Биринчи дарс: Одоб ва унинг фойдалари

Одоб ва унинг фойдалари

***

  1. Одоб нима дегани?
  2. Инсон нима учун ҳурматли?
  3. Одоб олтиндан қиммат
  4. Одобни қаердан ўрганамиз?
  5. Одобли ва одобсиз бола

 ***

1. Одоб нима дегани?

Ҳурматли болалар, биласизларми, одоб деб нимага айтилади?

Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам яхши кўрадиган фойдали одатларга одоб, деб айтилади. Одоб муҳим қоидалардан ва чиройли сўзлардан иборатдир.

Маълумки, инсон ҳаёти турли ҳаракат ва ҳолатлардан ташкил топади. Масалан, уйқудан уйғониш, ювиниш, кийиниш, овқатланиш ва ҳоказо. Ҳаётда мана шу ишларнинг ҳар бири учун алоҳида қоидалар бор. Ислом динида бу қоидаларни одоб, деб айтилади. Масалан, кийиниш одоби, овқатланиш одоби, ухлаш одоби.

Дунёда oдамлар бир-бирлари билан саломлашадилар, сўзлашадилар. Борди-келди қиладилар. Турли нарсаларни оладилар, берадилар. Бу ишларни муомала, дейилади. Ҳаётда муомала турлари жуда кўп. Муомала турларининг ҳар бири учун Исломда тартиб ва қоидалар ёзиб қўйилган. Бу қоидалар ҳам одобга киради. Масалан, саломлашиш одоби, сўзлаш одоби, меҳмон кутиш одоби ва ҳоказо.

Демак, oдоб қоидалари иккига бўлинади: 1) Шахсий одоблар; 2) Муомала қоидалари.

Шахсий одоблар ҳар бир инсон якка ўзи амал қиладиган қоидалардир.  Муомала қоидалари – бошқалар билан биргаликда амал қилинадиган одоблар.

Қўлингиздаги китобчада ҳар бир бола ўзи якка ҳолда амал қилиши лозим бўлган oдоблар ёзилган. Бу – одоб дарсларининг биринчи китоби. Муомала қоидалари эса иккинчи китобда келади, иншоаллоҳ.

2. Инсон нима учун ҳурматли?

Болалар, сизлар ҳайвонларга бир эътибор беринглар-a. Улар ҳам овқат ейди, сув ичади, ухлайди, тўғрими? Одамлар ҳам худди шу ишларни қиладилар. Аммо одам билан ҳайвон ўртасида нима фарқ бор?

Ўртадаги фарқ шуки, одам ўз ишини ақл, одоб ва тартиб билан қилади. Шунинг учун унинг ҳаёти чиройли ва шириндир. Ҳайвон эса ақли бўлмагани учун одобни ҳам, қоидани ҳам билмайди. Унинг ҳаёти тартибсиз ҳолда ва кир-чирлар ичида ўтади.

Аллоҳ инсонга ақл неъматини ато қилган ва ҳамма ишда ақлни ишлатишга буюрган. Агар инсон ақлини ишлатса, Аллоҳнинг борлигини англаб етади. Унга иймон келтиради. Сўнг яхши ишлар қилишга бошлайди.

Ақлли инсон ҳаётда ҳар бир ишнинг қоидаси ва одоби борлигини кўради. У ана шу қоидаларни ўрганади ва уларга амал қила бошлайди. Шунда у бошқаларнинг ҳурматига лойиқ бўлади.

Демак, одоб – ақллилик белгиси. Одобсизлик – ақлнинг камлигидан. Шунинг учун одамлар одобсиз кимсани ҳайвонга ўхшатишади. Уни ҳурмат қилгилари келмайди.

3. Одоб олтиндан қиммат

Кўп одамлар пул ва олтинни яхши кўрадилар. Чунки одамлар бойлик бахт келтиради, деб ўйлайдилар. Аммо дунёда бойлиги ошиб-тошиб кетган бўлса ҳам бахтли бўла олмаган одамлар роса кўп. Чунки бойликнинг ўзи ҳеч қачон бахт олиб келмайди. Инсон бахтли бўлиши учун унга иймон, илм, яхши амал ва одоб керак бўлади.

