Али разияллоҳу анҳу даврларидаги фитналар ҳақида

Бўлимлар: 29. Тарих

Савол. Хулафои рошидин замонларининг охири ҳақида ҳикоя қилиб берсангиз. Усмон разияллоҳу анҳунинг вафотлари, унинг сабаблари… Али разияллоҳу анҳу ва Муовия разияллоҳу анҳу ораларидаги можаро… Бу – тарих ва албатта биз умматнинг давомчилари бундан дарс олишимиз керак. Уламоларнинг бу ҳақда фикрлари қандай бўлган?

Бўстон.

Жавоб. Сизнинг саволингизга ҳозирча қисқа шаклда жавоб берамиз. Сабаблари мавзунинг ниҳоятда узунлиги, вақтимизнинг эса камлигидадир.

Саҳобалар ҳақида сўз кетар экан, аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларини эсга олишимиз даркор:

« لا تسبوا أصحابي ، فلو أن أحدكم أنفق مثل أحد ذهبا ، ما بلغ مد أحدهم ولا نصيفه».

الراوي: أبو سعيد الخدري المحدث: البخاري – المصدر: صحيح البخاري – الرقم: 3673
خلاصة حكم المحدث:  صحيح.

«Менинг саҳобаларимни сўкмангиз. Агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғи баробар олтин садақа қилганда (бу иши) улардан биттасининг бир ҳовуч садақасига ҳам, ярим ҳовуч садақасига ҳам тенг кела олмайди». (Бухорий/3673).

Али разияллоҳу анҳу даврларида мусулмонлар ўрталарида юзага келган мураккаб ҳолат ҳақида Аҳли сунна уламоларининг хулосалари шуки, Али разияллоҳу анҳу лашкарлари билан Муовия разияллоҳу анҳу асҳоблари орасида бўлиб ўтган жанглар ҳар икки томоннинг таъвил ва ижтиҳодлари, қийин вазиятда қабул қилган қарорлари, деб қаралади. Улар ўз ижтиҳодларида ажрга лойиқ, хатода маъзурдирлар. Аҳли сунна эътиқодига кўра икки томондан ҳеч бирини қоралаш жоиз эмас. Негаки, ҳар икки томонда ҳам фақат яхшилик билан танилган улуғ саҳоблар бўлишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ваҳйига суянган ҳолларида ўзларидан сўнг мусулмонлар ораларида фитна урушлари бўлиши ҳақида хабар берганлар.

عن أبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ( لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى يَقْتَتِلَ فِئَتَانِ دَعْوَاهُمَا وَاحِدَةٌ ). رواه البخاري ( 3413 ) ومسلم ( 157 ) .

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «То бир хил даъвони илгари сурган икки тоифа бирбири билан жанг қилмагунча Қиёмат қойим бўлмайди». (Бухорий/3413, Муслим/157).

Бу ҳадисда Расулуллоҳ Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ғайб – келажакда юз берадиган воқеалар ҳақида билдирганлар ва ҳақиқатан улар содир бўлган.

Халифа Усмон разияллоҳу анҳу мунофиқлар қўзғаган фитналар сабабли шаҳид этиладилар. Бу эса ўз навбатида фитна тўзонларининг бутун мусулмонлар диёрини қамраб олишига, оқибатда ҳақиқатни қарор топтириш, деган бир хил талаб билан икки улкан гуруҳнинг уруш гирдобига тортилишига олиб келади.

Мана бу ҳадисда эса у гуруҳларнинг айрим сифатлари зикр этилади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ( تَمْرُقُ مَارِقَةٌ عِنْدَ فُرْقَةٍ مِنْ الْمُسْلِمِينَ يَقْتُلُهَا أَوْلَى الطَّائِفَتَيْنِ بِالْحَقِّ ) .رواه مسلم ( 1064 )

Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмонлар бўлинган маҳалда диндан чиқувчилар чиқиб кетади. Икки тоифадан ҳаққа энг яқин бўлгани уларни ўлдиради». (Муслим/1064).

Ҳадисда мусулмон уммати иккига ажралиши, ҳар икки томон ҳам иймонда ва ҳақ йўлда бўлиши, бу орада учинчи гуруҳ ҳам ўртага чиқиши, улар эса динда тўғри йўлдан озиб кетиши хабар берилган.

Али ва Муовия разияллоҳу анҳу ўрталарида юзага келган можаронинг моҳияти шунда эдики, янги халифа Али разияллоҳу анҳунинг бўйинларида халқ ичида қўзғалган фитналарни бартараф этиш, уммат бирлигини сақлаб қолиш вазифаси турар эди. Усмон разияллоҳу анҳу томонларидан Шомга волий қилиб тайинланган Муовия разияллоҳу анҳу ва у киши билан бирга бўлган шомлик саҳобийлар эса энг муҳим иш мазлум ҳолда ўз уйида ҳалок қилинган халифа Усмон разияллоҳу анҳунинг қотилларини топиб жазолаш, деб билар ва шу талабда қаттиқ турган эдилар. Қотиллар Али разияллоҳу анҳунинг неча ўн минглик тарафдорлари ичига тарқалиб, яширинганлари маълум бўлса ҳам Алининг эндигина тузилган ҳокимиятлари ҳали мустаҳкамланмасдан туриб, бу ишни амалга оширишнинг иложи йўқ эди. Халифалик маркази жойлашган Ироқ аҳли, яъни Али ва у кишининг атрофларидаги саҳобалар Усмоннинг қотилларини жазолаш албатта шартлиги, аммо бундан аввал Ислом диёрида барақарорлик тикланиши зарурлиги, кейин қасосга навбат келишини айтишган. Аммо бу масаладаги келишмовчиликлар ўз ечимини топа олмай охири қуролли тўқнашувга айланган.

