Зулмга шерик бўлиш хатари

«Биз тепадан келган буйруқни бажаришга мажбурмиз, бизларни тўғри тушунинглар…» деб халққа зулм қилаётганлар диққатига

Мазҳаббошлардан бирлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўша даврдаги мусулмон давлат фармонига биноан қамоққа ташланганларида посбон у кишидан сўради:

Золимлар ва уларнинг ёрдамчилари ҳақида ворид бўлган ҳадис саҳиҳми?

Имом Аҳмад жавоб бердилар: Ҳа.

Шунда посбон яна савол берди: Демак, мен золимларнинг ёрдамчиларидан эканман-да?

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтдилар:

«Золимларнинг ёрдамчилари сенинг сочингни олиб (тартиблаб) турадиган, кийимларингни ювиб, овқатингни пишириб берадиган, сен билан олди-сотди қиладиган кишилар. Сен эса, золимларнинг айни ўзларидансан!».

(Ибнул-Жавзийнинг Маноқибул-имом Аҳмад китоби: 431-бет, Ибн Муфлиҳнинг Ал-Фуруъ китоби: 11/145)

 

Золимлар ва уларнинг ёрдамчилари ҳақида собит бўлган ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Мендан кейин (золим) амирлар (раҳбарлар) келади, уларнинг ҳузурига кирадиган, уларнинг ёлғонларини тасдиқлайдиган, зулмларига ёрдам берадиган кимсадан мен безорман, ундай кимса менданмас (менга эргашган умматимдан ҳисобланмайди. Ундай кимсалар Қиёмат куни Кавсар) Ҳавзи олдида менинг ҳузуримга келолмайди…».

(Термизий, Насоий, Ҳоким ривоятлари)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi