Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссаси

Бўлимлар: Дарслар

Бу қисса Қуръони каримнинг Каҳф сурасида (60-82 оятларида) зикр қилинган. Ҳадисларда яна ҳам муфассалроқ баёни келган. Биз бу ерда муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим саҳиҳ тўпламларида келган ривоятлардан асосий жойларини танлаб олишга ҳаракат қилдик.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтадилар: мен Расулуллоҳ сўзлаб бераётганларини эшитдим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Кунлардан бирида Мусо алайҳиссалом (ўз умматлари) Бани Исроил олдига чиқиб жуда ҳам таъсирли хутба қилдилар. У (зот)нинг панду насиҳатлари туфайли қалблар эриб, кўзлардан ёшлар оқар экан, (маърузани тўхтатиб) ўз йўлларига равона бўлдилар. Орқаларидан бир киши эргашиб бориб: «Эй Расулуллоҳ! Ер юзида энг илмли инсон ким?», деди.

Шунда Мусо алайҳиссалом «Мен» деб юборган эканлар. (Яна бир ривоятда келишича: ҳозирги замонда мендан кўра илмлироқ ҳеч ким йўқ, деган маънода жавоб бердилар).

Аллоҳ таоло дарҳол ваҳий нозил қилиб, нима учун «Аллоҳ Билгувчироқдир» (яъни, дунёдаги энг илмли инсон ким эканлигини ҳам Аллоҳ билади, деган маънода жавоб бермаганликлари учун Мусо алайҳиссаломга танбеҳ бериб: «Менинг Хизр деган бандам сендан кўра илмлироқдир» деди.

Мусо алайҳиссалом: «Эй Парвардигорим, у зот қаерда?», деб сўрадилар.

Аллоҳ таоло: «Иккита денгиз туташган жойда», деди.

Мусо алайҳиссалом: «Эй Раббим, ана шу бандангнинг ҳузурига қандай борсам бўлади?», деб сўрадилар.
Парвардигор жавоб қилди: «Бир балиқни саватга солиб йўлга чиқасан, шу балиқни қаерда йўқотиб қўйсанг, у бандамни ўша ердан топасан».

Мусо алайҳиссалом балиқни бир саватга солиб йўлга чиқдилар. Буни кўрган хизматчилари (яъни, энг яқин шогирдлари, Мусо алайҳиссаломдан кейин пайғамбарлик мақомига кўтарилган) Юшаъ ибн Нун ҳам у зотга эргашдилар.

Йўлда бир харсанг тош олдига етиб бориб, тошнинг соясида бошларини қўйиб ухлашди. Шу пайт саватдаги балиққа жон кириб ҳаракатлана бошлади, саватдан чиқиб денгизга тушиб кетди. Аллоҳ таоло Каҳф сурасида ҳам хабар берганидек: «Бас, у денгизга қараб йўл олди». Уни кўрган Юшаъ ибн Нун Мусо алайҳиссаломни уйғотиб безовта қилгилари келмади. Уйғонганларидан сўнг эса, балиқ тирилиб денгизга тушиб кетганини Мусо алайҳиссаломга айтиб қўйиш ёдларидан кўтарилиб қолди. Кейин йўлларида давом этиб ўша куни кечгача юрдилар. Эртанги куни бўлганда Мусо «Нонуштамизни келтиринг, ҳақиқатан бу сафаримиздан (яъни, ушбу охирги юришимиздан) жуда чарчадик», дедилар.

Аллоҳ белгилаб берган маконга етгунларича Мусо алайҳиссалом ҳеч қандай чарчоқ сезмаган эдилар. Белгиланган жойдан ўтиб кетганларидан кейин қаттиқ чарчадилар.

Шунда Мусо алайҳиссаломга хизмат қилиб юрган йигитлари айтдиларки «Буни қаранг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб саватдан тушиб кетганини) унутибман. (Бу воқеани сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга ажойиб йўл олган эди».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Ана шу биз истаган нарса эди».

Шундай қилиб Мусо ва у зотга хизмат қилиб юрган йигит Юшаъ ибн Нун ўзлари юриб ўтган йўлдаги изларига қараб ортга қайтдилар. То ўтган кечада дам олган жойлари харсанг тош олдига етиб келишди.

Қарасалар ўша ерда кийимга ўраниб ётган бир кишини кўрдилар.
Мусо алайҳиссалом дарҳол у кишига салом бердилар.
У зот Хизр алайҳиссалом эдилар.

Хизр (алайҳиссалом) саломга жавобан:

– «Бу ерингда қандай қилиб салом – тинчлик бўлсин?!». (Яна бир ривоятда: «Бу еримда ҳали салом- тинчлик бор эканми?»).

– Мен Мусоман.

– Бани Исроил қавмидаги (пайғамбар) Мусомисиз?

– Ҳа, сизнинг олдингизга сизга берилган, тўғри йўлга бошлагувчи илмлардан менга ҳам ўргатишингизни илтимос қилиб келдим.

– Икки қўлингизда Таврот борлиги ҳамда (Аллоҳдан) ваҳий келиб турганлиги сизга етарли эмасми? Яна сўзларида давом этиб: «Аниқки, сиз мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатингиз етмайди». (Каҳф: 67). Эй Мусо! Менда Аллоҳ менга ўргатган шундай бир илм борки, у илмни сиз ўргана олмайсиз. Сизда ҳам сизга Аллоҳ ўргатган шундай илм борки, мен у илмни ўргана олмайман.

– «Иншооллоҳ, сиз менинг сабр-тоқатли эканимни кўрасиз. Мен бирон ишда сизга итоатсизлик қилмайман». (Каҳф: 69).

– «Менга эргашишни истаётган экансиз, унда то ўзим сизга айтиб бермагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўраманг!». (Каҳф: 70).

(Мана шундай шартга келишиб олишганидан сўнг) денгиз соҳилида сайр қила бошлашди. Шу орада бир кема ўтди. Кемага чиқиш учун унинг эгаларидан тўхтаб олиб кетишларини илтимос қилдилар. Улар Хизр (алайҳиссалом)ни таниганлари туфайли улардан ҳеч қандай эваз сўрамасдан кемага миндирдилар. Кемада кетишар экан, Хизр (алайҳиссалом) тўсатдан кеманинг ёғочларидан бирини узиб олдилар.

– Буни кўрган Мусо алайҳиссалом у кишига: «Кема эгалари биздан ҳеч қандай эваз талаб қилмасдан миндириб олиб кетишаётган бир пайтда сиз уларнинг кемасига қасд қилиб, одамларни ғарқ қилиш учун уни тешиб қўйдингиз-ку?!», дедилар.

– Хизр алайҳиссалом: «Аниқки, сиз мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатингиз ет¬майди, демаганмидим?!» деб жавоб қилдилар.

– Мусо алайҳиссалом дедилар: «Унутганим сабабли, мени айбламанг ва бу ишим учун мени машаққатга дучор қилманг».

Кейин бир чумчуқ келиб, кеманинг бир четига қўниб, денгиздан бир томчи сув ичди.

– Шунда Хизр Мусога (алайҳимассалом) : «Аллоҳнинг илмидан ўрганган илмим ва сизнинг ҳам Аллоҳнинг илмидан ўрганган илмингиз мана шу чумчуқ мана бу денгиздан ичган (томчи) сувчалик ҳам эмас», деган мазмунда сўзладилар.

Кема кўзланган манзилга етиб борар экан, ундан тушиб яна денгиз соҳилида сайр қила бошлашди. Хизр (алайҳиссалом) ўша атрофда болалар билан ўйнаб юрган бир болакайни кўриб қолдилар ва уни ушлаб калласини олиб ўлдирдилар.

– Мусо алайҳиссалом эса у кишига (яна эътироз билдириб) айтдиларки: «Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдингиз-а?! Дарҳақиқат, (сиз) мункар (ҳаром) иш қилдингиз!».

– Хизр алайҳиссалом дедилар: «Мен сизга, сиз мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатингиз етмайди, демаганмидим?!».

Бу сафар Хизр Мусога мана шундай «сизга» деган сўзни қўшиб сал қаттиқроқ танбеҳ бердилар.

– Мусо алайҳиссалом дедилар: «Агар бундан буён сиздан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингизга ҳамроҳ қилманг. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўласиз (яъни, мени ташлаб кетишингиз учун сизни айблай олмайман)».

Сўнг улар яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб улардан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўрдилар. У девор қийшайиб (қулаб тушишга тайёр бўлиб) қолган эди. Хизр уни ўз қўллари билан қайтадан тиклаб қўйдилар.

– Мусо алайҳиссалом охирги марта эътироз билдириб айтдиларки: «Бу ердаги қавм бизга таом беришдан ва меҳмон қилишдан бош тортишди. Хоҳласангиз, бу ишингиз учун ҳақ олишингиз мумкин эди-ку?! (Яъни «шу хизматингиз эвазига бир ҳақ олиб таом есак бўларди-ку», деган маънода).

– Хизр алайҳиссалом жавоб бериб айтдиларки:
«Мана шу сиз билан менинг ажрашишимиздир … ». (Каҳф: 78). Энди мен сизни сабр қилишга тоқатингиз етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан бохабар қиламан. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискин-бечора ишчиларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг кўзлаб кетаётган манзилларида барча бутун (соппа-соғ) кемаларни тортиб оладиган бир подшоҳ бор эди. (Яъни, Хизр алайҳиссалом синдириб қўйган ёғоч камчилиги туфайли бу кеманинг айби борлигини кўриб тортиб олинмайдиган қилиб қўйгандилар). Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эди. У бола эса кофир бўлиб улғаяётган эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан (яъни, ота-онасини ҳам кофир қилиб юборишидан) қўрқдик. Шу сабабдан, уларга Парвардигор ( у бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир фарзандни) бадал-эваз қилиб беришини истадик. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши – солиҳ инсон эди. Бас, Парвардигорингиз улар вояга етиб, Парвардигорингизнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сиз сабр қилишга тоқатингиз етмаган нарсаларнинг баёнидир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Қанийди, Мусо сабр қила олганларида эди, Аллоҳ уларнинг яна ҳам кўпроқ ахборотларидан бизларни бохабар қиларди».

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илму маърифатга бўлган муҳаббатлари улуғ экалигини кўрсатиб турган ушбу сўзлари билан бу муборак қисса шу ерда ўз ниҳоясига етади.

Бу муборак қиссада кўпдан-кўп ибратлар бор, иншоаллоҳ келажакда уларнинг баъзиларини ўрганамиз.

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

“Ислом Овози” телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi

Саволлар ва фикр-мулоҳазалар учун Телеграм ва ВатсАп рақами: +46705555548