Қуёш тутилиши муносабати билан
АЛЛОҲ ТАОЛО ЧЕКСИЗ ҚУДРАТИНИ НАМОЙИШ ЭТИБ БУТУН ОЛАМНИ ЯГОНА ЎЗИДАН ҚЎРҚИБ ТУРИШГА ЧОРЛАЙДИ
Муҳтарам ака-укалар, қадрдон опа-сингиллар…
Бир неча соатлардан сўнг қатор мамлакатларнинг осмонида Қуёш тутилиши рўй беришини хабарлардан кузатиб турган бўлсангиз керак.
Қуёш тутилиши ҳижрий ойнинг якунида ёки янги ҳижрий ой бошланаётган пайт (милодий йилнинг ўрталари ва охирларида) кундузи рўй беради. (Ой тутилиши эса, ҳижрий ойнинг ўрталарида – Ой тўлин бўлган пайт кечқурун рўй беради).
Буюк Парвардигоримиз яратган коинотдаги ғайриоддий воқеалар бандаларни куфру ширк, зулму туғён, гуноҳу маъсиятлардан қўрқитиб туриш учун тақдир қилиб қўйилган улкан илоҳий мўъжизалардан.
Аллоҳнинг мўъжизаларидан кўзланган айрим ҳикматлар ҳақида қатор ояти карималар ва ҳадиси шарифлар собит бўлган.
Чексиз қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Меҳрибон Раббимиз Исро сурасининг 59-ояти якунида огоҳлантириб айтади:
{وَمَا نُرْسِلُ بِالْآيَاتِ إِلَّا تَخْوِيفًا}
الإسراء: 59
«Биз оятларни – мўъжизаларни фақат (бандаларимизни залолатдан, ҳалокатдан, азобу уқувбатлардан) қўрқитиш учунгина юборурмиз».
(Исро сураси, 59-оят)
Ундан кейинги оятнинг охирида ҳам хабар беради:
{وَنُخَوِّفُهُمْ فَمَا يَزِيدُهُمْ إِلَّا طُغْيَانًا كَبِيرًا}
الإسراء: 60
«Биз (одамларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу (мўъжизалар) уларни (яъни, кўпчилик одамларни) баттар туғёнга солур».
(Исро сураси, 60-оят).
Ҳуд сурасининг қуйидаги ояти карималарида эса Аллоҳнинг мўъжизаларига иймон келтирадиган мўминлар билан, унга кофир бўладиган кофиру золимлар ҳақида огоҳ этади:
{… وَمَن يَكْفُرْ بِهِ مِنَ الْأَحْزَابِ فَالنَّارُ مَوْعِدُهُ ۚ فَلَا تَكُ فِي مِرْيَةٍ مِّنْهُ ۚ إِنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّكَ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يُؤْمِنُونَ (17) وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّهِ كَذِبًا ۚ أُولَٰئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَىٰ رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الْأَشْهَادُ هَٰؤُلَاءِ الَّذِينَ كَذَبُوا عَلَىٰ رَبِّهِمْ ۚ أَلَا لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ (18) الَّذِينَ يَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ وَيَبْغُونَهَا عِوَجًا وَهُم بِالْآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ (19) أُولَٰئِكَ لَمْ يَكُونُوا مُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا كَانَ لَهُم مِّن دُونِ اللَّهِ مِنْ أَوْلِيَاءَ ۘ يُضَاعَفُ لَهُمُ الْعَذَابُ ۚ مَا كَانُوا يَسْتَطِيعُونَ السَّمْعَ وَمَا كَانُوا يُبْصِرُونَ (20) أُولَٰئِكَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنفُسَهُمْ وَضَلَّ عَنْهُم مَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ (21) لَا جَرَمَ أَنَّهُمْ فِي الْآخِرَةِ هُمُ الْأَخْسَرُونَ (22) إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَخْبَتُوا إِلَىٰ رَبِّهِمْ أُولَٰئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ (23) مَثَلُ الْفَرِيقَيْنِ كَالْأَعْمَىٰ وَالْأَصَمِّ وَالْبَصِيرِ وَالسَّمِيعِ ۚ هَلْ يَسْتَوِيَانِ مَثَلًا ۚ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ}.
(سورة هود: 17-24)
«… Барча гуруҳлар орасидан ким у (Қуръон)га кофир бўлса, унга ваъда қилинган жой – дўзахдир. Бас (эй Расулуллоҳ), сиз у ҳақда шак-шубҳага тушманг! Албатта, у Парвардигорингиз томонидан келган ҳақиқатдир! Лекин одамларнинг аксарлари иймон келтирмайдилар. 18. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Ундай кимсалар (Қиёматда) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳлар: «Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур. 19. У золим кимсалар (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, уни (Аллоҳнинг йўлини) бузмоқчи бўладилар. Улар охиратни бутунлай инкор этадилар. 20. Ундай кимсалар Ер юзида (ҳеч қаерга) қочиб қутулолмас ва улар учун Аллоҳдан ўзга дўстлар-ёрдамчилар ҳам бўлмас. Уларга азоб кучайтириб берилур. (Гарчи уларга ҳақни эшитиб, кўришлари учун қулоқ, кўз берилган бўлсада), эшитгувчи ҳам, кўргувчи ҳам бўлмадилар. 21. Улар ўзларига зиён қилган кимсалардир. Ўзлари тўқиб олган нарсалари эса (бирон фойда бермай) улардан ғойиб бўлди. 22. Шак-шубҳа йўқки, улар Охиратда энг катта зиён кўргувчилардир. 23. Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Парвардигорларига итоат қилиб бўйинсунган зотлар — ана ўшалар, жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда (жаннатларда) абадий (лаззатлар ичра яшаб) қолурлар. 24. Бу икки гуруҳнинг (яъни, кофирлар билан мўминларнинг) мисоли, худди кўру кар билан кўргувчи ва эшитгувчининг мисолидир. Шу иккаласи бир-бирига баробар бўлурми?! Ибрат олмайсизларми?!…».
Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган ҳадиси шарифда келади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кунлардан бирида Қуёш тутилди. Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этганди. Одамлар «Иброҳимнинг ўлими туфайли Қуёш ҳам ғамгин бўлиб тутилиб қолди», дейишди. (Жоҳилият даврида одамлар Қуёш ва Ой улуғ зотлар вафот этиши туфайли тутилади, деб эътиқод қилар эдилар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, Қуёш тутилганини кўриб Қиёмат қоим бўлиб қолармикин деган қўрқув билан дарҳол ўринларидан туриб, масжидга кириб, одамларни жамланишга чорлаб, намоз ўқишни бошладилар. Намозларида узоқ муддат тик туриб тиловат қилдилар, ҳар бир ракъатда икки марта рукуъга ва икки марта саждага борганларида узоқ муддат дуо қилдилар.
Намозни тамом қилганларидан сўнг хутбага чиқиб шундай дедилар:
إن الشمسَ والقمرَ آيتان مِن آياتِ اللهِ ، لا يَنْكَسِفان لموتِ أحدٍ ولا لحياتِه ،(ولكنهما يُخوِّفُ اللهُ بهما عبادَه)، فإذا رأيتُم ذلك فادعُوا اللهَ، وكبروا وصلوا وتصدَّقوا .
ثم قال :
يا أمةَ محمدٍ، واللهِ ما من أحدٍ أغيرُ من اللهِ أن يزني عبدُه أو تزني أمتُه يا أمةَ محمدٍ والله لو تعلمون ما أعلم لضحكتُم قليلًا ولبكيتُم كثيرًا .
«Қуёш ҳам Ой ҳам Аллоҳнинг оятлари (мўъжизалар)идан бўлмиш икки оят – мўъжизадир. Улар ҳеч кимнинг ўлими ёки ҳаётга келиши туфайли тутилмайди! Балки Аллоҳ Ўзининг бандаларини мана шундай (мўъжизалар билан) қўрқитиб туради. Бас, қачонки шундай ҳолатни кўрсангизлар (Аллоҳдан қаттиқ қўрққан ҳолингизда) дарҳол У Зотга дуо-илтижо қилинглар, такбир айтинглар, намоз ўқинглар, садақа беринглар».
Яна насиҳатларида давом этиб айтдилар:
«Эй Муҳаммаднинг уммати! Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ! У Зотнинг бандаси ёки чўриси зино қилган пайт Аллоҳнинг (жуда қаттиқ) рашки (ва ғазаби) келади. Эй Муҳамммад уммати! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсаларни сизлар ҳам билганингизда эди, кам кулиб кўп йиғлаган бўлардингиз!».
Бу борада собит бўлган ҳадиси шарифларнинг шарҳида уламолар Қуёш ва Ой тутилишининг иккита сабабини эслатадилар:
1. Шаръий сабаб: Одамларни гуноҳ-маъсиятларга қўл уришдан қўрқитиб туриш.
Аллоҳ таоло Ўзининг турли-туман азобларини ва бало-қазоларини юбориши мумкинлигини эслатиб қўрқитади, доимо тавба-тазарру қилиб туришга чорлаб, шундай мўъжизаларни кўрсатиб туради.
2. Коинотдаги жараёнларга боғлиқ сабаб:
Осмону фалакда Аллоҳ таоло Ўзи тақдир қилиб қўйган сабаблардан айримлари қуйидагилар:
– Қуёш тутилишининг зоҳирий сабаби Ой Қуёш билан Ернинг орасини маълум вақт тўсиб туришидир.
– Ой тутилишининг зоҳирий сабаби Ер Қуёш билан Ой орасини маълум вақт тўсиб туришидир.
.
ОЙ ТУТИЛГАНДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ ВА ДУО-ИЛТИЖОЛАР ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА ЭСЛАТМА:
* Агар Қуёш тутилиши (Ой тутилиши ҳам) оддий кўз билан қаралганда кўринмайдиган бўлса Кусуф (ва Хусуф) намози ўқилмайди.
* Кусуф ва хусуф намози Қуёш ёки Ой тутилган пайтда ўқиладиган икки ракъатли суннат намоздир.
* Бу намозни имкон қадар узоқроқ вақт – Қуёш (ёки Ой) очилиб кетгунга қадар ўқиш афзал.
* Намоз тамом бўлгандан кейин Қуёш тутилиши (ёки Ой тутилиши) ҳали ҳам тугамаган бўлса Аллоҳга дуо-илтижолар қилишда яна давом этиш афзал.
* Яна юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда қурбилари етган мўминлар хайр-эҳсон ва садақалар беришлари ҳам афзал.
Аллоҳ таоло барча нарсаларни билиб тургувчи Зотдир.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•