Исломнинг илк кунлари (илму ҳикматларга бой ҳадис)

Ақида, фиқҳ, сийрат, тарих, тарбия, психология ва сиёсат каби буюк илмларнинг муҳим қоидаларини ўз ичига олган гўзал қисса

Абу Нажиҳ Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар:

(1)

Мен жоҳилият даврида (Ислом келишидан аввал) инсонлар бутларга (ва ҳар хил нарсаларга) сиғинар эканлар, улар албатта залолатга кириб – адашиб кетишган, (ҳақ йўл борасида) уларда ҳеч нарса йўқ (яъни, жаҳолат ботқоғига ботиб қолишган)лигини ҳис қилиб юрардим.

Кейин Маккада бир киши (Аллоҳ томонидан қандайдир) хабарлар етказаётганини эшитиб қолдим. Шунда дарҳол уловимга миниб, у кишининг олдига бордим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кўпчилик одамлардан) яшириниб юрадиган, қавму қариндошлари у кишига қаттиқ қаршилик кўрсатишаётган ҳолатда эканлар.

Мен Маккада у кишини топиш учун аста-секин ҳаракат қилиб, (яшириниб ўтирган жойларига бориб), олдиларига кирдим ва шундай савол бердим: Сиз қандай сифатга эгасиз?

У зот: «Мен пайғамбарман» деб жавоб бердилар.

Мен: Пайғамбар нима дегани?

У зот: «Мени Аллоҳ элчи қилиб юборди».

Мен: Нима (қандай вазифа ёки топшириқ) билан юборди?

У зот: «Қариндошларга яхшилик қилишга, бутларни синдиришга, (ибодат-сиғиниш турларининг барча-барчасини) Ягона Аллоҳнинг Ўзи учун бажо этишга, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмасликка (даъват қилишим учун) мени (пайғамбар қилиб) юборди».

Мен: Бу йўлда сиз билан яна кимлар бор?

У зот: «Бир озод инсон, яна бир қул инсон бор».

Ўша кунларда Абу Бакр ва Билол розияллоҳу анҳумо мусулмонликни қабул қилишган эди.

Мен: Мен ҳам сизга албатта эргашаман.

У зот: «Сизнинг шу кунларда бу ишга тоқатингиз етмайди. Одамлар билан менинг орамиздаги ҳолатни (одамларнинг менга қаттиқ қаршилик қилаётганликларини) кўрмаяпсизми? Шунинг учун сиз (ҳозирча) ўз аҳлингизга (оила ва қариндошларингиз ҳузурига, қишлоғингизга) бориб туринг. Қачонки менинг зоҳир бўлганимни эшитсангиз, ўша пайт олдимга келинг».

(2)

Абу Нажиҳ розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб айтадилар:

Шундай қилиб мен ўз аҳл-оиламга қайтиб кетдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага (ҳижрат қилиб) келдилар, мен эса ўз аҳлимда (қишлоғимда) у кишининг хабарларини (у ёқ бу ёққа бориб-келиб юрадиган) одамлардан сўраб суриштириб юрар эдим. То бир куни Ясриб аҳлидан – Мадина аҳлидан бўлган бир неча киши менинг олдимга (қишлоғимизга) келишди. Шунда улардан сўрадим: Анави Мадинага келган киши нима қилди (у кишига оид можаролар нима бўляпти)? Улар жавоб беришди: Одамлар унинг ҳузурига келишга (иймон келтириб, унга эргашишга) шошилишмоқда. Унинг қавми эса, уни ўлдиришга ҳаракат қилишди, бироқ қурбилари етмади. (Қурайш кофирларининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши ҳужумларига, Бадр, Уҳуд ва Хандақ каби жангларга ишора).

Шундан сўнг мен ҳам Мадинага бориб, олдиларига кириб: «Эй Расулуллоҳ, мени танияпсизми?», дедим. У зот: «Ҳа, сиз Маккада менинг олдимга келиб учрашган кишисиз» дедилар.

Мен яна сўрадим:

Эй Расулуллоҳ, мен билмайдиган, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалар ҳақида хабар беринг, намоз ҳақида ҳам хабар беринг?

У зот айтдилар:

«Субҳ – тонг (бомдод) намозини ўқинг, кейин Қуёш бир найза миқдорича кўтарилиб олгунига қадар намоз ўқишдан тўхтаб туринг, чунки у чиқиб келаётган пайт шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ана шу вақтда кофирлар унга (Қуёшга) сажда қиладилар. Кейин яна намоз ўқинг. Зеро, намоз ўқилаётган пайт (малоикалар) ҳозир бўлиб, (Аллоҳнинг ҳузурида) гувоҳлик бериб турадилар. То найзанинг сояси энг кам миқдорига етгунча (яъни, Қуёш тиккага яқинлашиб қоладиган пайтгача). Ана шу пайт (Қуёш тиккага яқинлашиб қолган вақтда) намоз ўқишдан яна тўхтанг. Зеро, у пайт жаҳаннам қаттиқ ёндириладиган – қиздириладиган вақтдир. Кейин соя яна чўзилишни бошлаганда намоз ўқинг. (Пешин намози вақтидан бошлаб) то аср намозини ўқигунингизча (малоикалар намозга) ҳозир бўлиб, (Аллоҳнинг ҳузурида) гувоҳлик бериб турадилар. Кейин намоз ўқишдан тўхтанг то Қуёш ботиб олгунига қадар. Чунки, Қуёш ботаётган пайтида ҳам шайтоннинг икки шохи орасида ботади. У пайт кофирлар унга (Қуёшга) сажда қиладилар».

(3)

Абу Нажиҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:

Эй расулуллоҳ, вузуъ (юз ва қўлларни ювиб, бошга масҳ тортиб, оёқларни ҳам ювиб енгил таҳорат олиш) ҳақида ҳам хабар беринг?

У зот айтдилар:

«Қайси бирингиз таҳорат сувини яқинлаштириб, оғзини (томоқларигача) сув билан ғарғара қилиб – яхшилаб чайқаб, бурнига сув тортиб, кейин (у сув билан бурун ичидаги кирларни) чиқариб ташлар экан, юзининг, оғзининг ва думоғларининг хатолари (гуноҳлари) тўкилиб чиқиб кетади. Кейин юзини худди Аллоҳ буюрганидек ювса юзининг хатою гуноҳлари соқолининг атрофидан сув билан бирга тушиб кетади. Кейин икки қўлини тирсакларигача ювганида, ана шу икки қўлининг хатою гуноҳлари сув билан бирга бармоқлари учи орқали тўкилиб тушиб кетади. Кейин бошига масҳ тортганида бошининг хатою гуноҳлари сочларининг атрофидан сув билан бирга тўкилиб чиқиб кетади. Кейин икки оёғини икки тўпиғигача ювганида икки оёғининг хатолари, гуноҳлари оёғининг бармоқ учларидан сув билан бирга тўкилиб чиқиб кетади. Кейин у (Аллоҳнинг ҳузурида) қоим бўлиб намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, У Зотни улуғласа, У Зот (Ягона Ўзи) ҳақли бўлган (барча) мақтовлар билан мақтаса, қалбини (яъни, фикр-хаёлини, бутун вужудини) Аллоҳ таоло учун фориғ қилса, бас, у намозидан чиқар вақти худди онаси уни туққан кунидаги ҳолатидек бўлиб барча хатою гуноҳларидан покланган ҳолида чиқади».

(4)

Абу Нажиҳ Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни Расусулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир Абу Умома деган саҳобийлари розияллоҳу анҳуга айтиб берганларида у киши шундай дедилар:

«Эй Амр ибн Абаса, нима деётганингизга яхшилаб эътибор беринг. Бу инсонга бир мақомнинг ўзидаёқ шунча нарсалар (чексиз ажру мукофотлар) ато этиладими?»

Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:

Эй Абу Умома, дарҳақиқат менинг ёшим улғайиб, суякларим нозик бўлиб (заифлашиб), ажалим яқинлашиб қолган. Аллоҳ таоло ҳаққига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларига ёлғон гапириш учун менда ҳеч қандай эҳтиёж йўқ! Мен бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан агар фақат бир марта ё икки марта ё уч марта – етти мартагача санадилар – эшитган бўлганимда ҳечам уни ривоят қилиб ўтирмасдим. (Яхши ёдлаб ололмай қолган бўлсам хато қилиб қўймай деб сукут сақлардим). Мен бу ҳадисни бундан ҳам кўпроқ марта (такрор-такрор) эшитганман. (Қайта-қайта эшитавериб мукаммал даражада ёдлаб олганим учун аниқ-тиниқ тарзда айтиб беряпман).

(Саҳиҳи Муслим: 832-ҳадис)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига марҳамат

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg