Қариндошларга яхшилик қилиб яшаш – ҳақиқий бойлик
Ота-онангиз ва қариндош-уруғларингиз учун фидойи инсон бўлиб, уларга қўлингиздан келадиган, қурбингиз етадиган барча яхшиликларни тақдим этиб юришингиз бой-бадавлат бўлиб яшашингиз учун энг баракали ва энг зарур воситалардан.
Ота-она ва қариндош-уруғларга яхшилик қилиш аҳамияти ҳақида юзлаб ояти карималар ва ҳадиси шарифлар мавжуд.
Биз бу ерда фақат қариндошларга яхшилик қилиш бой-бадавлатлик омили эканлиги очиқ-ойдик хабар берилган ҳадиси шарифлардан бирини зикр қилиш билан чекланмоқчимиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб айтадилар:
«Кимки риқзу насибаси кенг қилиб берилишини, умри узоқ ва баракали бўлишини истаса, бас, қариндошларига силаи раҳм қилсин (доимо улардан хабар олиб, улар билан яхши муомалада бўлиб, қўлидан келган барча яхшиликларни уларга тақдим этиб турсин)«.
(Саҳиҳи Бухорий: 5986-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 2557-ҳадис)
Бунинг муқобилида қариндош-уруғларга ёмонлик қилишнинг жазоси шу дунёда ҳам Охиратда ҳам аянчли бўлишидан огоҳлантирганлар.
Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Гуноҳ-маъсиятлар ичида Охиратдаги азобидан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам Аллоҳ унинг жазосини тезлаштириб юборадиган гуноҳ зулм ва қариндошлардан яхши муносабатларини узишдир».
(Сунани Термизий: 2511-ҳадис, ҳасан-саҳиҳ ҳадис)
Шунинг учун уламолар ҳам бу қабиҳ гуноҳдан қаттиқ огоҳлантириб айтадиларки:
Қариндошларига ёмон муносабатда бўлган кимса дунёда ҳам ҳеч қачон бахтли бўлолмайди, умри ҳам калта ва бебарака бўлиб ўлиб кетади.
Аллоҳ бизларни бундай бахти қаролар қаторига қўшилиб қолишдан Ўзи асрасин, ота-оналаримиз ва қариндош-уруғларимизга фидойилик қилиб бой-бадавлат бўлиб яшашга муваффақ этсин …
* Долзарб эслатма:
Қариндошларга яхшилик қилиш баҳонасида бировларнинг ҳақ-ҳуқуқларига зиён етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Бу асло жоиз эмас.
Мисол учун, кимдир камбағалларга тарқатиш учун деб бериладиган закот ва садақалар бўйича масъул этиб қўйилган бўлса, омма халқ орасидаги муҳтожлардан кўра ўзининг қариндошларини устун қўйиши Ислом ва мусулмонлар ҳаққига хиёнат ҳисобланади.
Аслида бу ўринда бундай эслатмага тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ эди. Бироқ, афсуски, бугунги кунда жуда кўп мансабдорлар омма халқнинг мол-мулки ҳисобланган нарсаларни ўзларининг қариндошларига олиб бериб, омонатдор бўлишга қасам ичиб эгаллаган мансабларини суистеъмол қилмоқдалар. Бу эса Қиёмат аломатларидан ҳисобланган улкан гуноҳлардан.
Аллоҳ таоло огоҳ этади:
{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ بِالْقِسْطِ شُهَدَاءَ لِلَّهِ وَلَوْ عَلَىٰ أَنفُسِكُمْ أَوِ الْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ ۚ إِن يَكُنْ غَنِيًّا أَوْ فَقِيرًا فَاللَّهُ أَوْلَىٰ بِهِمَا ۖ فَلَا تَتَّبِعُوا الْهَوَىٰ أَن تَعْدِلُوا ۚ وَإِن تَلْوُوا أَوْ تُعْرِضُوا فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا}
النساء: 135
«Эй иймон келтирган кишилар, адолат билан тургувчи бўлинглар ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни, гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар (тилларингизни) бурсангизлар (нотўғри гувоҳлик берсанглар ёки ҳар-хил ҳийлаларни қўллаб бошқаларнинг ҳаққига зулм қилсангизлар) ёки (адолатли бўлиб гувоҳлик беришдан) бош тортсангизлар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир ( – Аллоҳнинг ҳукмидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсизлар)«.