Ихлос сурасининг мухтасар маънолари
Мусҳафи шариф тартиби бўйича 112-сура, тўрт оятдан иборат, Маккаи мукаррамада нозил бўлган, жуда кўп фазилатларга эга
Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)
1. (Эй Расулуллоҳ), айтинг: «У – Аллоҳ Бирдир. (Яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқ. У Яккаю Ягона Зотдир).
2. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчи энг буюк раҳбардир (барча ҳожатлар Ундан сўралади, У Зот эса ҳеч кимга муҳтож эмас).
3. У туғмаган ва туғилмаган (Аллоҳнинг ҳеч қандай фарзанди ҳам ота-онаси ҳам йўқ – азалий ва абадий бўлган Зотдир).
4. Ва У зотга тенг келадиган ёки ўхшаш бўла оладиган ҳеч ким йўқ».
Изоҳ:
Бу буюк сура одамларга Аллоҳ таолони қандай танишни ва У зотга ихлос – чин ва холис ният билан эътиқод қилишни ўргатади. Бу сура бир гуруҳ Макка мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишиб: «Раббинг таъриф-тавсифини, насл-насабини айтиб берчи, деб сўрашганида, ўшаларга жавобан нозил бўлгани ривоят қилинган.
Мавзуга оид:
Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•