Ҳасад қилишдан ҳазар қилинг

Бўлимлар: Рисолалар

Ёхуд

Бойлик калити – софдиллик ила ҳалол меҳнат

Сизга эмас, бошқаларга насиб бўлган бойликларни кўрганингизда уларга асло ҳасад қилманг. Зеро, бировларга ҳасад қилиш, яъни Аллоҳнинг ўз бандаларига берган неъматларини кўролмаслик биринчи ўринда ҳасадчи кимсанинг ўзини вайрон қилади. Чунки, бундай иллат Аллоҳга қарши чиқишдан бошқа нарса эмас.

Оламлар Парвардигори Ўз ҳикматига биноан жорий қилиб қўйган тақдирдан норизо бўлиш бахтсизликнинг энг улкан ва энг хатарли белгисидир.

Ҳасадчи ҳасад қилишдан нима фойда кўради?!

Аллоҳ ўз бандаига бераман деган неъматини ҳеч ким ҳеч қачон ман қилолмайди!

Ҳасад қилиш ўрнига Аллоҳга итоат қилишдан – шариат чегарасидан чиқмаган ҳолида ҳалол меҳнатини восита қилиб, тирикчилик йўлида қурби етадиган ишлар билан саъй-ҳаракатларини давом эттириши лозим. Бой-бадавлат бўлиш калити шудир.

Ҳузайфа ибнул-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтадилар:

«إنَّه لا تَموتُ نفسٌ حتى تسْتكمِلَ رِزْقَهَا وإنْ أبطأَ عليهَا ، فاتَّقُوا اللهَ ؛ وأجْمِلُوا في الطَّلَبِ ، ولا يحْمِلَنَّكم اسْتِبْطاءُ الرِّزقِ أن تَأخذُوهُ بِمعصيةِ اللهِ ، فإنَّ اللهَ لا يُنالُ ما عِندَه إلا بِطاعتِه . «.

رواه المنذري في الترغيب والترهيب

«Шубҳасиз, ҳеч қайси бир жон эгаси унинг учун битиб қўйилган ризқу насибасини мукаммал равишда олмагунча вафот этмайди, гарчи у ризқ кечикиб келадиган бўлса ҳам (агар кечроқ насиб бўлади деб ёзилган бўлса). Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва тирикчилик ҳаракатингизни гўзал равишда бажо этинглар. «Ризқим кечикиб кетяпти, келмаяпти» деб Аллоҳга осийлик қилишга ўтиб кетманглар. Зеро, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга (неъматларга) фақатгина Аллоҳга итоатда бўлиш билангина етилади».

(Имом Мунзий ривоятлари, Тарғиб ва Тарҳиб: 3/10)

 

Ҳавас маъносидаги «ҳасад»

Баъзилар қуйидаги ҳадиси шарифни хато тушуниб олишлари мумкин.

Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Абу Саид Ал-Худрий ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لا حَسَدَ إلَّا في اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ عَلَّمَهُ اللَّهُ القُرْآنَ، فَهو يَتْلُوهُ آناءَ اللَّيْلِ، وآناءَ النَّهارِ، فَسَمِعَهُ جارٌ له، فقالَ: لَيْتَنِي أُوتِيتُ مِثْلَ ما أُوتِيَ فُلانٌ، فَعَمِلْتُ مِثْلَ ما يَعْمَلُ، ورَجُلٌ آتاهُ اللَّهُ مالًا فَهو يُهْلِكُهُ في الحَقِّ، فقالَ رَجُلٌ: لَيْتَنِي أُوتِيتُ مِثْلَ ما أُوتِيَ فُلانٌ، فَعَمِلْتُ مِثْلَ ما يَعْمَلُ».

صحيح البخاري: 5026

«Фақат иккита нарсага ҳасад (яъни, ҳавас) қилиш бор. (Биринчиси), кимгаки Аллоҳ Қуръонни ўргатиб қўйган бўлса, бас, кечаю кундуз уни тиловат қилиб юрар экан, қўшниси уни эшитиб: «Қанийди фалончи (қорию олим қўшним)га ато этилгани каби (Қуръон илми) менга ҳам ато этилса, мен ҳам у киши амал қилаётгани каби амал қилсам» деб айтиши (ҳавас қилиши) жоиз. (Иккинчиси), кимгаки Аллоҳ таоло мол-мулк берган бўлса, бас, у инсон ана шу мол-мулкни ҳақ (ҳалол, солиҳ, эзгу) ишлар учун сарфлар экан, уни кўрган (камбағал) киши: «Қанийди фалончи (мўмин бой)га берилган мол-мулклардан менга ҳам берилса, мен ҳам ана шу киши сарфлаётгани каби (ҳақ учун, савобли амалларга) сарфласам» деб айтиши (ҳавас қилиши) жоиздир».

(Бухорий ривоятлари, 5026-ҳадис)

Демак, ушбу ҳадиси шарифда олқишланган «ҳасад»нинг маъноси, яхши нарсаларни тўғри маънода ҳавас қилишдир.

Шариатимиз ҳаром қилган ва соғлом ақл ҳам қоралайдиган ҳасад эса, ҳасад қилинаётган инсондаги ўша илоҳий неъматларни ундан олиб қўйилишини орзу қилиш. Бу эса албатта энг улкан гуноҳлардан ва юқорида айтилганидек, биринчи ўринда ҳасадчи кимсанинг ўзини шу дунёнинг ўзида ҳам бахтиқаро қилиб ташлайди.

Аллоҳ Ўзи барчаларимизни бундай қабиҳ иллатлардан асрасин ва узоқ қилсин …

Давоми бор …

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
 
Ислом Овози каналига марҳамат