«Янги йил дуоси» ҳақидаги эътирозга жавоб

Абдуллоҳ ибн Ҳишом Ал-Қураший Ат-Таймий розияллоҳу анҳумо ривоят қилган дуони таржимаси билан Ислом Овози саҳифасида эълон қилганимиздан сўнг биродарларимиздан бирлари эътироз билдирдилар, гўё биз бу ривоятни нотўғри таржима қилиб, янги йилни байрам қилишга чақираётган эканмиз.

Жавобимиз заруратсиз узайиб кетмаслиги учун асосий иккита нуқтага тўхталиш билан кифояланамиз.
Аввало, шу ўринда бизга эътироз билдирган биродаримиз соф динимиз учун қайғуриб, суннати набавийя ҳимояси йўлида ҳаракат қилганликлари учун у кишига ташаккуримизни изҳор этамиз. Турли-туман бидъатларни рад этиб, динимизни мусаффо ҳолида асраб, ҳимоя қилиб туришга ҳаракат қилаётган барча мўммн-мусулмонлардан Аллоҳ рози бўлсин. Холис ният билан суннати набавийяга амал қилиб яшаш барчамиз учун бутун ҳаётимиздаги энг зарур бурчдир.

Биринчи нуқта: таржима қилишда хато қилмаганлигимиз.

Буни исботлаб ўтиришга муҳтож эмасмиз деб ўйлаймиз. Араб тилини ҳам ўзбек тилини ҳам яхши билган кишилар таржималаримиз тўғри бўлаётганини билиб, кузатиб боришмоқда деган умиддамиз. Бир тилдан бошқа тилга таржима қилишда баъзи ўринларда қавс ичига олиб изоҳ бериб ўтиш зарурати пайдо бўлиши шу соҳадаги барча мутахассисларга маълум ҳақиқат.

Иккинчи нуқта: саҳиҳ ривоят билан Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳумодан собит бўлган дуонинг ёнига ҳеч қандай қўшимча амал – янги йилни байрам қилиш деган нарсани қўшмаганлигимиз.

Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳумо саҳобаи киромларнинг номларидан сўзлаб ўргатган дуолари аввал эълон қилганимиздек қуйидагича:
«اللَّهُمَّ أدْخِلْهُ عَلَيْنَا بِالأمْنِ وَالإيمَانِ، وَالسَّلاَمَةِ وَالإسْلاَمِ، وَجِوَارٍ مِنَ الشَّيْطَانِ، وَرِضْوَانٍ مِنَ الرَّحْمَنِ».
Ушбу дуонинг арабча ўқилишини крилл алифбосида қуйидагича ёзиш мумкин:

«Аллоҳумма адхилҳу алайнаа бил-амни вал-иймаан, вас-салаамати вал-ислаам, ва живаарин минаш-шайтон, ва ризваанин минар-Роҳмаан».

Бу дуони ҳар бир қамарий ой тугаб, ундан кейинги қамарий ой бошланганда, шунингдек, зулҳижжа ойи тугаши билан ана шу ҳижрий йил якун топиб, муҳаррам ойи кириши билан ундан кейинги ҳижрий сана бошланганда ўқилади. Бу билан янги йилни байрам қилиб нишонлаётган бўлмаймиз. Балки, саҳобалар ўргатган дуони ўқиб дуо қилган бўламиз ва бу дуони қамарий ой ва ҳижрий сана бошланаётганда ўқиймиз, милодий ой ёки милодий йил бошланаётганда эмас. Милодий ой ва милодий йил биз – мусулмонларники эмас, биз уларга қараб ўтирмаймиз.

Қисқа жавобимиз шундай. Бу жавобни ҳам, Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳумо ривоят қилган дуонинг таржимасини ҳам Ислом Овози саҳифасига тайёрлаб тақдим этган биродаримиз / Муҳиддин Обидхон ўғли
Муҳиддин Обидхон ўғли таржимаи ҳоли билан танишишни истаган биродарлар қуйидаги ҳаволага киришлари мумкин: