Расулуллоҳ меҳмони
Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган набавий қиссалардан
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир киши келиб: «Мен (очлик ва йўқлик туфайли) оғир аҳволда қолдим» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол аёлларидан бирма-бир уйларида бирон таом бормикин деб суриштирдилар.
Барча аёлларидан кетма-кет: «Сизни ҳаққу рост (рисолат – Ислом дини) ила пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ», деган жавоб келди.
Шундан кейин у зот саҳобаларига юзланиб: «Мана бу кишини шу кеча ким меҳмон қила олади?», деб сўрадилар.
Ансорийлардан бир киши: «Мен (меҳмон қиламан), эй Расулуллоҳ», деб жавоб берди ва меҳмонни олиб кетди.
Уйига етиб борар экан аёлига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳмонларига иззат-икром кўрсатгин», деди.
Яна бир ривоятда: «Бирон нарсанг борми?», деб (меҳмонга эшиттирмасдан) сўради.
Аёли: «Йўқ, фақат гўдакларимга етадиган овқат бор холос».
Эр: «Уларни бирон нарса билан овитиб тургин, (оч қолиб) кечки таом исташган пайт ухлатишга ҳаракат қилгин. Қачонки меҳмонимиз (Расулуллоҳ меҳмонлари) хонага кирар экан, чироқни ўчириб қўй (токи меҳмон таомнинг жуда озлигини кўриб хижолат тортмасин) ва биз (мен ҳам сен ҳам) меҳмон билан бирга худди таом еётгандек бўлиб тургин».
Шундай қилиб ансорий оила оч қолишган ҳолларида тунашди, меҳмон эса таомланиб (қорни тўйиб) ётди.
Тонг отганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борор экан, у зот (ансорийга) шундай дедилар:
«لَقَدْ عَجبَ الله مِنْ صَنِيعِكُمَا بِضَيْفِكُمَا اللَّيْلَةَ»
متفق عليه
«Дарҳақиқат, сизларнинг (ансорий ва унинг аёли) меҳмонингизга кўрсатган хизматингиз (меҳмонни ўзларингиздан ҳам фарзандларингиздан ҳам устун қўйиб, таом бериб, иззат-икром қилиб ётганингиз)дан Аллоҳ ажабланди (саховатингиз ва фидойилигингиз Аллоҳга жуда ҳам ёқимли, суюкли бўлди ва У Зот сизлар учун улуғ ажрларни тайёрлаб қўйди)«.
(Саҳиҳи Бухорий: 3798-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 2054-ҳадис)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналига марҳамат