Номаҳрамлар билан қўл бериб кўришилмайди

Ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг шарҳларидан иқтибос

Номаҳрам эркаклар ва аёллар бир-бирлари билан саломлашганларида қўл бериб кўришишлари ҳаром қилинган.

Номаҳрамлар ўртасидаги саломлашиш қўл билан узоқдан ишора қилиб, овозни кўришаётган аёллар эшитадиган даражада кўтариб салом бериш орақали бўлади.

Қуйида шу мавзуга оид айрим ҳадиси шарифлар билан танишамиз.

Биринчи ҳадис:

Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар.

مَرَّ النبي صلى الله عليه وسلم في المَسْجدِ يَوْماً، وَعُصْبَةٌ مِنَ النِّسَاءِ قُعُودٌ، فَألْوَى بِيَدِهِ بالتسْلِيمِ.

رواه الترمذي وقال: حديث حسن

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирган пайтлари бир гуруҳ аёллар ўтирган эдилар. Шунда у зот (аёлларга) салом бериш ила қўллари билан ишора қилдилар».

Имом Термизий ривоят қилиб: (Бу) ҳадис ҳасан дедилар. (Сунани Термизий: 2697-ҳадис)

Абу Довуд ривоятларида Асмо бинти Язид ушбу ҳадисни ривоят қилиб:

«У зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан бизга (яъни, аёллар жамоасига) ишора қилиб салом бердилар» дедилар.

(Сунани Аби Довуд: 5204-ҳадис)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари шундай эди – қўл бериб сўрашилмайдиган ўринларда узоқдан овозларини эшитиладиган даражада кўтариб, қўллари билан ҳам ишора қилиб салом берардилар.

Иккинчи ҳадис:

Номаҳрам аёлни ушлаш эса, хатарли гуноҳлардан.

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لَأَنْ يُطعَنَ في رأسِ أحدِكم بمخيطٍ من حديدٍ خيرٌ له من أن يمسَّ امرأةً لا تحلُّ له»..

رواه الطبراني والبيهقي ، قال المنذري في (الترغيب 2/657) ، والهيثمي في (المجمع 4/326): رجاله ثقات، رجال الصحيح

«Сизлардан бирингиз ўзига ҳалол бўлмаган аёлни ушлаши (унинг кафтига ёки бирон аъзосига кафти тегиши)дан кўра, унинг бошига темирдан ясалган игна билан санчилиши яхшироқ (енгилроқ)».

(Табароний, Байҳақий, Мунзирий ва Ҳайсамийлар ривоят қилишган).

Ҳадисдан шуни англаймизки, бегона эркак номаҳрам аёлни ушлагани учун бериладиган азобда ҳис қиладиган оғриқлари олдида игнани бошига санчиш азоби ҳеч нарса бўлмай қолар экан, Аллоҳ асрасин.

 

Учинчи ҳадис

Саҳобийя аёллар Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган пайтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб байъат берар эдилар.

Шунда улар худди эркакларга ўхшаб байъат беришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қўлларини ушлаб, саломлашиш тариқасида байъат беришни истаган эдилар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – барча фитналардан омонда бўлган, гуноҳларга тортилиб кетишдан саломат сақланган зот бўлишларига қарамасдан – аёлларга қўл беришдан бош тортдилар ва қўлларини беришни истаган Умайма бинти Рақиқа ва шу онахон билан бирга байъат беришга келган барча аёлларга қарата айтдиларки:

«إني لا أصافح النساء، إنما قولي لمائة امرأة كقولي لامرأة واحدة «.

رواه النسائي وابن حبان والدارقطني

«Мен аёллар билан қўл бериб кўришмайман. Битта аёлга айтган сўзим юзта аёлга (яъни, барча аёлларга) айтган сўзимдир».

(Сунани Насоий: 4192-ҳадис, Саҳиҳи Ибн Ҳиббон: 4553-ҳадис…)

Тўртинчи ҳадис

Уммул-муъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган машҳур ҳадиси шарифда ҳам Оиша онамиз айтадилар:

قالَ لهنَّ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عليه وَسَلَّمَ: «انْطَلِقْنَ، فقَدْ بَايَعْتُكُنَّ». وَلَا وَاللهِ ما مَسَّتْ يَدُ رَسولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عليه وَسَلَّمَ يَدَ امْرَأَةٍ قَطُّ، غيرَ أنَّهُ يُبَايِعُهُنَّ بالكَلَامِ. وَاللهِ، ما أَخَذَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عليه وَسَلَّمَ علَى النِّسَاءِ قَطُّ إلَّا بما أَمَرَهُ اللهُ تَعَالَى، وَما مَسَّتْ كَفُّ رَسولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عليه وَسَلَّمَ كَفَّ امْرَأَةٍ قَطُّ، وَكانَ يقولُ لهنَّ إذَا أَخَذَ عليهنَّ: قدْ بَايَعْتُكُنَّ كَلَامًا.»

رواه مسلم برقم 1866

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга айтар эдиларки: «(Бўлди), кетаверинглар, дарҳақиқат сизларнинг байъатингизни қабул қилдим». Аллоҳа қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтлари (ўзларига ҳалол бўлган аёллардан бошқа) биронта аёлнинг кафтига тегмаган! У аёлларнинг байъатларини фақат сўз билан қабул қилардилар … Уларга айтардиларки: «Дарҳақиқат, сизларнинг байъатларингизни сўз билан қабул қилиб олдим».

(Имом Муслим ривоятлари, 1866-ҳадис).

Бу масалада буюк фуқаҳоларнинг фатволари ҳам маълум ва машҳур.

Биз бу ўринда рисоламиз чўзилиб кетмасин учун ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан фақат битта иқтибос келтириш билан чекланамиз.

«… ولا يجوز له أن يمس وجهها ولا كفها وإن أمن الشهوة لوجود المَحْرَم ولانعدام الضرورة».

 البحر الرائق : 8 / 385

«Унга (уйланмоқчи бўлаётган номаҳрам эркак кишига) унинг (турмушга чиқаётган ўша номаҳрам аёлнинг) юзини ҳам кафтини ҳам ушлаб кўриши жоиз бўлмайди, ҳаттоки (унинг олдида) маҳрами борлиги туфайли шаҳвати келмаслигига ишонч ҳосил қилиб турса – хотиржам бўлса ҳам, бу ўринда (шу ишга рухсат берилишига сабаб бўладиган) зарурат йўқ…».

(Ал-Баҳрур-роиқ китоби: 8/385)

 

Хотима

Шубҳасиз, Ислом динимизнинг барча ҳукмлари остида буюк ҳикматлар ва бутун башарият учун улкан манфаатлар мавжуд, гарчи уларнинг барчасини биз ожиз ақл-идрокларимиз билан англаб ета олмасак ҳам. Аллоҳнинг марҳамати ила, аксарият ҳукмларнинг асосий ҳикмати ва манфаати очиқ-ойдин кўриниб туради. Мисол учун, мана бу ерда айтилаётган масала – номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришмасликдан кўзланган ҳикматлардан бири, энг аввало ана шу аёлларнинг нозик, мулойим ва гўзал хилқатларини муҳофаза қилиш, уларни турли-туман фитна-фасодлардан асрашдир.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло барча нарсаларни билиб, иҳота қилиб тургувчи Зотдир.

•┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграми

https://t.me/islomovozi