Сафарга отланган кишига нима деб дуо қиласиз ва у сизга нима дейди?
Биринчи дуо
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо сафарга отланган кишига шундай деб мурожаат қилар эдилар:
Менга яқинроқ келинг, биз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай видолашган бўлсалар (сафарга отланаётган пайтимизда бизни қандай кузатиб, хайрлашиб қўйган бўлсалар), мен ҳам сиз билан ана шундай видолашиб хайрлашаман:
«أَسْتَوْدِعُ اللهَ دِينَكَ ، وَأمَانَتَكَ ، وَخَواتِيمَ عَمَلِكَ»
«Динингиз (иймонингиз)ни, омонатингизни, амалларингиз гўзал тарзда якун топишини Аллоҳга топшираман (Аллоҳга илтижо қилиб Ўзи асрашини тилаб қоламан)«.
(Сунани Термизий: 3443-ҳадис, Сунани Насоий кубро: 8805-ҳадис)
Абдуллоҳ ибн Язид Ал-Хатмий розияллоҳу анҳу ҳам айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарлар билан хайрлашаётганларида уларга шундай дуо қилардилар:
«أسْتَوْدِعُ اللهَ دِينَكُمْ ، وَأمَانَتَكُمْ ، وَخَواتِيمَ أعْمَالِكُمْ»
«(Сизларнинг) Динингизни (иймонингизни), омонатингизни ва амалларингиз гўзал тарзда якун топишини Аллоҳга топшираман (Аллоҳга илтижо қилиб, Ўзи асрашини тилаб қоламан)«.
(Сунани Абу Довуд: 2601-ҳадис, Сунани Насоий кубро: 10341-ҳадис)
Иккинчи дуо
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб: Мен сафарга чиқаяпман, мени (руҳий) озуқа билан таъминлашингизни сўрайман, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«زَوَّدَكَ الله التَّقْوَى»
«Аллоҳ сенга тақвони озуқа қилиб берсин».
У киши айтди:
Яна (шундай озуқалардан) менга зиёда қилинг (кўпроқ айтинг).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«وَغَفَرَ ذَنْبَكَ»
«Ва (Аллоҳ) гуноҳларингни мағфират қилсин»
У киши яна сўради:
Ота-Онам сизга фидо бўлсинлар, яна (шундай озуқалардан) менга зиёда қилинг (кўпайтиринг).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«وَيَسَّرَ لَكَ الْخَيْرَ حَيْثُمَا كُنْتَ»
«Ва қаерда бўлсанг ҳам (Аллоҳ таоло) яхшиликларни сенга енгил қилиб берсин».
(Сунани Термизий: 3444-ҳадис)
Мусофир киши ватанда қолаётганларга нима деб дуо қилади?
Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шариф ворид бўлган. У киши Мусо ибн Вардон исмли шогирдларига айтган эканлар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ўргатган (муборак) калималарни ўргатиб қўяйми? Сафарга отланган пайтинг аҳл-оилангга мана бундай дуо қилгин:
«أَسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الَّذِي لاَ يُخَيِّبُ وَدَائِعَه»
«Сизларни Аллоҳга (омонат қилиб) топшираман, У Ўзига топширилган омонатларни ташлаб қўймайдиган Зотдир».
(Ибн Сунний ривоятлари, Амалул-яавм вал-лайлаҳ: 516-ҳадис)
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Мусофир киши аҳл-оиласи, қариндош-уруғлари, ёру биродарлари ва қўни-қўшнилари билан хайрлашиб, улардан дуо қилишларини сўраб, ўзи ҳам уларнинг ҳақларига дуолар қилиши савобли амалдир.
(Азкор китоби, 217-бет)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналига марҳамат