Фитр садақасининг аҳкоми ва ҳикматлари (мухтасар рисола)
- Фитрнинг маъноси;
- Фитр садақасининг ҳикмати;
- Вожиб бўлиш шартлари;
- Бойликнинг чегараси қаердан?
- Фитрни ким адо этади?
- Фитр нимадан берилади?
- Фитрнинг миқдори;
- «Соъ» ва «Мудд»нинг ҳозирги ҳисоби;
- Фитр закотини пул билан бериш жоизми?
- Фитр садақасини кимга берилади?
- Бошқа минтақадаги муҳтожларга юбориш.
Бир ой давомида азиз меҳмонимиз бўлиб турган муборак Рамазон ойининг ниҳояси ҳам кўриниб қолган экан, рўза хотимаси ўлароқ фитр садақасини адо этишимиз лозим бўлади. Қуйидаги сатрларда ушбу ибодатнинг аҳкомлари билан танишиб чиқамиз.
ФИТРНИНГ МАЪНОСИ
Фитр «ифтор» (إفطار) сўзидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан рўзани очиш, деган маънода келади.
Истилоҳда «Фитр Рамазон рўзаси тугаши муносабати билан вожиб бўладиган садақадир».
(Алмавсуатул-фиқҳийя, 23/336).
Фитр садақаси фитр закоти деб ҳам номланади.
Бу закот Рамазон ойи тугаётган пайтда (ҳайитга 2-3 кун қолгандан бошлаб, ҳайит намози бошланишидан аввалги лаҳзагача) адо этиладиган молиявий ибодат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан жорий этилган.
Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддис уламолар ривоят қилишган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам, эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам, кичикнинг ҳам, каттанинг ҳам зиммасига хурмодан 1 соъ ёки арпадан 1 соъ фитр закоти беришни фарз қилдилар. Фитрни одамлар ҳайит намозига чиқмасдан аввал беришга буюрдилар.
ФИТР САДАҚАСИНИНГ ҲИКМАТИ
Фитр садақасининг икки ҳикмати яққол кўриниб туради.
Биринчиси шуки, фитр ибодати орқали ийд камбағал учун ҳам, бой учун ҳам бирдек хурсандлик айёмига айланиши лозимлиги англашилади. Зеро, жамики инсонлар Аллоҳга банда эканликлари жиҳатидан Унинг ҳузурида тенгдирлар. Рамазон ойи тугар экан, олам мусулмонлари хурсандлик билан Ийдул-Фитрни нишонлайдилар. Ийд куни хонадонларида таом тайёрлаб, уни истеъмол қилишда камбағал билан бой ўртасида фарқ бўлмасин. Бунинг учун бойлар ва ўзига тўқ одамлар камбағаллар ҳолидан хабар олишлари, уларга садақа ва эҳсонлар қилишлари керак.
Бу ибодатнинг иккинчи ҳикмати рўза тутган одам учун камчиликлардан покланишдадир. Фитр садақаси Рамазон ичи рўза оғиз билан гапирилган беҳуда сўзлар учун каффорат бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор учун беҳудалик ва беадабликдан покланиш, мискинлар учун эса таом бўлсин, дея фитр закоти беришни фарз қилдилар. Ким уни ҳайит намозидан аввал адо этса, бас у мақбул закотдир. Кимки намоздан кейин берадиган бўлса, бас у (умумий) садақалардан бир садақадир.
(Имом Абу Довуд ривоятлари).
ВОЖИБ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ
Фитр садақаси вожиб бўлиши учун учта шарт бор:
1. Ислом,
2. Ҳуррият,
3. Қодирлик.
БОЙЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДАН?
Кўпчилик уламолар фитр закоти масаласида бир кунлик овқатга эга бўлган одам ҳам бой саналади, кимки бир кунликдан ортиқ таомга эга бўлса ва у таом фитр садақаси сифатида беришга яроқли бўлса шу таомдан фитр закотини чиқариши вожиб бўлади, деганлар.
Саҳл бин Ҳаназалийя ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Кимки ўзида беҳожат қилувчи нарсаси бўла туриб тиланчилик қилса, бас дўзах ўтидан кўпроқ сўраётган бўлади».
Одамлар сўрашди: «Эй Расулуллоҳ, уни беҳожат қиладиган нарса нима?»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Унинг бир кеча-кундузлик қорин тўйғазадиган нарсаси бўлиши».
(Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳадис шунга далолат қиладики, бир кунлик таоми бўлган одам бой саналади ва унга бир кунликдан ортиқ таомидан фитр чиқариши вожиб бўлади.
(Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 23/338).
ФИТРНИ КИМ АДО ЭТАДИ?
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъминотингиздаги кичикнинг, каттанинг, ҳурнинг ва қулнинг номидан фитр садақасини беришга буюрдилар».
(Имом Доруқутний ривоятлари).
Фитр ҳақида келган ҳадиси шарифларнинг хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки:
Фитр садақасини оила бошлиғи оила аъзолари номидан уларга билдирган ҳолда ўзи беради. Аммо вояга етган инсонлар ўзлари учун ўзлари берадилар.
[Фитр садақаларини ҳақдорларга етказиш учун оиладан бир кишини ёки бошқа бирор мусулмонни ёки ташкилотни вакил қилиш ҳам жоиз, агар ишончли деб кўрилса].
ФИТР НИМАДАН БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси ҳар қандай нарсадан берилавермайди. Балки ғамлаб қўйса бўладиган озуқага яроқли маҳсулотлардан берилиши лозим. Бунга буғдой, арпа, гурунч каби бошоқли донлар ва мош, ловия, нўхат каби дуккакли маҳсулотлар, хурмо, майиз каби узоқ сақланадиган мевалар киради. Фитр учун пишлоқ ҳам берилиши мумкин.
ФИТРНИНГ МИҚДОРИ:
Фитр агар хурмо, майиз, пишлоқ, арпа ёки шу каби дон-дунлардан берилса, ҳар бир жон бошига 1 соъ миқдорда берилиши лозим.
[Фитр садақасининг энг афзали камбағалнинг эҳтиёжи қайси таомга кўпроқ бўлса ўша таомдан бир соъ фитр беришдир. Валлоҳу аълам] .
«СОЪ» ВА «МУДД»НИНГ ҲОЗИРГИ ҲИСОБИ:
Оғирлик ва сиғим учун қабул қилинган бир неча хил ўлчов бирликлари мавжуд. Жумладан, Расулуллоҳ даврларидан бери соъ ва мудд кенг қўлланиб келинган.
Бир соъ тўрт муддни ташкил қилади. Бир мудд эса инсоннинг икки кафти сиғдира оладиган миқдордир.
Бу икки ўлчов бирлигининг бугунги грамм ва килограммлардаги миқдорлари билан ўлчаганда бир соъ 2035 гр билан 2600 гр ўртасида бўлади.
ФИТР ЗАКОТИНИ ПУЛ БИЛАН БЕРИШ ЖОИЗМИ?
Асл ҳукм бўйича фитр садақаси буғдой, хурмо, майиз, пишлоқ каби емиш бўладиган, захира қилиб ғамлаб қўйиладиган маҳсулотлардан берилади.
Айрим саҳобийлар ва имом Абу Ҳанифа дохил бир қатор уламолар фитр садақасининг қийматини бериш ҳам жоиз деб айтишган.
ФИТР САДАҚАСИНИ КИМГА БЕРИЛАДИ?
Жумҳур уламоларнинг раъйларига биноан фитр садақасини ҳам худди мол закотини қабул қилиши жоиз бўлган саккиз тоифа муҳтожларга берилади.
Баъзи инсонлар бир вақтнинг ўзида бировларнинг фитр садақасини қабул қилишлари ва ўзлари ҳам бошқа фақиру мискинларга фитр садақа беришларига тўғри келиши мумкин.
Валлоҳу аълам.
ФИТР САДАҚАСИНИ БОШҚА МИНТАҚАЛАРДАГИ МУҲТОЖЛАРГА ЮБОРИШ:
Фитр садақаси, закот ва қурбонликни инсон қаерда истиқомат қилаётган бўлса ўша ерда адо этади. Аммо турган ерида садақага лойиқ одамни топа олмаса ёки бошқа ердагилар муҳтожроқ бўлса, ўша ерга юбориши ҳам жоиз.
Аллоҳ таолодан барча ибодатларимизни қабул айлашини сўраймиз.
Алоқадор мавзулар:
- Фитр садақаси
- Фитр садақаси нима?
- Фитр садақаси ҳақида суҳбат
- Фитр садақаси – Ислом шиорларидан
- Фитр садақаси – меҳрибонлик ва тенглик рамзи
- Фитр садақасининг қийматини берса бўладими?
- Намоз ўқимайдиган одам фитр садақаси берса бўладими?
- Фитр садақаси қийматини Интернет орқали юбориш ўринлими?
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•