Битта ҳадисда ўндан зиёд одоб

1. Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш;

2. Барча ишларда Ягона Аллоҳнинг Ўзидан мадад тилаш;

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини, панд-насиҳатларини лозим тутиб яшаш;

4. Ҳақиқатпарвар уламолардан насиҳат-васият қилишларини илтимос қилиш, фатво сўраш ва унга амал қилиш;

5. Яхшилик амали ҳар қанча кичкина бўлса ҳам, уни паст санамаслик, бепарво бўлмаслик;

6. Барчага очиқ чеҳра билан яхши муомалада бўлиш;

7. Ҳеч кимни ҳақорат қилмаслик;

8. Сизнинг айбларингизни гапирган кимсанинг айбларини сиз гапирмаслигингиз;

9. Халқ ичида юриб, халққа хизмат қилиб яшаш;

10. Тўғри салом бериш;

11. Камтарлик – кибрдан ва кибрга тортиб кетадиган нарсалардан узоқ бўлиш;

12. Кийимни тўпиқдан пастга осилтириб юрмаслик. (Эркакларга хос одоб)

 

Ушбу одобларнинг барчасини қуйидаги ҳадиси шарифдан ўрганишимиз мумкин.

Абу Журай Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар:

(Бир куни мен) бир кишини кўрдим, ҳамма одамлар ана шу кишининг раъйига эргашиб, у киши нима деса, албатта айтганига итоат қилардилар. Шунда мен: Ким бу киши?, деб сўрадим.

– Бу киши Расулуллоҳ – Аллоҳнинг расули, деб жавоб беришди.

Мен у кишига юзланиб икки марта: Алайкас-салом эй Расулуллоҳ!, дедим.

У зот жавоб жавоб қилдилар:

«Алайкас-салом», деманг, бу маййитларнинг саломи. (Кўпчилик араблар Исломдан аввал маййитларга шундай салом беришарди). Сиз «Ассалому алайк», деб айтинг».

Кейин мен сўрадим:

Сиз Аллоҳнинг элчисимисиз?

У зот жавоб бердилар:

«Сизга бирон фалокат-муситаб етганда, сиз У Зотга дуо қилганингизда, ана шу мусибатни сизнинг бошингиздан кетказиб юборадиган, қаҳатчилик рўй берганда ҳам сиз Унга дуо қилсангиз экин-тикинларингизни ўстириб берадиган, чўлу саҳродек (ҳеч нарса йўқ) жойда уловингизни йўқотиб қўйган пайтингизда ҳам Унга дуо қилсангиз, уловингизни олдингизга қайтариб қўядиган Ўша Зот (Парвардигори олам) Аллоҳнинг элчисиман!».

Мен айтдим: Менга бирон аҳд-васият юкланг, (сиз насиҳат қилинг, мен амал қилишга ваъда берай).

У зот айдилар:

«Ҳеч кимни ҳақорат қилманг!».

Шундан буён ҳеч кимни – на биронта ҳур кишини, на қулни, на биронта туяни, на қўйни ҳақорат қилмаганман.

Яна (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) насиҳатларида давом этиб шундай дедилар:

«Яхши амаллардан ҳеч қандай бир нарсани (ҳар қанча кичкина амал бўлса ҳам) паст санаманг, биродарингизга очиқ чеҳра билан юзланиб сўзлашингизни (тавсия этаман). Албатта бу ҳам эзгулик амалларидан. Шалварингизни болдирингизнинг ярмигача кўтариб олинг, бунга кўнмасангиз (ҳеч бўлмаганда) икки тўпиққача (кўтариб олинг). Шалварни тўпиқдан пастга тушадиган тарзда осилтириб юрманг! Зеро, бу кибрланишга киради. Албатта Аллоҳ кибрни (бандалари мутакаббирлик қилишини) ёқтирмайди. Бирон киши сизни сўкса ёки сиздаги айбларни билиб (олиб) айбласа ҳам, сиз уни ўзингиз биладиган айблари билан айбламанг. Чунки бунинг балоси (сизни айблаганлигининг касофати, жазоси) унинг ўзининг бошига тушади».

(Сунани Аби Довуд: 4087-ҳадис, Сунани Термизий: 2722, имом Термизий: «Бу ҳасан, саҳиҳ бўлган ҳадис»).

 

Маййитларга салом бериш одоби ҳақида муҳим эслатма

Маййитларга салом беришда кўпчилик араблар Исломдан аввал «Алайкас-салом» деб айтишга одатланган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда Абу Журай розияллоҳу анҳуга «Бу маййитларнинг саломи» деб танбеҳ бердилар. Бу Исломдан аввалги одат.

Ислом дини келганидан сўнг эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда ётганларга қуйидагича салом бериб, уларнинг ҳақларига Аллоҳдан офият беришини тилаб дуо қилишни ўргатганлар:

«السَّلَامُ علَيْكُم أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ المُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وإنَّا إنْ شَاءَ اللَّهُ لَلَاحِقُونَ، أَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمُ العَافِيَةَ»

صحيح مسلم: 975

«Ассалому алайкум, эй мана шу диёр аҳли бўлмиш мўмин-мусулмонлар, биз ҳам албатта (сизларнинг ортингиздан) эргашиб борувчимиз. Бизларга ҳам сизларга ҳам Аллоҳдан офият сўрайман».

(Саҳиҳи Муслим: 975-ҳадис, Мишкотул-масобиҳ китобига имом Тийбий шарҳи: 4/132)

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://t.me/islomovozi