Аёл ва илм сафари

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол:

Ҳозирги вақтда кўпчилик муслима хотин-қизлар узоқ жойларга ўқишга бораяптилар. Шу масала юзасидан саволим бор эди. Агар аёл ёки қизнинг боши очиқ бўлса, яъни ҳеч кими бўлмаса, қариндоши ҳам йўқ, ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, эри ва бола-чақалари ҳам бўлмаган ҳолда узоқ жойга чиқиш масаласи қандай бўлади?

Яна агар, турмушга чиқмаган хотин-қизларнинг ота-онаси, ака-укалари бўлгани ҳолда узоқ жойга чиқиш масаласи қандай бўлади? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Хурматбек.

 

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Ислом динимизда илм ўқиш эркаклар қатори аёллар ва қизлар учун ҳам фарз.

عن أنس بن مالك قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم

طلب العلم فريضة على كل مسلم

ابن ماجه

Бу ерда илм деганда ҳалол нима, ҳаром нима, иймон нима, куфр нима, ҳақ қайси, ботил қайси, мана шуларни ажрата билиш тушунилади.

Аммо ҳаммага маълумки, аёл киши уч кунлик ерга маҳрамсиз сафар қилиши мумкин эмас.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ

لَا تُسَافِرْ الْمَرْأَةُ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ إِلَّا مَعَ ذِي مَحْرَمٍ

البخاري

Агар кимдир “Ислом аёлларнинг ҳуқуқини чеклаб қўйган” деса, унга айтамизки, “Йўқ, Ислом аёлларнинг ҳаққини чекламган, балки динимиз аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя остига олган ва шу мақсад йўлида аниқ ва самарали чораларни белгилаган”.

Масалаларни тўлиқ тушуниш учун таққослаш услубидан фойдаланган яхши. Агар биз эркакларнинг илм олиш шароитларини аёлларники билан солиштирсак, масала яна ҳам ойдинроқ бўлади, иншоаллоҳ.

Маълумки, илм олиш учун эркакнинг ҳам ўзига яраша шароити бўлиши керак. Илм олишни орзу қилган ҳар қандай йигит “Бўлди, мен кетдим!” деб чамадонни қўлга олиб, истаган томонга кета олмайди. Бир ерга сафар қилиш учун қанча шартларни бажариш керак: Керакли ҳужжатлар, йўлнинг бехавотирлиги, модий қодирлик, ота-она розилиги, оилали бўлса уларнинг таъминоти, хавфсизлиги ва ҳоказо. Бу шартларни бажаришда ҳеч ким: “Ие, бунақада эркакларнинг ҳуқуқи чекланиб қолади-ку”, деб айтмайди.

Худди шу каби аёл кишининг ёки қиз боланинг сафар қилишида ҳам бир қатор шартлар борки, уларни ҳал қилиш лозим. Шу шартлардан бири аёл кишининг маҳрамсиз сафарга чиқиши мумкин эмаслигидир.

Аёл ва қизларнинг яхши ният билан сафар қилиб, ёмонлар қўлига тушиб қолгани ҳақида воқеалар кам эмас. Нафақат аёллар, балки эркаклар ризқ излаб уйдан чиқиб бир умрга қайтиб келмаган ёки совуқ жасадлари келтирилган ҳолатлар қанча. Қаранг, урушга эмас, тинч замонда ишлашга кетиш қанчалик қимматга айланади баъзилар учун.

Қозоғистон ёки Россияда қул бўлиб, қўлдан-қўлга сотилиб кетган йигитлар қанча.

Бир ерга сафар қилишдан аввал эркаклар эҳтиёт чораларни кўришлари, шубҳали гуруҳларга қўшилиб қолишдан ўзларини сақлашлари жиддий масала бўлиб турган бир пайтда, мусулмон аёллларнинг маҳрамсиз сафар қилиши устида баҳслашишга ўрин қоладими? Аёл кишининг маҳрамсиз сафар қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида уламолар томонларидан чиқарилган эмас, айнан Расулуллоҳнинг сўзларидир.

“Қариндоши ҳам йўқ, ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, эри ва бола-чақалари ҳам бўлмаган ҳолда узоқ жойга чиқиш масаласи қандай бўлади?” деган саволни эсласак, аввало шуни айтиш лозимки, бундай ҳолат жуда нодир ҳодиса. Ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, эри ва бола-чақалари ҳам бўлмаган қиз ўз-ўзидан катта бўлиб қолмайди-ку?! Унинг тарбия қилган кишилар қаерда?! Савол бераётганда бу нарсалар яшириб кетилмаяптими? Туқққан онаси ва асл отаси бўлмаса, эмизган онаси бордир? Ким эмизган уни? Ўша эмизган аёл бунга она, у аёлнинг эри ота, фарзанлари ака-ука, опа-сингил бўлади. Яна аммо-хола, тоға-амаки дейилгувчилар бўлади. Улар ҳам бу қиз учун ҳимоячи ва жавобгар бўладилар. Ўқишга ҳам ана ўшаларнинг ҳимоясида ва маҳрам ҳамроҳлигида бориши мумкин.

Агар бунинг иложи бўлмаса, бундай қиз, яъни балоғатга етган муслима, ибодатли қиз бўлса ва илм олиши учун шароитга эга бўлмаса, валлоҳу аълам у учун энг тўғри йўл – ўзига муносиб бир мусулмон йигитга турмушга чиқиш. Чунки у қаерга борса ҳам унга бериладиган савол маълум: Бу қиз турмушга чиққанми? Эри борми? Ота-онаси қаерда?

Агар “Ҳеч кими йўқ” деган жавоб бўлса, унинг ҳолидан воқиф бўлган бегона эркак ёки йигитларнинг хаёлига нима келади? “Ҳеч кими йўқ бўлса, демак уни мен ўзимга олволсам бўларкан…” деб ўйлайди баъзилар.

Дунёда нима кўп нафсига қул бўлган ваҳший одамлар кўп. Ундайларга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Одам ўғрилари Аллоҳ асрасин ҳамма ерда бор. Бугунги ривожланган дунёнинг ҳал бўлмаётган муаммоларидан бири – oдам савдоси.

«Tурмушга чиқмаган хотин-қизларнинг ота-онаси, ака-укалари бўлгани ҳолда узоқ жойга бориш масаласи қандай бўлади?»

Бундай ҳолатда энг аввало масъулият у қизнинг ота-онаси, ака-укалари елкасига юкланади. Улар қиз муҳтож бўладиган шароитни яратиб беришлари лозим. Агар қизларининг узоқ жойга сафар қилишини ўринли деб топсалар, уни маҳрам ҳамроҳлигида жўнатишлари зарур.

Бу айтилганлар билан бир қаторда муслима қизларнинг ўзлари ҳам масъулият ҳис қилишлари, ақл ва тақво билан иш тутишлари даркор…

•┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграми

https://t.me/islomovozi