«Ҳеч қачон ўлим тиламанг…»

Аллоҳ таоло бу оламни имтиҳон дунёси қилиб яратган. Шунинг учун барча-барча инсонларнинг бошларига турли-туман мусибатлар тушиб туради, токи Аллоҳ учун сабр қилиб, керакли хулосаларни ўрганиб, яхши амалларда давом этадиларми ёки мусибат остидаги илоҳий ҳикматларга қарамасдан, Аллоҳдан норози бўлиб, ўзларини ўзлари бахтсиз қилиб юборадиларми – шу тарзда барчага ҳар кимнинг асл ҳақиқати зоҳир бўлиши учун.

Баъзи инсонлар мусибатлар оғирлигини кўтара олмасдан, Аллоҳнинг тақдирига норози бўлиб ўзларига ўзлари ўлим тилашга ўтиб кетиб қоладилар. Бу эса шариатни ҳам, қазои қадарни ҳам, дунё табиатини ҳам тўғри англамаслик оқибатидир.

Ҳақиқий мўмин-мусулмонлар эса, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлган ҳоллларида, мусибатлар ҳар қанча даҳшатли бўлмасин, ўзларини йўқотиб қўймасдан, ҳақ йўлда собитқадам бўлиб яшашда давом этаверадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу борада ҳам жуда кўп панд-насиҳатлари бор. Биз ушбу қисқагина мақоламизда фақатгина қуйидаги икки ҳадис билан чекланамиз.

Биринчи ҳадис:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لاَ يَتَمَنَّيَنَّ أحَدُكُمُ المَوْتَ لِضُرٍّ أصَابَهُ ، فَإنْ كَانَ لاَ بُدَّ فَاعِلاً ، فَلْيَقُلْ : اللَّهُمَّ أحْيِني مَا كَانَتِ الحَيَاةُ خَيْراً لي، وَتَوَفَّنِي إِذَا كَانَت الوَفَاةُ خَيراً لي»

متفقٌ عَلَيْهِ

«Ҳеч қайси бирингиз бошига тушган бирон мусибат туфайли ўлим тиламасин. Агар жуда ҳам бўлмай кетса (ўлим тилашга мажбур бўлиб қолса) мана бундай деб дуо қилсин: Эй Аллоҳ, ҳаёт (яшаш) мен учун афзал бўлса менинг ҳаётимни давом эттиргин. Агар вафот этиш мен учун афзал бўлса (Ўзинг) вафот эттиргин».

Муттафақун алайҳи (Саҳиҳул-Бухорий: 5671-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 2680-ҳадис).

 

Иккинчи ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لاَ يَتَمَنَّ أَحَدُكُمُ المَوْتَ ، وَلاَ يَدْعُ بِهِ مِنْ قَبْلِ أنْ يَأتِيَهُ ؛ إنَّهُ إِذَا مَاتَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ ، وَإنَّهُ لاَ يَزِيدُ المُؤْمِنَ عُمُرُهُ إِلاَّ خَيْراً».

رواه مسلم برقم 2682

«Ҳеч қайси бирингиз ҳеч қачон ўлимни орзу қилмасин! Ўлим етиб келмасидан туриб тезроқ келишини сўраб дуо қилмасин. Зеро, ўлиб қоладиган бўлса, унинг (эзгу) амаллари тўхтаб қолади. Мўмин кишининг умри узайган сайин, унинг яхшиликлари албатта кўпайиб боради».

(Саҳиҳи Муслим: 2682-ҳадис)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига марҳамат

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg