28-сура: Қасас сураси (75-78 оятлар) тафсири

Бўлимлар: Тафсир

 

Қорун қиссасининг 1-қисми

Ушбу лавҳада тафсир қилинган ояти карималарнинг мухтасар маънолари қуйидагича:

«75. Биз (у Қиёмат кунида) ҳар бир умматдан бир гувоҳни чиқариб, (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига куфр келтириб яшаганларга куфру ширкларингиз ҳақ бўлса қани) ҳужжат-далилларингизни келтиринглар-чи, деб айтамиз. Бас, улар (улуҳият – илоҳлик) ҳаққи-ҳуқуқи (ёлғиз Аллоҳники эканини ўша куни аниқ-тиниқ) билиб оладилар ва ўзлари тўқиб олган «худолари» эса улардан ғойиб бўлади.

76. Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлиқ қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Жуда қаттиқ хурсанд бўлиб (босар-тусарингни билмай ховлиқиб) кетмагин! Зеро Аллоҳ қаттиқ хурсанд бўлиб (кибру ҳавога берилиб, фахрланиб) кетадиган кимсаларни яхши кўрмайди.

77. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) Охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму зўравонлик билан) бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас», деганларида.

78. У: «Менга (бор молу давлатим) ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки уларни сўроқ-савол қилиб ўтирилмасдан дўзахга улоқтириб юборилади)«!

Тўхтабой масжиди
Тошкент, 90 йиллар

* Ояти карималар тиловатида шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳулллоҳ қироати илова қилинди.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози канали

https://t.me/islomovozi