Таҳажжуд намозига оид тартиб-қоидалар

Савол:

Аллоҳ азза ва жалла устоз Обидхон қори акага ва барча беморларга шифои комил ато этсин…

Азиз устозлар, таҳажжуд намози ҳақида саволим бор.

Таҳажжуд намозини неча ракъатдан ўқилиши ва қачон ўқилиши ҳақида маълумот берсангиз нур устига нур бўларди. «Охирини тоқ қилиб тугатсин, 11 ракъат ўқисин…» деган жойлари ҳам бор экан.

Шу масалага ойдинлик киритсаларингиз, илтимос.

Сизларнинг Ислом Овози сайтларингиздан намоз бобига кириб таҳажжуд намози ҳақида маърузани тополмадим. У ерда ҳожат намози ва бошқа намозлар ҳақида маълумотлар бор экан. Шу сабабдан сизларга мурожаат қиляпман.

(Б)

Муҳиддин Обидхон жавоби:

Таҳажжуд намози вақти шомдан кейин бошланиб бомдодгача давом этади.

Шомдан хуфтонгача бўлган қисқа вақт орасида ҳам нафл намозлар ўқиш фазилати ҳақида ҳадиси шарифлар бор.

Таҳажжуд намозининг асосий вақти хуфтондан кейин бошланади.

Шомдан бомдодгача бўлган кечани уч қисмга бўлинади ва охирги қисми таҳажжуд намози, зикру тиловат, тавбаю истиғфор ва дуо-илтижолар учун энг афзал вақт ҳисобланади.

Таҳажжуд намозини қанча кўп ўқиса шунча яхши.

Агар худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиганларидек энг афзал ва мукаммал даражада ўқийман деса қиём, рукуъ ва саждаларни узууун-узууун қилиб, Қуръони каримдан камида 7-8 жузъни зам сура қилиб, икки ракъат – икки ракъатдан 8 раъкат ўқийди. Охирида ўқиладиган витр намози билан ҳисоблаганда 11 ракъат бўлади.

Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар ривоят қилишган саҳиҳ ҳадисда Уммул-муъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозларини шу тарзда ўқиганликларини хабар берганлар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳажжудларидек мукаммал даражада ўқий олмайдиган киши, яъни зам сураларни қисқа-қисқа қиладиган бўлса, рукуъ ва саждаларда ҳам зикру дуоларни узоқ вақт ўқий олмаса, бундай ҳолатда 20 ракъат ёки ундан ҳам кўпроқ раъкат қилиб таҳажжуд ўқиши афзал бўлади.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«صلاةُ اللَّيلِ مَثنى مَثنى، فإذا خشِيَ أحدُكُمُ الصُّبحَ، صلّى رَكْعةً واحدةً، توترُ لَهُ ما قد صلّى».

رواه البخاري (990)، ومسلم (749)

«Кечанинг (таҳажжуд) намози икки ракъат – икки ракъатдан (ўқилаверади). Қайси бирингиз тонг отиб қолишидан қўрқса (бомдод вақти яқинлашиб қолганини сезган пайт) бир раъкат ўқиб (таҳажжуд намозига якун ясайди. Шунда бу бир раъкат намози) ундан олдин ўқиган намозларини витр қилиб беради».

(Саҳиҳи Бухорий: 990-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 749-ҳадис)

 

Таҳажжуд намозининг тартиб-қоидаларидан яна бири витр намозини таҳажжуд намозидан кейин энг охирида ўқилади.

Витр вақти хуфтон намози ўқилганидан кейин бошланади.

Яна таҳажжуд қоидаларидан, намозни уйқусираб ўқимаслик керак. Уйқуси келганда етарли даражада ухлаб дам олволиши лозим, токи намоз, тиловат ва дуоларда хато қилиб юбормаслиги учун.

Таҳажжуд намози қоидаларидан яна:

«Аввал ухлаб олиб, кейин кечроқ таҳажжудга тураман», дейдиган киши агар уйқуси қаттиқ бўлса, ухлаганидан сўнг бомдодгача туролмай қолишидан қўрқса, ухлашдан олдин албатта витр намозини ўқиб кейин уйқуга кетиши керак. Таҳажжудга уйғона олса, алҳамду лиллоҳ, таҳажжуд ўқийверади бомдодгача, фақат витрни такрор ўқимайди. Витр намози фақат бир марта ўқилади холос!

Юқорида айтганимизек, таҳажжуднинг афзал вақти кечанинг учинчи қисмидир. Чунки ўша пайт ҳақида алоҳида фазилатлар собит бўлган.

Жумладан, машҳур ва мутавотир ҳадиси қудсийда келади:

«يَنْزِلُ رَبُّنا تَبارَكَ وتَعالى كُلَّ لَيْلَةٍ إلى السَّماءِ الدُّنْيا حِينَ يَبْقى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ يقولُ: مَن يَدْعُونِي، فأسْتَجِيبَ له مَن يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، مَن يَسْتَغْفِرُنِي فأغْفِرَ له».

رواه البخاري: ١١٤٥ واللفظ له، ومسلم: ٧٥٨

«Раббимиз таборака ва таоло ҳар кеча дунё осмонига кечанинг охирги учинчи қисмида тушиб: «Ким Менга дуо қилади, дуосини қабул қиламан, ким Мендан нима сўрайди, сўраганини ато этаман, ким, Менга истиғфор айтади гуноҳларини кечираман» деб айтади».

(Саҳиҳи Бухорий: 1145, Саҳиҳи муслим: 758)

Аллоҳ таоло Ўзи ҳаммадан яхшироқ билувчи Зотдир. Меҳрибон Раббимиз барчаларимизни кечалари таҳажжуд намозларини бажо этишга муваффақ этсин, гуноҳ-камчиликларимизни мағфират қилсин.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига марҳамат

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg