Қабрларни бузган фитначилар
1995 йил октябр ойининг тунларидан бирида Тошкентдаги Ваққос ота қабристонида 260 қабр номаълум кимсалар томонидан бузиб кетилди.
Ўша атрофда яшайдиган одамлар шу кечаси бир автобус аскарлар қабристондан чиқиб кетаётганини кўришган.
Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида фавқулодда мажлис ўтказилди.
Унда ИИВ мулозими Қутбиддин Бурҳонов асабий ҳолда нутқ сўзлаб, муфтий Мухторхон ҳожига қараб шундай деди:
“Тақсир, сизга неча бор айтдик, агар кучингиз етмаётган бўлса, бизга мурожаат қилинг, биз бу ваҳҳобийларнинг таъзирини ўзимиз бериб қўямиз!”.
Бу мажлисга чақирилган ўша пайтдаги имомлар ичида устозимиз Обидхон қори ака ҳам бор эдилар.
Қори ака мажлисдан кейинги жумада ушбу фитнани уюштирган кимсаларга батафсил раддия бериб маъруза қилганлар.
Биз иншааллоҳ келаётган жума куни ана шу маърузани эътиборларингизга ҳавола этамиз, зеро бу мавзу ҳалигача ўзининг долзарблигини йўқотган эмас.
Қори ака радиосуҳбатлардан бирида мажлис таассуротлари ҳақида қуйидаги сўзларни айтган эдилар:
«Ўшанда (1995 йил) таҳдидлар ва руҳий босим остида ўтган мажлисдан чиқар эканмиз, ҳукумат жуда ҳам жиддий ишларга тайёрланаётганини ҳис қилган эдик. Кейинги воқеалар қандай бўлгани ҳаммага маълум».