Наср сурасининг мухтасар маънолари

110-сура, Мадина даврида – Видолашув ҳажида Мино водийсида нозил бўлган, 3 оятдан иборат. Наср сўзининг маъноси нусрат-ёрдам

Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)

«1. (Эй Расулуллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом), қачон Аллоҳнинг ёрдами ва фатҳ келса (Маккаи мукаррама мушриклардан олиниб, Ислом ҳукмига ўтса) ;

2. Ва одамлар тўп-тўп бўлишиб, Аллоҳнинг динига кираётганларини кўрсангиз ;

3. Дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни ҳар қандай «шерик»лардан ва жамики айбу нуқсонлардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У Таввоб – тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир».

 

  • Сурадаги муҳим ишоралардан:

1. Мўмин-мусулмонлар Ислом динига мукаммал амал қилсалар Аллоҳ таоло албатта уларга нусрату ғалаба ато этади ва улар Аллоҳ таолога ҳамду сано, тасбиҳу истиғфорлар айтиб, тавба-тазаррулар қилишда давом этишлари лозим бўлади. Шунда У Зотнинг бу умматга берадиган неъматлари янада кўпайиб бораверади.

2. Бу суранинг нозил бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари яқинлашгани белгиси бўлган. Шунинг учун у зот Аллоҳнинг амрига ижобат этиб, намозларининг рукуъ ва саждаларида доимо ҳамду сано ва истиғфорларни кўп-кўп айтар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган мўминлар ҳам ҳар бир ибодатни бажо этишга муваффақ бўлишлари ортидан тасбиҳ ва истиғфор айтишлари суннатдир.

 

Мавзуга оид:

Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg