Обидхон қори, Ҳасан ва Ҳусан акалар ҳақида қизиқарли қисса

Бўлимлар: Рисолалар

Отам шайх Обидхон қори Тошкентдаги Тўхтабой жомеъ масжидида имом-хатиблик қилиб турган йиллари одамлар у кишини ҳар куни 2-3 тадан маросимларга тиловат ва маъруза қилиб бериш учун олиб кетишарди. Баъзан 1-2 ой олдиндан маросим куни ва вақти белгилаб қўйиларди. Отам доим ёнларида олиб юрадиган дафтарчага ҳаммасини тартиб билан ёзиб борардилар.

Бир куни Ҳасан ва Ҳусан номли эгиз ака-укаларнинг хонадонида қандайдир маросим бўлиши керак экан. Улар бир-бирига жуда «қуйиб қўйгандек» ўхшар, бироқ Ҳасан ака хушчақчақ, Ҳусан ака эса унинг акси – анча жиддий, камгап эди.

Отам билан ваъдалашган Ҳасан ака маросим вақти келганда отамни олиб кетиш учун ўзи келолмай, укасини юборибди. Отам йўлда жим кетаётган Ҳусан акани Ҳасан ака деб ўйлаб: «Нимага Ҳасан ака бундай ғамгин бўлиб қолдийкин, доим киришувчан, суҳбатдошини гапга солиб турадиган киши эди-ку, оилаларида бирон мусибат бўлдимикин», деган фикр-хаёл билан аста савол берибдилар: «Тинч-омонмисизлар? Аҳл-оила ҳаммалари соғ-саломатмилар? Бирор корҳол рўй бермаганми, ишқилиб?», деган маънода.

Шунда Ҳусан ака Отам у кишини акаси Ҳасан ака деб ўйлаётганини англаб: «Узр, Қори ака, мен Ҳусанман, мен ўзи табиатан шунақаман, оила-аъзоларимиз, қариндош-уруғлар ҳаммалари яхши, Худога шукр, сизга каттакон раҳмат, Қори ака», деган мазмунда жавоб берадилар.

Шундан сўнг Отам хотиржам бўлиб, табассум ила Аллоҳга ҳамд айтган эканлар.

Буни Отам ўзлари айтиб берганларида ёзиб олинган лентадан эшитгандим. Ўша суҳбатда эгиз ака-укалар ўртасидаги ўхшашлик Аллоҳнинг чексиз мўъжизаларига бир мисол сифатида эсланганди.

Ушбу воқеа бугун ёдимга келиши биланоқ телефонни қўлга олиб ёзиб қўйдим. Баъзи жойларини бироз унутган бўлишим мумкин.

Валлоҳу аълам.

Muhiddin Obidxon Qori

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi

Саволлар ва фикр-мулоҳазалар учун телеграм ва ватсАп тармоғидаги рақамимиз:

+46705555548