Коронавирусга қарши энг кучли «вакцина» ва шифо

Ислом динимизда, алҳамду лиллоҳ, шундай кучли дори-дармон, шифою «вакцина»лар борки, уларни бошқа ҳеч қаердан топиб бўлмайди ва улар шак-шубҳасиз Аллоҳнинг изни ила ҳақиқий шифо ва ҳимоядир.

Шариатимиз таълимотидаги бу илоҳий дори-дармонлар беморларни даволайди, соғломларни турли-туман вируслардан, касалликлардан асрайди. Биздан фақат иймон – тўла ишонч ила тўғри ўқиш ва шартларига амал қилиш талаб қилинади холос.

Шулардан бири мисол учун қуйидаги муборак зикр.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учинчи халифалари амирул-муъминин Зун-Нурайн Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Кимки (қуйидаги зикрни) кеч кирганда уч марта айтса тонг отгунга қадар унга ҳеч қандай бало тегмайди. Яна кимки уни тонг отганда уч марта айтса кеч киргунга қадар ҳеч қандай бало тегмайди:

بسمِ اللهِ الذي لا يَضرُ مع اسمِه شيءٌ في الأرضِ ولا في السماءِ وهو السميعُ العليمِ

Арабча матнининг крилда ёзилиши:

«Бисмиллаҳиллазий лаа язурру маъасмиҳи шайъун фил-арзи ва лаа фис-самааи ва ҳувас-самийъул-алийм»

Маъноси:

«Аллоҳнинг номи билан (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг паноҳига, ҳимоясига кираман). У шундай Зотки, Унинг исми (зикр қилинганда) Ерда ҳам осмонда ҳам бирон нарса зарар келтиролмайди. Ва У Зот Ас-Самийъ (барча нарсаларни эшитиб турувчи), Ал-Алийм (барча нарсаларни билиб турадиган) Зотдир».

(Саҳиҳи Сунани Аби Довуд: 5088-ҳадис, Сунани Термизий: 3388-ҳадис)

 

Ушбу ва бундан бошқа яна кўпдан кўп саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган зикру дуолар бутун инсоният учун улкан қўрғон. Унинг ичида дорихонаю шифохоналари ва бошқа буюк қалъалари бор.

Айни дамда ана шу зикру дуолар билан бирга моддий сабаблар сифатида қабул этилган дорилардан ишончли дўхтирлар тавсиясига биноан фойдаланишга шариати исломийя тарғиб этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтадилар:

«Аллоҳ азза ва жалла қандай бир касаллик нозил қилган бўлса, албатта унга шифо бўладиган нарсани ҳам нозил қилиб (яратиб) қўйган. Уни (қидириб, изланиб, ўрганиб) билганлар билади, билмаганлар (изланмай, ўрганмай юраверганлар) билмайди».

(Муснади Аҳмад: 6/159)

Яна бир ҳадисда аъробийлар савол беришгани ривоят қилинади:

Эй Расулуллоҳ, (касал бўлиб қолсак) даво изламайликми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Зеро, Аллоҳ бирон бир касаллик яратса, албатта унинг давосини (яна бир ривоятда: унинг шифосини) ҳам яратиб қўйган бўлади, фақат битта касаллик бундан мустасно».

– Қайси касаллик у эй Расулуллоҳ?

Жавоб бердилар:

– «Ал-Ҳарам!». (Яъни, қариб, кексайиб, ажали етиб вафот этиш).

(Сунани Термизий: 2038-ҳадис)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi