Тўртинчи дарс: Тозаликка риоя қилиш

Тозаликка риоя қилиш

***

  1. Покизалик – иймоннинг ярми;
  2. Озодалик – соғлиқ сабабчиси;
  3. Тоза тутишимиз керак бўлган нарсалар;
  4. Тана аъзоларини тоза тутиш;
  5. Таҳорат ва ғуслнинг фойдалари.

***

1. Покизалик – иймоннинг ярми

Ислом динимиз тозаликка жуда катта аҳамият берган. Аллоҳ таоло айтади:

{ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ } (البقرة222/)

«Шубҳасиз, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни ва ўзини ниҳоятда пок тутувчиларни яхши кўради». (Бақара/222).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам озодалик ҳақида бундай деганлар:

» الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيمَانِ»

«Озодалик иймоннинг ярмидир». (Муслим ривояти).

Демак, мусулмон инсон покиза бўлиб  юрса, иймони бутун бўлади. Агар тозалик қоидаларига риоя қилмаса, унинг иймони чала бўлиб қолади.

2. Озодалик – соғлиқ сабабчиси

Озодаликка риоя қиладиган бола соғлом бўлади. Покиза ва соғлом боланинг ақли ҳам яхши ишлайди. Шунинг учун ўзбекларда «Соғлом танда соғ ақл», деган мақол бор.

Кир-чир юрадиган боланинг баданида микроблар пайдо бўлади. Микроблар касаллик келиб чиқишининг сабабларидан биридир.

Мусулмон болалар тозаликка алоҳида эътибор берадилар. Шунинг учун уларнинг иймонлари хам кучли, танлари ҳам соғлом бўлади.   

3. Тоза тутишимиз керак бўлган нарсалар

Биз ўзимизни ҳам, атрофдаги нарсаларни ҳам доимо озода сақлашимиз лозим. Ҳар биримиз 5 хил турдаги нарсани тоза сақлашни ўрганишимиз керак.

Озода сақланиши шарт бўлган 5 хил нарса мана булар:

1) Тана аъзолари;
2) Кийимлар;
3) Шахсий буюмлар;
4) Уй ва хоналар;
5) Атроф-муҳит.

4. Тана аъзоларини тоза тутиш

Тарбияли инсон танасининг бошдан-оёқ ҳаммасини озода тутади. Аммо баъзи аъзоларни бошқасига қараганда кўпроқ ювиб туриш керак.

Тез-тез ювиб туриш лозим бўлган тана аъзолари қуйидагилар: 1) қўл; 2) юз; 3) тиш; 4) бурун; 5) бош; 6) оёқ.

1) Қўл. Қўл жуда кўп фойдали хизматларни бажаради. Биз қўлимиз билан юзимизни ва тана аъзоларимизни ювамиз. Қўлда овқат еймиз. Бир-биримиз билан қўл бериб cўрашамиз. Қўлда нарса оламиз ёки берамиз. Шунинг учун қўлларимиз доимо озода бўлиши шарт.

Тирноқларни ўстириб юбормасдан олиб туриш ҳам қўлнинг тозалигидан саналади. Бола тирноғини агар ўзи ола олмаса, катталарга айтиб олдиради.

2) Юз. Юз ҳаммага кўриниб турадиган аъзодир. Тананинг бошқа аъзолари кўпинча кийим остида бўлади. Аммо юз доимо очиқ туради. Чанг ва кирлар юзга тез ёпишади. Шунинг учун юзни бошқа аъзоларга қараганда кўпроқ ва тез-тез ювиб туриш зарур.

Одамлар бир-бирлари билан гаплашганда юзга қараб гаплашадилар. Юзи кир бўлган ҳолда бошқаларнинг кўзига кўриниш уят саналади.

3) Тиш. Аллоҳ инсоннинг тишларини чиройли қилиб яратган. Уларни авайлаб асраш керак. Одамнинг тишлари соғлом ва оппоқ бўлса қандай яхши! Оппоқ тишлар инсонга ҳусн бағишлайди.

Тишлар овқатни чайнаб, майдалаб беради. Агар улар тоза бўлса, овқат ҳам қоринга покиза ҳолатда киради. Тез-тез ювиб турилмаса, тишларнинг орасида кирлар тўпланади. Кирлар овқатга қўшилиб, қоринга кириб кетади. Шундан кейин одам касал бўлиб қолади.

Тишини яхши ювмайдиган боланинг тиши оғришга бошлайди. Тиш оғриғи жуда ёмон. Тишга эътибор берилмаса, у хунук бўлиб кетади. Тиши ҳунук бўлиб юриш ҳам яхши эмас.

