билан овқатланиш – яхши одат.

عَنْ جابِرِ بْنِ عبدِالله رَضِيَ اللهُ عَنْهُ. قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:
«أحب الطعام إلى الله ما كثرت عليه الأيدي». (الأَلْبانِيُّ، السلسلة الصحيحة).

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:  “Аллоҳга суюкли бўлган таом – устида қўллар кўп бўлган таом”. (Албоний, Саҳиҳ ҳадислар силсиласи).

Қандай ўтирамиз?

Ерда ўтириб овқатланиш – Расулуллоҳнинг суннатлари. Ўтирганда ўнг тиззани тик қилиб, чап оёқни букланади ва унинг устига ўтирилади. Столда ўтириб овқат ейиш ҳам жойиз.

Ёши катта – биринчи

Овқатга қўл узатишдан аввал дастурхон атрофидаги инсонларни таклиф қиламиз. Ёши катта киши ёки меҳмон ўлтирган бўлса, биринчи у бошлаши керак.

Овқатга қўл узатишдан аввал Аллоҳ таолодан ушбу таомни бизга фойдали қилишини сўраймиз. Таом дуосини ўқиймиз. Сўнг “Бисмиллоҳ” айтиб, овқат ейишга бошлаймиз.

Демак, овқат ейиш олдидан бажариш лозим бўлган ишлар мана булар:

1. Қўллар тоза бўлиши;
2. Одоб билан ўлтириш;
3. Ёнидагиларни таклиф қилиш;
4. Таом дуосини ўқиш;
5. “Бисмиллоҳ” айтиш.

3. Овқатланиш пайтида

Овқат ейишга бошлаётган пайтимизда мана бу суннатларга амал қиламиз:

1. Ўнг қўл билан ейиш;
2. Ўз олдидан ейиш;
3. Учта бармоқ билан ейиш;
4. Луқмани кичикроқ олиш;
5. Яхши сўзлардан гапириш.

Бу саналган ишларнинг ҳар бири ҳақида устозлар истаганча гапириб беришлари мумкин.

Овқат ейишни ҳаддан ошиқ тўйиб кетмасдан аввал тўхтатган яхши.

Расулуллоҳ ошқозоннинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга, яна учдан бирини ҳавога ажратиш фойдали бўлишини айтганлар.

4. Макруҳ амаллар

Макруҳ – ёқимсиз иш, дегани. Овқатланиш пайтида макруҳ ишларни қилиш одамларга ёқмайди. Уларнинг иштаҳасини бўғиб қўяди. Овқатдан ҳам барака кўтарилади.

Овқатланиш одобига тўғри келмайдиган макруҳ ишлар 3 хил турга бўлинади:

1) Овқат ейишдаги макруҳ ишлар:

1. Чап қўлда овқатланиш;
2. Оғзидагини ютмасдан овқатга қўл чўзиш;
3. Тик туриб ёки юриб овқатланиш;
4. Ёнбошлаб ёки оёқни узатиб овқатланиш;
5. Оғзида овқат билан гапириш;
6. Чапиллатиб ейиш, ҳўриллатиб ичиш;
7. Шошиб овқат ейиш;
8. Имиллаб овқат ейиш;
9. Овқатга пуфлаш;
10. Тўйгандан сўнг ҳам еявериш.

2) Ўзини тутишдаги макруҳ ишлар:

1. Овқатни айблаш;
2. Ёқимсиз сўзларни гапириш;
3. Дастурхонга қараб йўталиш, аксириш;
4. Бурун, тиш ёки қулоқ кавлаш;
5. Бирор ерини қашлаш.

3) Бошқалар билан овқатланишдаги макруҳлар:

1. Овқатга чақирганда тез келмаслик;
2. Катталардан аввал овқатни бошлаш;
3. Бировнинг оғзига ёки овқатига қараш;
4. Таомнинг яхшисини ўзига олиш;
5. Бировнинг олдидагини олиб ейиш;
6. Ҳаммадан аввал қўлни тортиб олиш;
7. Одамлар еб бўлгандан сўнг ҳам еявериш;
8. Бошқалардан тез ва кўп ейиш;
9. Ҳаммадан кўп гапириш;
10. Сукут сақлаб ўтириш.

Булардан ташқари қошиқ ва идишларни қаттиқ тақирлатиш, тўкиб-сочиб овқатланиш ҳам яхши эмас. Синган ва дарз кетган идишда овқат ейиш ҳам макруҳ.

5. Овқатдан сўнг

Овқатланиб бўлгандан сўнг мана бу ишларни қиламиз:

1. Тарелкани (ёки коса) нон ёки бармоқ билан ялаш;
2. Дастурхонга тўкилган ушоқ ёки овқатларни териб ейиш;
3. Бармоқдаги овқат қолдиқларини ялаш;
4. Таомдан сўнгги дуони ўқиш;
5. Овқат тайёрлаганга раҳмат айтиш;
6. Дастурхонни йиғиштириш;
7. Идиш-товоқларни ювиш;
8. Қўл ва оғизларни ювиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овқатдан сўнг мана бу дуони ўқишни ўргатганлар:

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَطْعَمَنِي هَذَا الطَّعامَ وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلا قُوَّةٍ.

Бу дуонинг маъноси бундай: “Мени шу таом билан озиқлантирган ва бу таомни менинг кучим ва ҳаракатимсиз насиб этган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.

Аввалги…                                                                                           Кейинги…