Иккинчи дарс: Уйқудан туриш одоби

Уйқудан туриш одоби

* * *

  1. Уйқу мўжиза ва неъмат;
  2. Уйқудан қачон туриш керак?
  3. Эрта туришнинг фойдалари;
  4. Уйғонгандан сўнг;
  5. Намоздан кейин.

***

1. Уйқу мўжиза ва неъмат

Биз ҳаммамиз биламизки, дунёда уйқу бор, уйғониш бор. Эрталаб одамлар уйқудан турадилар. Кечаси бўлганда яна уйқуга кетадилар.

Ҳаётда туғилиш ҳам бор, вафот этиш ҳам бор. Онадан туғилиб, дунёга келган ҳар бир одам бир кун ўлади. Дунёда ҳеч ким абадий яшамайди. Бу – ҳаёт қонуни. Вафот этган инсонлар учун эса Қиёмат куни қайтадан тирилиш бор.

Болалар, биз ҳозир 5та нарсани эсладик: уйғониш, ухлаш, туғилиш, вафот этиш, қайта тирилиш… Мана шу нарсалардан қайсилари бир-бирига ўхшаб кетади?

Уйғониш билан туғилиш бир-бирига ўхшайди. Эрталаб уйғонган одам дунёга янги келгандек бўлади.

Уйқуга кетиш билан вафот этиш ҳам бир-бирига ўхшаб кетади. Маълумки, одам ўлса, қимирламай қолади. У энди ўрнидан турмайди. Инсон ухлаган пайтда ҳам қимирламай қолади. Унинг аъзолари вақтинча ҳаракатдан тўхтайди. Уйқу – кичик ўлим.

Ухлаган одам уйқуга тўйгач, эрталаб уйғонади. Кейин яна юришга, гапиришга бошлайди. Вафот этган одам ҳам Қиёмат куни қайтадан тирилади. Сўнг Аллоҳ у билан савол-жавоб қилади. Демак, уйқудан туриш ўлгандан сўнг ҳақиқатан тирилиш борлигини билдириб туради.

Ухлаш ва уйқудан уйғониш Аллоҳнинг мўжизаси ва неъматидиp. Ўйлаб кўринг, агар инсон ухласаю қайтиб турмаса, нима бўлади?  Бу – жуда ҳам ёмон воқеа. Чунки у ўлган бўлиши мумкин. Шунинг учун мусулмон одам уйқудан уйғонган пайтда Аллоҳга ҳамд айтади ва дуо ўқийди.

2. Уйқудан эрта туришни ўрганинг

Уйқудан эрта туриш – яхши одат. Эрта туришнинг жуда кўп фойдалари бор. Улар ҳақида кейин гапирамиз.

Мактаб ўқувчилари кун чиқмасдан аввал уйғонадилар. Улар таҳорат олиб, бомдод намозини ўқийдилар. Сўнг мактабга боришга тайёргарлик кўрадилар. Аммо кичик болалар кечроқ уйғонсалар ҳам бўлади.

Уйқудан эрта туриш учун нима қилиш керак?

Бунинг учун учта нарсага эътибор бериш зарур:

  1. Болалар кечқурун ҳаммадан эрта ухлашлари керак. Чунки эрта ётган бола эрта туради;
  2. Уйқуга ётаётган бола «Эрталаб иншоаллоҳ, барвақт уйғонаман», деб ният қилиши керак;
  3. Ухлашдан аввал катталарга: «Мени эртароқ уйғотинглар», деб тайинлаш лозим.

Баъзи болалар кун чиққунча ухлаб ётаверади. Биров уйғотса ҳам тургиси келмайди. Унинг устига шайтонлар миниб олган бўлади ва «Ётавер-ётавер!» деб алдайди. Ундай болани ялқов, дейилади.

3. Эрта туришнинг фойдалари

Уйқудан эрта туришнинг 3 нарсага фойдаси бор: ақлга, баданга, иймонга.

Ақл яхши ишлайдиган пайт тонг вақтида бўлади. Ана шу пайтда уйғонган боланинг ақли кўп нарсага етадиган бўлади. Бундай боланинг дарси ҳам, ишлари ҳам чиройли чиқади. У кечгача ғайратли ва хурсанд бўлиб юради. Ўртоқлари билан ҳам яхши ўйнайди.

