Тафаккур ва шукр
Аллоҳ таолонинг сизга ато этган неъматлари нақадар кўп ва улкан эканлиги ҳақида тафаккур қилинг ва ана шу неъматларни Аллоҳ учун тоат-ибодат ҳисобланадиган, мусулмонларга, бутун инсоният ва мавжудотга фойда келтирадиган ўринларда ишлатинг, ана шунда у неъматлар сизни ташлаб кетмайди, балки борган сайин кўпайиб, ошиб-тошиб бораверади.
Аллоҳ таолонинг сизга ато этган энг оддий, лекин жуда ҳам улкан, афсуски, кўпчилик инсонлар ёдларига олмай ғафлатда юраверадиган неъматларидан баъзилари, масалан, шу дунёга келиб яшаётганлигингиз, сизга ақлу заковат берилиб ҳайвонлару жамодотлардан устун қилиб қўйилишингиз, улар сизга хизмат қилиши, сизга итоат этиши, сизга яна соғ-саломат аъзои бадан ато этилиши, ота-онангиз, оилангиз, умр йўлдошингиз ва бола-чақаларингиз бағрида яшаб юришингиз ва ҳоказо…
Бу неъматларнинг шукронасини адо эта олишингиз учун, уларнинг ҳар бири юз йиллаб, балки минг йиллаб тўхтамасдан Ягона Аллоҳга ибодат қилиб ўтишингизга ҳақлидир.
Шундай бўлса-да Меҳрибон Раббимиз бизга энг улкан неъмат бўлмиш ислому иймон неъмати орқали жуда ҳам енгил, ҳақиқий ҳаловату лаззатларни ўз ичига олган шаръий ибодатларни фарз қилган холос. Уларнинг қадрига етган мўмин ва мўминалар шу дунёдаёқ Охират жаннатига кириб олгандек бахт-саодат ичра бой-бадавлат бўлиб яшамоқдалар, алҳамду лиллаҳ …
{ إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّـٰلِحَٰتِ يَهۡدِيهِمۡ رَبُّهُم بِإِيمَٰنِهِمۡۖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهِمُ ٱلۡأَنۡهَٰرُ فِي جَنَّـٰتِ ٱلنَّعِيمِ * دَعۡوَىٰهُمۡ فِيهَا سُبۡحَٰنَكَ ٱللَّهُمَّ وَتَحِيَّتُهُمۡ فِيهَا سَلَٰمٞۚ وَءَاخِرُ دَعۡوَىٰهُمۡ أَنِ ٱلۡحَمۡدُ لِله رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ}
«Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни иймонлари сабабли Раббилари (дин ва дунёнинг барча соҳаларида тўғри йўлга) ҳидоят қилади (ва Охират жаннатларида ҳам) нозу неъмат боғларида остларидан дарёлар оқиб туради. У ердаги дуолари: «Эй Аллоҳ, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига абадий) тинчлик-саломатлик тилашдир. Охирги дуолари эса бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамду санолар айтишдир».
(Қуръони карим: 10/9-10)
Аллоҳнинг неъматлари шукр билан кўпайиб боради ва давомий бўлади. Ношукрлик қилиш эса дунё ва охират азобу уқувбатларининг бошидир.
Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом сурасида Мусо алайҳиссалом ўз қавмларини огоҳ этганликларини хабар бериб айтади:
{وَإِذۡ تَأَذَّنَ رَبُّكُمۡ لَئِن شَكَرۡتُمۡ لَأَزِيدَنَّكُمۡۖ وَلَئِن كَفَرۡتُمۡ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٞ}
«(Эй қавмим), Парвардигорингиз Ўз ваъдасидан (сизларни) бохабар қилиб айтган сўзларини эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда этиб (кўпайтириб, баракали ва давомий қилиб) бераман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта, азобим жуда ҳам қаттиқдир».
(Қуръони карим: 14/7)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналига марҳамат