Янги (ҳижрий) йил дуоси ва Ошуро рўзаси фазилати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари (янги) ой ва (янги) йил кираётган (кунлар)да қуйидаги дуони худди Қуръонни ўрганишганидек ўрганиб олардилар:
«اَللَّهُمَّ أدْخِلْهُ عَلَيْنَا بِالأمْنِ وَالإيمَانِ، وَالسَّلاَمَةِ وَالإسْلاَمِ، وَجِوَارٍ مِنَ الشَّيْطَانِ، وَرِضْوَانٍ مِنَ الرَّحْمَنِ»
«Эй Аллоҳ, бу (янги ой ва янги йил)ни омонлик ва иймон, саломатлик ва ислом ила, шайтондан паноҳ бўладиган ва Раҳмон розилиги насиб бўладиган қилиб киритгин».
(Имом Бағавий ривоятлари: Мўъжамус-саҳоба китоби: 3/544. Имом Ибн Ҳажар: «Имом Бухорий шартига мувофиқ» деганлар. «Ал-Исоба» китоби: 4/218)
Эслатма:
2019 йил 31-август шанба куни янги ҳижрий сана – 1441 йил бошланди.
Ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи муҳррам деб номланади. Бу ой Аллоҳнинг ҳузурида энг улуғ ойлардан биридир.
Бу ойнинг 10-куни Ошуро куни деб номланади. Ошуро куни бу йил (2019 милодий йил) 9-сентябр душанба кунига тўғри келяпти.
Ошуро кунида Аллоҳ таоло Мусо алайиссалом ва у зотнинг қавмларини Фиръавн ва унинг аскарларидан қутқарган, Фиръавн ва унинг армиясини шу муборак Ошуро куни денгизга ғарқ қилиб юборган.
Аллоҳнинг ушбу буюк неъматига шукрона тарзида у зот ҳар йили шу кунда рўза тутишни суннат қилганлар.
Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларидан кейин: «Мусо алайҳиссаломга биз ҳақлироқмиз» деб барча мусулмонларни Ошуро кунида рўза тутишга тарғиб этганлар ва шу рўза туфайли бир йиллик гуноҳлар ўчириб юборилишини башорат берганлар.
Яҳудийлардан фарқли бўлишимиз учун Тосуо (Ошуродан бир кун олдинги 9-муҳаррам куни)да ҳам рўза тутиш афзал қилинган.
Демак, келаётган якшанба ва душанба (8-сентябр ва 9-сентябр) кунлари рўза тутамиз иншоаллоҳ.
Меҳрибон Раббимиз барчаларимизга кучли иймонни ва солиҳ амалларни насиб этиб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин …
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналига марҳамат