Одобнинг фойдаси шуки, у бор ерда интизом бўлади. Интизом ҳар бир ишни ўз қоидаси билан вақтида бажаришдир. Интизомли боланинг ишлари доимо чиройли чиқади. Одамлар ҳам интизомли болага кўпроқ яхшилик қилишади.

Одобли ва интизомли болaни  ҳатто фаришталар ҳам ёқтириб қолишади. Фаришталар қайси болани яхши кўрсалар, унга яқин келишади. Унинг атрофида юриб, ишларига ва ўқишларига ёрдам беришади. Уни ҳар хил зарарлардан ҳимоя қилишади.

Аллоҳ интизомли бола учун савоблар ёздиради. Унга бахтли ҳаёт ҳадя қилади.

Одоб ана шундай яхши нарса. Шунинг учун «Одоб олтиндан қиммат», дейишади.

4. Одобни қаердан ўрганамиз?

Мусулмонлар одобни аввало Аллоҳнинг китоби Қуръондан ўқиб-ўрганадилар. Чунки Қуръони каримда жуда кўп қоидалар баён қилинган. Яна бир қанча қоидаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан ўқиб билинади.

Олимлар Қуръон ва ҳадислар асосида одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиққанлар. Бу мавзуда кўпгина китоблар ёзганлар. Мусулмонлар ана шундай китобларни севиб ўқийдилар.

Одоб қоидаларига амал қилишни бизга устозларимиз ва отаонамиз кўрсатиб беришади. Биз катталарнинг тартиб-интизомга қандай риоя қилишларини кузатиб юрамиз. Уларга ўхшашга ҳаракат қиламиз.

Биз одоб ва муомала қоидалари ёзилган китобларни ўқиймиз. Ўқиганларимизга амал қиламиз.

5. Одобли ва одобсиз бола

Ўқувчилар, келинглар одобли боланинг сифатларидан баъзиларини эслаб ўтайлик. Одобли бола уйқудан эрта туради. Унинг бадани ва кийимлари доимо озода бўлади. У китоб ўқиш ва дарслар қилишни яхши кўради. Аллоҳ ва Пайғамбаримизнинг сўзларини ўрганади. Ота-она ва устозларининг айтганларини бажаради. Одобли бола мактабда ҳам яхши ўқийди. Ўрганган қоидаларига амал қилади. Бундай болани тарбияли ёки хулқи чиройли бола, деб айтилади.

Тарбияли бола ҳамма билан яхши муомалада бўлади. Одамларга доимо яхшилик қилиб юради.

Одобсиз бола ҳам бўладими? Ҳа, афсуски бўлади. Ундай бола уйқудан ўз вақтида турай, демайди. Ота-онасининг айтганларини қилмайди. Устозлари берган вазифаларни бажармайди. Одоб ҳақидаги китобчаларни ўқимайди.

Одобсиз болани одамлар яхши кўрмайдилар. Чунки у ақлини кам ишлатади-да. Одамлар уни хулқи ёмон бола экан, дейишади. Ёки тарбиясиз ва интизомсиз бола, деб айтишади.

Тарбиясиз бола чиройли саломлашишни ҳам билмайди. Атрофдагилар билан дўст бўла олмайди. У ўзининг ёнидаги одамга зарар етказгиси келиб туради.

Фаришталар ақли кам ва интизомсиз боладан хафа бўлишади. Ундан ўзларини узоқроқ тутишади. Шундан кейин бу боланинг атрофига шайтонлар кела бошлайди. Шу сабабли унинг ўқишлари ҳам орқага кетади. 

Аммо яхши тарбия берилса, одобсиз бола ҳам одоблига айланиши мумкин. Яхши болалар одобсиз болага чиройли насиҳат қиладилар. Ушбу китобдаги дарслардан гапириб берадилар. Уни китоб ўқишга қизиқтирадилар.

Агар бу китобчада ёзилган қоидаларни ҳамма болалар ўрганиб олсалар, иншоаллоҳ, биронта ҳам одобсиз бола бўлмайди.

Кейинги…