Қори ака тилга олган Тоҳиржон Тоҳир Йўлдош эмас
2012 йилнинг 26 феврал куни «Замондош» интернет телевидениеси таниқли мухолифатчи Жаҳонгир Муҳаммад билан «Обидхон қори Назаровга нима бўлди?!» мавзусида суҳбат уюштирди. (http://www.youtube.com/watch?v=fw5x9x3JA8E). Суҳбатда ҳурматли Жаҳонгир Муҳаммад устозимиз Обидхон қори Назаров ҳақларида бир қатор илиқ сўзларни айтдилар. Бунинг учун биз у кишига миннатдорчилик билдирамиз.
Шу билан бирга «Ислом Овози» сайти таҳририяти суҳбатда йўл қўйилган бир англашилмовчиликка тузатиш киритишни лозим деб топди. Гап шундаки, суҳбат чоғида Жаҳонгир Муҳаммад ўзларининг «Исломий баҳслар» китобларидан ўрин олган бир савол-жавоб хусусида гапирдилар. Айтилишича, бир мажлисда Обидхон қори акадан Тоҳиржон исмли киши ҳақларида сўрашган. Қори ака бунга жавобан: «…Тоҳиржон бизнинг ноибимиз. Бу киши, алҳамдулиллоҳ, соғ-саломат. У кишига дин душманлари душманлик қилдилар…» деган сўзларни айтганлар. Бу жавобдаги Тоҳиржонни Жаҳонгир ака Ўзбекистон Исломий Ҳаракати собиқ раҳбари Тоҳир Йўлдош деб тушунганлар.
Аслида эса бу савол 1993 йилнинг бошидан 1996 йилгача «Тўхтабой» масжидида имом Обидхон қори Назаровнинг ноиби (ёрдамчиси) бўлиб ишлаган, 1970 йилда туғилган тожикистонлик Тоҳиржон Иброҳимов ҳақида бўлган.
1995-1996 йилларда Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори ака ва у кишининг атрофидагиларга нисбатан ҳеч бир асоссиз кураш бошлаган. 1996 йили қори ака ноқонуний тарзда масжид имомлигидан бўшатилдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати «Тўхтабой» масжиди имоми ноиби Тоҳиржон Иброҳимовнинг бошқа мамлакат фуқароси эканини важ қилган ва у кишига нисбатан макр-ҳийлалар уюштириб, Ўзбекистондан бадарға қилган. Жаҳонгир Муҳаммад тилга олган савол қори акага айнан шу воқеалар жараёнида берилган.
Орадан йиллар ўтиб, Тоҳиржон Иброҳимов Қозоғистонга кўчиб ўтган ва Қозоғистон фуқаролигини қабул қилган. У киши ҳозирда Астана шаҳридаги «Шубар» масжидида имом-хатиб вазифасида ишлаб келмоқда.