Салом бериш суннатига қай даражада амал қиляпмиз?

Туфайл ибн Убай ибн Каъб раҳимаҳуллоҳ айтади:

Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг олдиларига (тез-тез) бориб турардим. У киши мени ўзларига эргаштириб бозорга борардилар.

Бозорда (майда-чуйда, эски-туски нарсаларни сотиб ўтирадиган) оддий сотувчиларга ҳам, дўкондорларга ҳам, мискин (бечора)ларга ҳам, ҳамма-ҳаммага салом бериб ўтардилар.

Бир куни яна олдиларига боргандим, яна бозорга етакладилар. Мен айтдим: Бозорда нима қиласиз ахир? Барибир бирон-бир олди-сотди қиладиган жойда тўхтамайсиз, (ҳеч ким билан) савдолашмайсиз, бозордаги ўриндиқларда ҳам ўтирмайсиз-ку. (Қўйинг шу бозорни! Ундан кўра) шу ерда суҳбатлашиб ўтирайлик.

Шунда у зот (менга қараб) шундай дедилар:

«Эй қоринбой! (Туфайл раҳимаҳуллоҳнинг қоринлари каттароқ эди. Ибн Умар у кишини ўзларига яқин тутиб, эркалатиб шундай хитоб қилдилар)! Бозорга фақат салом бериш учун (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломлашишни ошкор қилиш ва кенг тарқатиш борасидаги тавсияларини амалга ошириш мақсадида) борамиз, (ўша ерда халойиқдан) кимларни учратсак, ана шуларга салом бериб келамиз».

(Имом Молик Муваттаъ китобида саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар, 2763-асар)

•┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграми

https://t.me/islomovozi