Бадан доимо соғ бўлиши учун эрта туришни одат қилиш керак. Эрталаб бадантарбия билан шуғулланиш соғлиқни мустаҳкамлайди. Уйқудан кеч турган боланинг кучи бир оз сўниб қолади.

Иймон кучли бўлиши учун ҳам тонгда турган яхши. Иймонли бола тонгда таҳорат олиб, Аллоҳга чиройли ибодат қилади.

Расулуллоҳ эрта турган умматларининг ҳаққига дуо қилганлар:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اَللَّهُمَّ بَارِكْ لِأُمَّتِي فِي بُكُورِهَا. (رَوَاهُ ابن ماجة).

Ибн Умардан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эй Аллоҳим, умматимнинг эрталабда қилган ишларига барака ато қил «. (Ибн Можа ривоятлари).

4. Уйғонгандан сўнг

Уйғонгандан сўнг қилинадиган ишлар мана булар:

  1. Уйғониш дуосини ўқиш;
  2. Кийимларни кийиш;
  3. Жойни йиғиштириш;
  4. Хонани шамоллатиш;
  5. Таҳорат қилиш;
  6. Атрофдагилар билан сўрашиш;
  7. Бомдод намозини ўқиш.

Демак, сиз уйқудан кўзингизни очибоқ, уйғониш дуосини ўқийсиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга мана бу дуони ўргатганлар:

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَحْيانا بَعْدَ ما أَماتَنا وَإلَيْهِ النُّشُور.

«Бизни ўлдириб, яна тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Дуодан сўнг «Бисмиллаҳ», деб кийимларингизни киясиз. Ўрин-кўрпаларни чиройли қилиб йиғиб қўясиз. Кўрпани тахлаётганда ҳам «Бисмиллаҳ», деб айтасиз.

Туни билан хона димиқиб қолган бўлади. Шунинг учун ойналарни бир оз очиб, ҳавони алмаштиришингиз керак.

Ундан кейин таҳорат олиб, бомдод намозининг суннатини ўқишга киришасиз. Кейин масжидга бориб, икки ракъат фарзни жамоат билан ўқийсиз. Бомдод намозини ўқиш Аллоҳ билан сўзлашиш бўлади. Ҳаётнинг янги саҳифаси Аллоҳ билан сўзлашишдан бошланса қандай яхши!

Уйғонгандан сўнг қилиш макруҳ (ёқимсиз) бўлган амаллар:

  1. Ўриндан турмай, ялқовланиб ётавериш;
  2. Ётадиган кийим билан одамларга кўриниш;
  3. Ўринни йиғиштирмай туриб кетиш;
  4. Юз-қўлни ювмасдан бошқа ишга киришиш;
  5. Бомдод намозини кечиктириб ўқиш.

Эслатма: эрталаб ухлаб ётган ёш болаларга халақит бермаслик керак. Уйғотиш керак бўлган одамни оҳисталик билан уйғотилади. Агар дарров турмаса, унга қўполлик қилинмайди.

5. Намоздан кейин

Бомдод намозини суннат ва фарзи билан ўқиб бўлгандан сўнг қилинадиган ишлар мана булардир:

  1. Эрталабки зикрлар;
  2. Бадантарбия;
  3. Нонушта;
  4. Мактабга тайёргарлик;   
  5. Ўқишга бориш.

1. Эрталаб намоздан сўнг зикр айтишнинг фойдаси жуда кўп. Биз зикрларни ўқиганимизда Аллоҳга дуо қиламиз. Кун бўйи бизни Ўз паноҳида асрашини сўраймиз. Бизга яхшиликлар ато қилишини тилаймиз.

Эрталаб Қуръон тиловат қилиш ҳам яхши одат.

2. Зикр ва тиловатдан кейин озгина бадантарбия қилишга одатланиш керак. Бу одамнинг соғлиғи учун жуда ҳам фойдалидир.

3. Машқлардан сўнг нонушта қиласиз. Нонушта тайёрлашда катталарга ёрдамлашишни ўрганинг. Нонушта пайтида овқатланиш одобига риоя қилишни унутманг.

4. Нонуштадан сўнг дарс жадвалига қараб, китобларингизни текшириб оласиз. Мактабга тайёргарлик кўрасиз. Бугун керак бўладиган китоб-дафтарларингизни эсингиздан чиқарманг.

5. Мактабга кеч қолмасдан боришга одат қилинг.

Аввалги…                                                                                           Кейинги…