Эр-хотинлар ҳам бир-бирларини Аллоҳ учун севсинлар
Инсон зоти севгига муҳтож қилиб яратилган.
Севги-муҳаббатнинг энг кучлиси, абадий давом этадигани, Қиёматдаги нурли минбарларда ва Аллоҳниг соясида энг буюк мақому мартабаларга кўтариладигани Аллоҳ учун бир-бирларини яхши кўриб турмуш қурган эр-хотинларнинг муҳаббатларидир.
Улар холис ният ила умр йўлдошларини танлаб, ҳалоллик-покизалик устида оила қурган ва шу йўлда ўлим келгунга қадар собитқадам туриб бахтли яшаб ўтган зотлардир.
Улар пайғамбарлар, саҳобалар ва ана шу зотларнинг изларидан юриб борадиган мўмин ва мўминалардир.
Улуғ тобеинлардан Абу Муслим Ал-Хавлоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Димашқ масжидига бордим, қарасам у ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бир неча улуғ ёшли кишилар ўтиришган экан. Уларнинг ораларида ёшроқ, кўзлари сурма рангли (ёки кўзларига сурма сурган), тишлари ялтираб (оппоқ бўлиб) турган бир йигит бор эди. Ўша ердаги саҳобалар бирор масалада ихтилоф қилиб қолишса ана шу йигитга мурожаат қилишарди, (у киши сўралган масалани мукаммал баён қилиб берардилар). Шунда мен ёнимдаги бир кишидан сўрадим: Бу киши ким? У жавоб берди: Бу Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)!
Кейин мен кечроқ яна шу масжидга келган пайтимда улар (саҳобалар) келишмаган экан… Эртаси куни яна келиб қарасам ўша йигит (Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу) бир устун орқасида туриб намоз ўқиётган эканлар. Мен ҳам (икки раъкат) намоз ўқиб, дарҳол олдиларига бордим ва яқинларига ўтирдим. Намоздан салом берар эканлар, у кишига юзланиб: «Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман» дедим.
У киши мени олдиларига тортиб сўрадилар:
Нима дедингиз? (Яна бир такрорланг).
Мен яна: «Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман» дедим.
Шунда у киши айтдилар:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деётганларини эшитдим:
«Аллоҳ учун бир-бирларини яхши кўрадиганлар (Қиёмат куни) Арш соясида нурли минбарлар устида бўладилар. (Аллоҳнинг иззат-икроми ила тақдирланиб, бутун халойиқ оғир аҳволда қолган бўлса ҳам, улар роҳат олиб, барчанинг ҳурмат-эҳтиромини қозониб ўтирадилар). У Кунда Унинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайди».
Кейин мен масжиддан чиққан пайтим Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)ни учратдим. (Бу зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ асҳобларидан бирлари). У кишига Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) айтиб берган ҳадисни айтдим.
Шунда у киши (Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу) ҳам ривоят қилиб айтдилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилиб (ҳадиси қудсийда) шундай деётганларини эшитдим:
«Менинг муҳаббатим бир-бирларини Мен учун яхши кўрганларга ҳаққу рост (вожибу лозим) бўлди. Яна Менинг муҳаббатим яхшиликларини бир-бирларига Мен учун тақдим этадиганларга ҳаққу рост (вожибу лозим) бўлди. Яна Менинг муҳаббатим бир-бирларини Мен учун зиёрат қиладиганларга ҳаққу рост (вожибу лозим) бўлди. Аллоҳ учун бир-бирларини яхши кўрадиганлар Арш соясида нурли минбарлар устида бўладилар. (Аллоҳнинг иззат-икроми ила тақдирланиб, бутун халойиқ оғир аҳволда қолган бўлса ҳам, улар роҳат олиб, барчанинг ҳурмат-эҳтиромини қозониб ўтирадилар) У Кунда Унинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя йўқдир!».
(Муснади Аҳмад: 22064-ҳадис).
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналига марҳамат