Танишув

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга тўлган йиллари Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги тоқ кечаларидан бирида у зотга Аллоҳнинг башариятга ҳадя этган энг сўнгги китоби – Қуръони карим нозил этила бошлади. Ўша муборак кеча Ер юзи бўйлаб иймон даъвати, Ислом овози янграши учун ибтидо нуқтаси бўлди.

Шу вақтдан бошлаб бу даъват Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобийлари – разияллоҳу анҳум – овозлари билан атроф оламга ёйилди. Сўнг тобеинлар, ҳижратнинг дастлабки муборак уч асрида ҳаёт кечирган уламолар ва то бугунги кунимизга қадар яшаб ўтган Аҳли сунна валжамоа олимлари Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг ана ўша муборак овозларини келажак авлодларга етказдилар. Зеро, китобат илмини эгаллаш алоҳида шахсларгагина насиб бўлган у замонларда Аллоҳ ва Расулнинг сўзларини, Ислом даъватини халққа етказишнинг асосий воситаси овоз эди.

Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган неъматлари ичида эшитиш қуввати алоҳида эътиборга лойиқдир. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларида аввал тинглаш, сўнг назар солиш, кейин фикр юритиш қобилияти зикр қилинади.

وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ قَلِيلًا مَا تَشْكُرُونَ (السجدة 9)

“Аллоҳ сизларга қулоқ, кўз ва қалблар ато қилди. Аммо сизлар жуда кам шукр қиласизлар”. (Сажда сураси, 9-оят)

إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا (ألإسراء 36)

“Албатта қулоқ, кўз ва қалбнинг ҳар бири (инсоннинг) қилмиши ҳақида сўралади”. (Исро сураси, 36-оят)

Инсоннинг хақиқатни англаши, бирор маънони тушуниб етишида энг асосий ўрин тутадиган нарса унга қилинадиган хитобни эшитиши ва англашидир. Бинобарин, Аллоҳнинг сўзини одамлар онгига етказишнинг энг биринчи ва асосий омили ҳам хитоб ва нутқдир.

Маълумки, Расулуллоҳнинг умматга олиб келган энг буюк мўъжизалари Аллоҳнинг каломи сўз (!) эди. Расулуллоҳнинг ўқиш-ёзишни билмайдиган оми инсон бўлишларига қарамасдан, ҳамиша чиройли ва етук сўз айтишлари Ислом даъвати қаршисидаги улкан тўсиқларни парчалаб, одамлар қалбини забт этишларига сабаб бўлди. Тавҳид даъватини ҳикматлар тўла чиройли сўзлар воситаси ила тақдим этмоқ Расулуллоҳ суннатларидир.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, Ислом овози, яъни Аллоҳ ва Расулнинг сўзлари бугун ҳам уламолар тилларидан миллионлаб одамларнинг қулоқлари остида жарангламоқда. Оҳанрабо калималар иймонли қалбларни ўзига тортиб келаётир. Ана шундай овоз соҳибларидан бири устозимиз Обидхон қоридирлар. У кишининг овози хаққи рост Ислом овознинг бир бўлаги бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари бир нав эркинликка эришган илк кунларда 1990 йилдан бошлаб Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг минбаридан янграй бошлаган. Ўшанда қисқа вақт ичида Тошкент шаҳридаги минглаб Исломга ташна қалблар ушбу даъват туфайли буюк ҳидоят йўлига эргашдилар. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳар-қишлоқлари ва қўшни жумҳуриятларда яшайдиган мусулмонлар ҳам бу янгиликни хуш қарши олдилар.

Обидхон қори Собитхон ўғиллари “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом бўлиб ишлаган кезлари етмиш йиллик куфр исканжасида инқирозга юз тута бошлаган жамиятни ягона шифо – Ислом малҳами билан ислоҳ қилиш йўлида бор имкониятлари билан жидду жаҳд кўрсатдилар. Тавҳид ва илмга даъват, ахлоқ ва эзгулик тарғиботи, оила ва ёшлар тарбиясига жиддий эътибор, мусулмон аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хақиқат ва адолат учун кураш устозимизнинг шиорлари эди.

Аммо бундай ижобий юксалишлар билан бир қаторда Ўзбекистон ичида Ислом динининг ривожланишидан норози бўладиган, хақиқатпарвар мусулмонларни ўзининг ҳукмронлигига таҳдид сифатида кўрадиган кучлар, жумладан, Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати мамлакатда пайдо бўладиган ҳар қандай Ислом овозини бўғишга жон-жаҳди билан курашар эди. Тинимсиз таъқиб ва фитналар натижасида устознинг омма олдидаги даъватлари маълум муддатга тўхтаб қолди…

Бироқ Раббимизга беҳад шукрлар бўлсин, иншоаллоҳ, Обидхон қори домла даъватларининг янги босқичи бошланмоқда. Бизким, Қори аканинг талабаларидан бир гуруҳи, у кишининг розиликлари билан ушбу “Ислом овози” веб-саҳифасини ташкил этдик. Мусаффо ихлос ва энг покиза умидлар ила Қуръони карим нозил этила бошлаган Рамазон ойида бу хайрли иш амалга ошмоқда.

Саҳифамизда Сиз азиз меҳмонларимиз Обидхон қори домланинг янги аудио ва видеотасмалари, ҳамда мақола ва рисолалари билан танишиш имкониятига эга бўласиз. Бундан ташқари, ушбу саҳифадан Қори акамизнинг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюлари ва 1990-1995 йиллар орасида “Тўхтабой” масжидида қилган маърузалари ҳам ўрин олади.

Аллоҳдан умид этамизки, ушбу саҳифа Ислом овозини ватандош ва миллатдошларимиз эътиборларига Обидхон қори воситалари билан етказишга хизмат қилади ва кўпчиликка манзур бўлади.

Саҳифамиздан ўрин оладиган бўлимларнинг айримлари тайёрлов босқичида эканини эслатган ҳолда, мазкур ишларни тез кунлар ичида ниҳоясига етказиб, веб-саҳифанинг иншоаллоҳ тўла ҳолда фаолият кўрсатишини таъминлашга ҳаракат қилаётганимизни маълум қиламиз.

Аллоҳдан ушбу амалларимизни Ўзининг ризоси учун бўлишини ҳамда хатою маъсиятларимизни кечиришини сўраймиз.

1428 ҳижрий, 1 Рамазон;
2007 йил, 13 сентябр.

Обидхон қори Назаровнинг талабалари