Ҳайит намози ҳукми
Ҳайит намози аслида вожиб.
Аммо ҳукумат карантин эълон қилганлиги, масжидлар ёпилганлиги туфайли омма мусулмонларга ҳайит намози вожиб бўлмайди.
Лекин шундай булса ҳам бугунги кунда ҳайитни уйларида ўтказишга мажбур бўлаётган мусулмонлар уйларида оилалари ва яқин қариндошлари билан бўлса ҳам ҳайит намозини жамоат бўлиб ўқишлари мумкин деб фатво берган уламолар борлар.
Ҳайит намози вақти
Ҳайит куни Қуёш бир найза миқдорича кўтарилган пайт билан Қуёш тиккага етишидан озгина олдинги вақт орасида.
Ҳайит намози сифати (Имом Абу Ҳанифа мазҳаблари асосида)
Ҳайит намози икки ракъатли намоз.
Биринчи бошланишида тўрт марта «Аллоҳу акбар» дейилади ва ҳар сафар такбир айтганда икки қўлини қулоғигача кўтаради.
Кейин Истифтоҳ – сано дуосини, Истиозани ва Бисмиллоҳни ўқиб Фотиҳа сурасига яна бир сурани зам қилади.
Шу билан биринчи ракъатнинг рукуъсига такбир айтиб рукуъ қилиб рукуъдаги зикрларни ўқийди.
Кейин рукуъдан туриб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу, Роббанаа лакал ҳамд» дейди.
Кейин икки саждага бориб саждадаги зикру дуоларни ўқийди.
Сажда қилиб бўлганидан сўнг иккинчи ракъатга туради ва Бисмиллоҳни айтиб Фотиҳа сурасига яна бир сурани зам қилиб ўқийди.
Кейин уч марта «Аллоҳу акбар» деб, ҳар сафар такбир айтганда икки қўлини қулоғигача кўтаради.
Кейин тўртинчи такбирни айтиб рукуъ қилади, рукуъдан сўнг «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу, Роббанаа лакал ҳамд» деб туради.
Сўнг икки саждага боради, кейин ташаҳҳудга ўтириб Аттаҳиййот ва Салавотни ўқийди, сўнг ўнг елкасига бурилиб биринчи саломни айтади, кейин иккинчи елкасига бурилиб иккинчи саломни айтади.
Шундай қилиб ҳайит намозига якун ясайди.
Ҳайит хутбаси
Ҳайит намозига имомлик қилган киши намоздан кейин аҳли оиласига ва ҳайит намозида иштирок этганларга қараб бир оз хутба қилиб бериши, ҳолатга қараб иймоний панду насиҳатлардан, зарур бўлиб турган шаръий аҳкомлардан айтиб бериши афзал бўлади, валлоҳу аълам.
Ҳайит намозидан олдинги айрим суннат амаллар:
1. Ҳайит куни Бомдод намозидан кейин, Ҳайит намозига киришишдан олдин бирор таом еб олиш
2. Ғусл қилиш
3. Мисвок билан оғзини, тишларини, томоғини ва тилини яхшилаб тозалаш
4. Хушбўй ҳидли атир суриш
5. Энг покиза ва чиройли кийимларини кийиш
6. Такбирлар айтиш.
Ҳайит намозидан кейинги айрим суннат амаллар:
1. Фарзандларига ҳадялар ва ҳайитликлар бериб, аҳли оиласига ҳам совғалар улашиб, ҳаммаларини шоду хуррам қилиш. Албатта, исрофгарчиликдан, кибру ҳавога кетишдан ҳазар қилиш ёддан кўтарилмасин.
2. Ёшларни бемаъни ва зарарли уйинлардан сақлаш учун дунё ва дин учун манфаатли бўлган, ҳам ақлга машқ бўладиган ҳамда бадан тарбия ҳисобланадиган ўйинлар билан ўйнатиш лозим бўлади.
Валлоҳу аълам.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб барчангизни кириб келайотган Фитр байрами билан чин қалбимиз билан табриклаймиз. Меҳрибон Раббимиз ҳаммамиздан муборак рамазон ойида бажарган барча ибодатларимизни ҳусни қабул айлаган бўлсин…
T.me/islomovozi