Ҳадисда огоҳлантирилганидек, ўша фитнали кунларда Али разияллоҳу анҳу аскарлари орасидан Алидан ҳам, Муовиядан ҳам норози хаворижлар фирқаси пайдо бўлган ва улар Алини ҳам, Муовияни ҳам кофирга чиқарганлар ва шундай қилиб тўғри йўлдан адашганлар. Али разияллоҳу анҳу 12 000 кишилик хаворижлар фирқаси билан музокара олиб бориш учун Абдуллоҳ ибн Аббосни юборадилар. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мунозара ва даъватлари таъсирида хаворижлардан 4000 киши ҳақ йўлга қайтадилар. Аммо қолганлари насиҳат ва тушунтиришларга, маслаҳат ва музокараларга қулоқ солмасдан, ўзларига қўшилмаган одамларни кофир, деб эълон қиладилар ва уларга хужум қилишга, молларини талон-тарож қилишга бошлайдилар. Шундан сўнг Али разияллоҳу анҳу жангга киришиб, уларни тор-мор этадилар. Бу эса олимларнинг таъкидлашларича, ҳадисдаги «ҳаққа энг яқин бўлган тоифа», деган таърифнинг Али разияллоҳу анҳуга тўғри келишини кўрсатади.

وقال ابن كثير – رحمه الله – :

فهذا الحديث من دلائل النبوة ؛ إذ قد وقع الأمر طبق ما أخبر به عليه الصلاة والسلام ، وفيه : الحكم بإسلام الطائفتين – أهل الشام ، وأهل العراق – ، لا كما يزعمه فرقة الرافضة والجهلة الطغام ، من تكفيرهم أهلَ الشام ، وفيه : أن أصحاب علي أدنى الطائفتين إلى الحق ، وهذا هو مذهب أهل السنة والجماعة : أن عليّاً هو المصيب ، وإن كان معاوية مجتهداً ، وهو مأجور إن شاء الله ، ولكن علي هو الإمام ، فله أجران ، كما ثبت في صحيح البخاري من حديث عمرو بن العاص أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : ( إذا اجتهد الحاكم فأصاب فله أجران وإذا اجتهد فأخطأ فله أجر ) . » البداية والنهاية » ( 7 / 310 ) .

Ибн Касир ёзадилар:

«Бу ҳадис пайғамбарлик аломатларидан бири саналади. Негаки, ишлар худди Пайғамбар алайҳисссалом хабар берганларидек воқе бўлди. Бу ҳадисда ҳар икки тоифанинг – аҳли Шом ва аҳли Ироқнинг Исломда экани ҳукм қилинган. Рофиза ва жоҳил, пасткашлар гумон қилганидек Шом аҳли кофир бўлган эмас. Яна ҳадисда Алининг асҳоблари икки тоифанинг ҳаққа энг яқини экани билдирилган. Аҳли сунна вал-жамоа этиқоди шулдирки, гарчи Муовия ижтиҳод билан ҳаракат қилган бўлсалар ҳам Алининг тутган йўллари тўғри эди. Муовия иншоаллоҳ ажр оладилар. Лекин давлат раҳбари Али эдилар, у кишига икки ажр бор. Саҳиҳул-Бухорийда Амр бин Ос ҳадисида собит бўлганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ҳоким ижтиҳод қилса ва масалани тўғри ҳал қилса, бас унга икки ажр бўлади. Агар ижтиҳод қилсаю хатога йўл қўйса, бас унга битта ажр бўлади». (АлБидоя ванниҳоя, 7/310 ).

Саҳобалар замонларида содир бўлган фитналар ҳар қанча нохуш ва афсусли бўлмасин, у зотларнинг Расулуллоҳнинг ёнларида туриб амалга оширган ишларига асло соя солмайди. Расулуллоҳнинг асҳоблари адо этган вазифа инсоният тарихи давомида ҳеч қайси пайғамбарнинг умматига ёки бирор бир халққа насиб бўлмаган улкан ишдир. У зотлар ўтказган умр Қиёматга қадар давом этадиган барча одамзод ҳаёти ва Охиратдан сўнгги абадий ҳаёт учун татийдиган оламшумул умрдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи юборган Ислом динининг бутун оламга таралиши учун восита ўлароқ Расулуллоҳни ҳам, у зотга саҳоба бўладиган бахтли инсонларни ҳам Ўзи танлаган. Шунинг учун ҳам саҳобаларни Аллоҳ Қуръони каримда муҳожир ва ансорийлар, дея мақтаган ва улардан рози бўлганини эълон қилган. Улар иймон, солиҳ амал ва хулқда бутун олам учун намунадирлар.