Овқат еб бўлгандан сўнг тишларни яхшилаб ювиш зарур. Акс ҳолда оғизда ёқимсиз ҳид пайдо бўлади. Бу ёнидаги одамга озор беради.

Тишни ҳар куни икки марта мисвок ёки паста (маъжун) билан ювиш керак. Пайғамбаримиз таҳорат олаётганда тишини мисвок билан ювганларни мақтаганлар.

Одамларнинг олдида тишни кавлаб бўлмайди. Бу беодобликдир.

4) Бурун. Аллоҳ бурунни ҳам муҳим вазифа учун яратган. У нафас олишимизга ёрдам беради. Агар бурун покиза бўлса, инсон ютаётган ҳаво ичкарига тоза ҳолатда киради.

Одобли бола ҳеч ким кўрмайдиган ерда ботбот бурунларини қоқиб, тозалаб олади. Одамнинг олдида ҳеч ҳам бурнини тортмайди ва кавламайди. Баъзи болалар эса ҳадеб бурнини тортаверади. Бунақа одат ҳеч кимга ёқмайди.

Инсон аксирганда ёки йўталганда юзини четга буриши керак. Оғзи ва бурнини дастрўмол ёки енги билан тўсиши лозим. Чунки бундай пайтда бурун ва оғиздан зарарли моддалар отилиб чиқади.

5) Бош. Инсон ҳаёти учун жуда зарур ҳисобланган аъзолар – мия, қулоқ, кўз, бурун ва оғиз бошда жойлашган. Демак, бошга яхши аҳамият бериш лозим. Уни тез-тез ювиб туриш талаб қилинади.

Қизлар сочларини ҳафтада камида бир марта ювадилар.

Ўғил болалар сочларини кўп ўстириб юборишлари тўғри эмас. Сочни бир ойда бир марта олинади ёки қисқартирилади.

Бош, кўз, қулоқ, бурун ва оғизни ойнага қараб тозалигини текшириб туриш керак.

6) Оёқ. Маълумки оёқ кўпинча пайпоқ ичида бўлади ва кўзга ташланмайди. Аммо вақтида ювиб турилмаса, ундан ёмон ҳид тарқала бошлайди. Шунинг учун таҳорат пайтида оёқнинг панжалари орасини бармоқ билан ишқалаб ювилади. Шунда улар покиза ва соғлом бўлади. Ёз пайти бўлганда ҳар намозга янги таҳорат олиш – яхши одат.

5. Таҳорат ва ғуслнинг фойдалари

Таҳорат ва ғусл Ислом динимиз буюрган фарз амаллардан саналади.

Таҳорат намоз ўқиш ёки сажда қилиш учун олинади. Яна Қуръонни ушлаш учун ва Каъбани тавоф қилиш учун ҳам таҳорат бўлиши лозим. Таҳорат қилганда юз, қўл ва оёқ албатта ювилади. Таҳорат инсон учун жуда фойдали. Мусулмон бола ҳар куни бир неча марта таҳорат қилади. Шунинг учун унинг юз-қўллари доимо тоза ва чиройли бўлади. Покиза бўлиб юрган бола – иншоаллоҳ – касал бўлмайди ва кўпгина савоб олади. Таҳоратда ювилган аъзолардан гуноҳлар тўкилади. Таҳоратда ювилган аъзолардан Қиёмат куни нур таралиб туради.

Ғусл деганда тананинг ҳамма ерига сув етказиб, ювиниш тушунилади. Аллоҳ бизнинг баданимизда кўзга кўринмайдиган майда тешиклар яратган. Улар орқали бадан ҳам нафас олади. Одам ювинган пайтда ўша тешиклар тозаланади. Баданнинг нафас олиши ва ўсиши яхшиланади.

Яхши тарбия олаётган бола ҳар ҳафтада бир марта ювинади. Жума куни келса ўғил болалар жума намозига боришади. (Агар шароит бўлса аёллар ва қизлар хам жумага боришлари мумкин). Жума куни эрталабдан ғусл қилиб, тайёргарлик кўриш керак.

عَنْ أبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:

حَقٌّ للهِ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ أَنْ يَغْتَسِلَ في كُلِّ سَبْعَةِ أَيَّامٍ، يَغْسِلُ رَأْسَهُ وَجَسَدَهُ. (رواه البخاري ومسلم)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар етти кунда бир ювиниш Аллоҳнинг ҳар бир мусулмон устидаги ҳаққидир …»

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аввалги…                                                                                           Кейинги…