Таҳририят билдириши
بسم الله الرحمن الرحيم
Таҳририят билдириши
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!
Устозимиз Обидхон қори акага қарши 22 феврал куни содир этилган ҳужум муносабати билан таҳририятга кўплаб хатлар келишда давом этмоқда.
Бу мактублар Аллоҳ таолодан қори акага шифо ҳамда у кишининг аҳли-оилаларига сабр тилаб ёзилган. Қори аканинг баъзи мухлислари дори-дармон учун моддий ёрдам бериш ниятида ҳисоб рақами беришимизни сўрашган. Яна бир мактуб эгалари эса ўзларининг Европа давлатларидан бирида шифокорликка ўқишларини ва кучли жарроҳларни танишларини айтиб, тиббий ёрдам бериш истагини билдирганлар. Шу билан бир қаторда айрим биродарлар қори аканинг саломатликлари ҳақида тез-тез хабар бериб туришимизни сўрашяпти.
Биз бу мактуб эгаларининг барчаларига ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда мана шундай синовли пайтларда дуо қилиб, яхши тилаклар билдириб, ёрдам қўлини чўзадиган биродарлар кўплиги учун Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз.
Ҳозирча айтишимиз мумкин бўлган нарса шуки, устозимизнинг аҳволлари шифокорлар томонидан барқарор дея баҳоланмоқда. Афсуски, тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бундан бошқа маълумотларни ҳозир ошкор қила олмаймиз.
Ҳозирги ҳолатда барчамиз устознинг ҳақларига Аллоҳдан кўпроқ дуо-илтижо қилиб турсак, мана шу нарса у кишига катта ёрдамимиз бўлади, иншоаллоҳ. Аллоҳ моддий ва маънавий ёрдам бермоқчи бўлган барча биродарларимизнинг ажрларини зиёда қилсин. Устозимизга ва ер юзидаги барча дардманд мусулмонларга шифо ато этсин. Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлаётган дин душманларига Ўзи кифоя қилсин.