Шайх Муҳаммадайюб раҳимаҳуллоҳнинг қисқача таржимаи ҳоллари
Шайх Муҳаммадайюб асли Бирма диёридан бўлиб, Маккаи мукаррамага ҳижрат қилган мусулмон оилада 1372 ҳижрий (1952 милодий) санада таваллуд топганлар.
Ёшликларидан исломий тарбия билан улғайиб, 12 ёшга етганларида Қуръони каримни мукаммал ёд олганларлар.
Сўнг бошқа шаръий илмларни ҳам ўрганишда давом этиб, бир қанча уламолардан таҳсил олганлар.
Шайх Муҳаммадайюб устозларидан баъзилари:
1. Шайх Заки Доғистоний
2. Шайх Халил ибн Абдурраҳмон қори
3. Шайх Муҳаммад Саййид Тантовий
4. Шайх Абдулазиз Муҳаммад Усмон
5. Шайх Ажрам Зиё Умарий
6. Шайх Муҳаммадамин Шинқитий
7. Шайх Абдулмуҳсин Аббод
Шайх Муҳаммадайюб ҳаётлари давомида Ислом ва мусулмонларга кўп хизмат кўрсатдилар. Мадинаи мунавварада Масжиди Набавий, Қубо масжиди ва яна баъзи масжидларда имом-хатиблик қилдилар. Жомиати Исломияда Қуръон ва тафсир илмларидан узоқ йиллар давомида дарс бериб келдилар.
Мадинаи мунаввара уламоларидан яна бирлари ватандош устозимиз шайх Абдулазиз қори ҳафизаҳуллоҳ шайх Муҳаммадайб ҳақларида «охирги 50 йил ичида Масжиди Набавий меҳробида, таровиҳ намозларида имомлик қилган қориларнинг энг яхшиси», деб айтган эдилар.
Шайх Муҳаммадайюб бугун 1437 ҳижрий сана 9-ражаб шанба куни бомдод намозидан сўнг фоний дунёдан Охират ҳаётига риҳлат қилдилар.
Аллоҳ таоло шайхимизни Ўз раҳматига олиб, жойларини Фирдавс жаннатларида қилсин, бизларни ҳам ҳақ йўлда собитқадам айлаб, жаннатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлишга етказсин …
«Ислом Овози» таҳририяти