Бой-бадавлат бўлишнинг 6 сири

Авваламбор ҳақиқий бойлик қалбда бўлишини яхшилаб англаб, тўла ишонч ҳосил қилиб олишимиз даркор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Бойлик мол-мулк кўп бўлиши эмас. Ҳақиқий бойлик, руҳ–қалб бойлигидир».

(Саҳиҳи Бухорий: 6446-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 1051-ҳадис)

Одамларнинг кўзига зоҳиридан бой-бадавлат бўлиб кўринаётганларнинг қанча-қанчаси аслида жуда ҳам бахтсиз бўлиб яшашмоқда. Бу ҳақиқатни уларнинг ички дунёсидан оз-моз хабардор бўлган кишилар яхши биладилар.

Зоҳирида ҳам ички дунёсида ҳам бой-бадавлат бўлиб яшашни истаган инсон эса, 6 та шартга амал қилиши даркор.

Қуйидаги сатрларда ана шу шартлар билан қисқа-қисқа тарзда танишиб чиқамиз. Кейинги мақолаларимизда уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, мавзуга оид баъзи бир ояти карималарни ва ҳадиси шарифларни ёдга олиб, батафсилроқ баён қилишга ҳаракат қиламиз иншоаллоҳ.

1. Тақво;

Инсон Аллоҳ учун қай қаражада тақволи бўлса, гуноҳ-маъсиятлардан покланиб, узоқ бўлиб яшашга ҳаракат қилса, шунга яраша Аллоҳ таоло унинг хаёлига ҳам келмаган томонлардан бойликларни, баракали ризқу насибаларни ато этиб туради.

2. Намоз;

Бой-бадавлат бўлиб яшашнинг энг асосий сирларидан бири кундалик беш вақт фарз намозларни ўз вақтида мукаммал бажо этиш ва нафл намозларни, таҳажжуд намозларини ҳам кўп-кўп ўқиб юришдир.

3. Яқинларга яхшилик қилиб яшаш;

Ота-онангиз ва қариндош-уруғларингиз учун фидойи инсон бўлиб, уларга қўлингиздан келадиган, қурбингиз етадиган хизматларингизни, яхшиликларингизни тақдим этишингиз бой-бадавлат бўлишингиз учун энг баракали воситадир.

4. Истиғфорлар айтиб юриш;

Ҳар доим чин қалб билан истиғфорлар айтиб, билиб-билмай қилиб қўйган гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилиб, хато-камчиликлари учун Ягона Аллоҳга тазарру қилиб юриш.

5. Ҳасаддан – кўролмаслик касаллигидан покланиш;

Сизга эмас, бошқаларга насиб бўлган бойликларни кўрганингизда уларга асло ҳасад қилманг. Зеро, бировларга ҳасад қилиш, Аллоҳнинг уларга берилган неъматларини кўролмаслик биринчи ўринда ўзингизни вайрон қилади. Чунки, бундай иллат Аллоҳга қарши чиқишликдан бошқа нарса эмас. Оламлар Парвардигори Ўз ҳикматига биноан жорий қилиб қўйган тақдирдан норизо бўлиш бахтсизликнинг энг улкан ва энг хатарли белгисидир.

6. Тафакур ва шукр.

Аллоҳ таолонинг сизга ато этган неъматлари нақадар кўп ва улкан эканлиги ҳақида тафаккур қилинг ва ана шу неъматларни Аллоҳ учун тоат-ибодат ҳисобланадиган, мусулмонларга, бутун инсоният ва мавжудотга фойда келтирадиган ўринларда ишлатинг.

Аллоҳ таолонинг сизга ато этган энг оддий, лекин жуда ҳам улкан, афсуски, кўпчилик инсонлар ёдларига олмай ғафлатда юраверадиган неъматларидан баъзилари, масалан, шу дунёга келиб яшаётганлигингиз, сизга ақлу заковат берилиб ҳайвонлару жамодотлардан устун қилиб қўйилишингиз, улар сизга хизмат қилиши, сизга итоат этиши, сизга яна соғ-саломат аъзои бадан ато этилиши, ота-онангиз, оилангиз, умр йўлдошингиз ва бола-чақаларингиз бағрида яшаб юришингиз ва ҳоказо…

Бу неъматларнинг шукронасини адо эта олишингиз учун, уларнинг ҳар бири юз йиллаб, балки минг йиллаб тўхтамасдан Ягона Аллоҳга ибодат қилиб ўтишингизга ҳақлидир.

Шундай бўлса-да Меҳрибон Раббимиз бизга энг улкан неъмат бўлмиш ислому иймон неъмати орқали жуда ҳам енгил, ҳақиқий ҳаловату лаззатларни ўз ичига олган шаръий ибодатларни фарз қилган холос. Уларнинг қадрига етган мўмин ва мўминалар шу дунёдаёқ Охират жаннатига кириб олгандек бахт-саодат ичра бой-бадавлат бўлиб яшамоқдалар, алҳамду лиллаҳ …

«Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни иймонлари сабабли Раббилари (дин ва дунёнинг барча соҳаларида тўғри йўлга) ҳидоят қилур (ва Охират жаннатларида ҳам) нозу неъмат боғларида остларидан дарёлар оқиб турур. У ердаги дуолари: «Эй Аллоҳ, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига абадий) тинчлик-саломатлик тилашдир. Охирги тилаклари эса бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамду санолар айтишдир».

(Қуръони карим: 10/9-10)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
 
Ислом Овози каналига марҳамат