Аллоҳга яқинроқ бўлайлик!
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳга яқинроқ бўлайлик!
(Таҳририятга келаётган кўплаб мактубларга жавоб ўрнида)
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!
Устозимиз Обидхон қори акага қарши суиқасд содир этилганига ҳам 15 кун бўлди. Таҳририятга ушбу мудҳиш ҳодисага муносабат билдириб ёзилган хатлар келишда давом этмоқда.
Аввалроқ баён қилганимиздек, барча мактубларнинг муаллифлари Аллоҳдан қори аканинг тез кунда шифо топиб, яна дин хизматига қайтишларини сўрамоқдалар ва у кишининг аҳли-оилаларига сабр-тоқат тиламоқдалар. Хат эгаларининг аксари бу жиноятни содир этган, уни буюриб ташкиллаштирган кимсаларни қаттиқ дуоибад қилаяптилар.
Мактубларнинг баъзилари Обидхон қори акага яқин бўлган, у кишини бевосита таниган инсонлардан келган. Айримлари эса тўғридан-тўғри қори аканинг оилаларига, у кишининг фарзандлари Довудхонга аталган. Мактуб эгалари оилалари ва фарзандлари билан бирга ҳар куни устознинг ҳақларига дуода эканлари, гарчи орадаги масофа узоқ бўлса ҳам, ушбу қийин вазиятда бу оила билан руҳан бирга эканликларини билдирганлар. Довудхон ва оналарининг ҳозирги пайтда имкониятлари чеклангани сабабли бу хатларга ҳам биз таҳририят номидан умумий қилиб жавоб беришга ҳаракат қиламиз, иншоаллоҳ.
Кўпчиликни хавотирга солаётган савол у кишининг соғликлари ҳақида, бугунги кундаги ҳолатлари қандайлиги тўғрисида бўлаяпти. Қори аканинг шогирдлари, ёр-биродарлари ва мухлислари биздан ҳар куни бўлмаса ҳам, икки-уч кунда бир устознинг аҳволлари ҳақида ахборот бериб боринглар, деб илтимос қилишаяпти.
Раббимизга беҳад шукрлар бўлсинким, устозимиз ҳали ўзларига келмаган бўлсалар-да, алҳамдулиллоҳ, ҳаётлар. Меҳрибон ва раҳмли Парвардигор у кишини Ўзи асраб, ёвуз ниятли душманларнинг қўлидан омон сақлаб қолди. Устозимизнинг мана шу ҳолатда бўлишлари ҳам биз учун катта неъмат, бу нарса учун Раббимизга эртаю кеч ҳамд ва сано айтишимиз лозим. Биз, қори аканинг шогирдлари, у киши ҳаёт эканликларининг ўзи яхшилик аломати, деб умид қиламиз. Аллоҳ таолодан қори акамизга комил шифо ато этиб, тезроқ сафимизга қайтаришини сўраймиз ва Унга дуолар қиламиз.
Aфсуски, қори акамизнинг хавфсизликлари ва тергов манфаатларидан келиб чиқиб, у кишининг ҳолатлари тафсилотига кириша олмаймиз. Бу нарсани сиз азиз биродарлар тўғри тушунасизлар, деган умиддамиз. Ҳозир сизлардан яна ҳам кўпроқ дуода бўлишингизни, жамоат ва жумъа намозларида устозни қайта-қайта эслаб туришингизни илтимос қиламиз.
Бундай синовли кунларда қилаётган дуоларимиз қабул бўлиши учун тақвога эътибор бермоғимиз, фарз намозларини ўз вақтида бекаму кўст бажармоғимиз, нафл ибодатларни кўпайтирмоғимиз ва кўп зикру тиловат билан машғул бўлмоғимиз лозим.
Биз мактуб муаллифларининг барчаларига яна бир бор ўз номимиздан ва қори аканинг оилалари номидан чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Яхши тилак, истак ва дуоларингиз учун ташаккурлар айтамиз. Парвардигори олам барчаларингизнинг ажр-мукофотларингизни зиёда қилиб берсин.
Аллоҳдан устозимизга шифо ва бошқа ҳожатманд мусулмонларга мадад ато этишини сўраб қоламиз.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!