Ўнинчи дарс: Ухлаш одоби (янгиланган)

Ухлаш одоби

* * *

  1. Уйқу роҳат ва ибрат;
  2. Уйқуга тайёргарлик;
  3. Уйқу одоблари;
  4. Макруҳ амаллар;
  5. Рухсат сўраш.

* * *

1. Уйқу – роҳат ва ибрат

Уйқу – роҳат. Инсон ишлаб чарчагандан сўнг дам олишни истайди. Болалар ҳам кундузи ўйнаб чарчайдилар. Кечқурун бўлганда улар маза қилиб ухлаб, дам оладилар. Эртанги кун учун куч тўплайдилар. Болалар ухлаганларида чарчоқлари чиқиб кетади. Улар уйқудан турсалар, яна аввалгидай кучли бўлиб қоладилар.

Уйқу – Аллоҳнинг бизга берган неъмати. Агар Аллоҳ уйқуни бермаганда биз жуда қийналиб кетар эдик. Меҳрибон Аллоҳ уйқуни биз учун роҳат қилиб яратган. У Қуръонда бундай деган:

{ وَجَعَلْنَا نَوْمَكُمْ سُبَاتًا } (النبأ-9)

«Биз уйқунларингизни роҳат қилиб яратдик». (Ан-Набаъ, 9).

Уйқу – ибрат. Дунёда ибрат бўладиган нарсалар кўп учрайди. Уйқу ҳам ана шулардан бири. Уйқунинг ибрат бўладиган томони шуки, у ўлимга ўхшайди.

Инсон вафот бўлса, унинг ҳамма аъзолари ҳаракатдан тўхтайди. Улар қайтиб ишламайди. Одам ухлаганда ҳам унинг кўпгина аъзолари ишлашдан тўхтайди. Кўзлар юмилади. Қўл-оёқлар қимирламайди. Ақл ишламай туради. Бу бизга ўлимни эслатади.

Ухлаган одам ўнг ёни билан ётади. Вафот этган одамни ҳам қабрга ўнг томонига ёнбошлатиб ётқизилади.

Аллоҳ Қуръонда уйқуни ўлимга, ухлаган одамни эса ўликка ўхшатган:

{ وَهُوَ الَّذِي يَتَوَفَّاكُم بِاللَّيْلِ }(الأنعام-60).

«У шундай Зотки, сизларни кечқурун вафот эттиради». (Анъом/60).

Ўлимни эслаган одам гуноҳ қилишдан қўрқади. Одамларга ҳам фақат яхшилик қилади.

 2. Уйқуга тайёргарлик

Болалар кечқурун бўлганда «Мен эртароқ ётишим керак», деган фикрни хаёлларига келтирсалар, яхши бўлар эди. Чунки эртароқ ётиш суннатдир.    

عَنْ أَبِي بَرْزَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم كَانَ يَكْرَهُ النَّوْمَ قَبْلَ الْعِشَاءِ وَالْحَدِيثَ بَعْدَهَا.

 رواه البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ .

Абу Барза разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозидан аввал ухлашни, хуфтондан сўнг гаплашиб ўтиришни ёқтирмас эдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Тарбияли болалар кечки овқатни еб бўлиб, дарс тайёрлайдилар. Сўнг хуфтон намозини ўқийдилар. Шундай кейин бошқа ишга ёки ўйинга берилмасдан ухлайдилар. Чунки эрта ётган бола эрта уйғонади. Кечқурун соат 9да ҳамма болалар уйқуга ётган бўлишлари керак. Баъзи болалар узоғи билан кеч соат 10да ухлашлари мумкин.

Маълумки, бир ишга киришишдан аввал тайёргарлик кўрилади.

Уйқуга ётишдан аввал мана бу ишларни бажариш лозим:

  1. Эшикларни қулфлаш;
  2. Овқатлар устини ёпиш;
  3. Техника асбобларини ўчириш;
  4. Тишларни ювиш ёки таҳорат олиш;
  5. Олов ва чироқни ўчириш.

Техника асбоблари ишлаб турган пайтда улардан кўзга кўринмайдиган нурлар таралади. Бу нурлар инсон соғлиғига салбий таъсир қилади. Шунинг учун уларни ишлатиб бўлиб, ўчириш керак.

Ётишдан аввал тишларни ювиш ва таҳорат олишнинг ҳам фойдаси жуда кўп. Таҳоратли бола тинч ухлайди. Унга иншоаллоҳ шайтонлар зарар қила олмайди.

3. Уйқу одоблари

Ўринга ётиш олдидан қилинадиган амаллар:

  1. Ўринни тайёрлаш ва текшириш;
  2. Уйқу кийимида бўлиш;
  3. Оятулкурсийни ўқиш;
  4. Ўзига дам солиш (охирги учта сура).

Ўринга ётган пайтда қилинадиган амаллар:

  1. Ўнг томонга ёнбошлаб ётиш;
  2. Ўнг кафтни ўнг юзга қўйиб ётиш;
  3. Юзини Қиблага қилиб ётиш;
  4. Уйқу дуосини ўқиш.

Уйқу дуолари қуйидагича:

o       بِسْمِكَ اللَّهُمَّ أَمُوتُ وَأَحْيَا.

o       اللَّهُمَّ  قِنِي عَذَابَكَ يَوْمَ تَبْعَثُ عِبَادَكَ.

o       بِاسْمِكَ رَبِّ وَضَعْتُ جَنْبِي وَبِكَ أَرْفَعُهُ إِنْ أَمْسَكْتَ نَفْسِي فَارْحَمْهَا وَإِنْ أَرْسَلْتَهَا فَاحْفَظْهَا بِمَا تَحْفَظُ بِهِ عِبَادَكَ الصَّالِحِينَ.

4. Макруҳ амаллар

Уйқуга ётган пайтда мана бу ишларни қилиш макруҳдир;

  1. Авратларини ёпмасдан ётиш
  2. Қорин билан ётиш;
  3. Оғзида овқат билан ётиш;
  4. Ётиб китоб ўқиш;
  5. Ётиб Қуръон ўқиш

5. Рухсат сўраш

Уйда мактаб ёшидаги болалар учун алоҳида хоналар бўлгани яхши. Қиз болалар бошқа, ўғил болалар бошқа хонада ётадилар. Ухлаш вақти бўлганда бир-бирининг хонасига рухсатсиз кирилмайди. Шунингдек, қизлар ҳам, болалар ҳам уйқу пайтида ота-онанинг хонасига кирмасликлари керак.

Агар бирор зарур иш чиқиб қолиб, ухлаб ётган одамни чақириш керак бўлса нима қилинади? Бундай пайтда хонанинг эшигини тақирлатиш лозим. Ёки эшик орқасидан туриб чақирилади.

Ҳали тили чиқмаган ёки боғча ёшидаги болалар ота-оналари билан битта хонада ётишлари мумкин.

 Аввалги…