Арафа куни холис Аллоҳ учун тутилган рўза ўтган йилги ва келаётган йилдаги гуноҳларни ўчиради

Маълумки, эртага (1440 ҳижрий йил 9-зулҳижжа 2019 милодий 10-август шанба) улуғ айём АРАФА КУНИдир.

Ушбу муносабат билан сиз азизларга Арафа куни рўзасини эслатиб ўтмоқчимиз.

Ҳаж сафарига мушарраф бўлган ҳожиларимиздан, яна шаръий узр туфайли рўза тутишдан қайтарилган айрим опа-сингилларимиздан ташқари, рўза тутишга қодир бўлган барча биродарларимизни бугун (2019 йил 9 августдан 10 август) шанбага ўтар кеча тонг отишдан олдин саҳарлик таомини еб, рўзага ният қилиб олишларига тарғиб этамиз.

 

* Арафа куни холис Аллоҳ учун тутилган рўза ўтган йилги ва келаётган йилдаги гуноҳларни ўчиради:

Имом Муслим саҳиҳ ҳадислар тўпламида ривоят қиладилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«صيام يوم عرفة أحتسب على الله أن يكفر السنة التي قبله والسنة التي بعده».

رواه مسلم (ح: 1162).

«Арафа кунининг рўзаси ўзидан олдинги бир йилни ва ўзидан кейинги бир йилни (яъни, ушбу икки йил ичида қилинган гуноҳларни) ўчириб юборишини Аллоҳ таолодан умид қиламан …».

(Саҳиҳи Муслим: 1162-ҳадис).

Яна бир ривоятда Арафа куни рўзасининг фазилати ҳақида саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида жавоб бериб айтдилар:

«Ўтган бир йилни ва келаётган бир йилни ўчириб юборади».

 

* Уламоларнинг шарҳларидан иқтибос:

Ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Уламолар ҳадисда ишора қилинган гуноҳлардан мурод кичкина гуноҳлардир, деб айтишган. Агар кичкина гуноҳлари кечириб юборилган киши бўлса катта гуноҳларини енгиллаштиришига умид кучаяди. Агар катта гуноҳлари йўқ киши бўлса (жаннатдаги) даражалари баландроқ мақомларга кўтарилади».

Уламолар «бу каби ибодатлар кичкина гуноҳларни ўчиради», деб шарҳлашларига сабаб, чунки катта гуноҳларни қилиб қўйган инсон у гуноҳларнинг жазосидан қутилиши учун албатта алоҳида тавба-тазарру қилиши лозимлигига далолат қилувчи ояту ҳадислар бор.

 

* Келгуси бир йиллик гуноҳларнинг кечирилиши қандай бўлади?

Келгуси бир йиллик гуноҳларнинг кечирилиши қандай бўлишини ҳам уламолар шарҳлаб айтадиларки:

«… تَكْفِيرُ السَّنَةِ الْآتِيَةِ أَنْ يَحْفَظَهُ مِنَ الذُّنُوبِ فِيهَا»

(مرقاة المفاتيح: 4/1413)

«Келаси бир йил каффорот бўлиши (Аллоҳ таоло) уни ўша йилда гуноҳларга йўл қўйишидан сақлайди…».

Айтилмоқчики, яна биров шайтон ва нафс васвасасига учиб «келаси бир йиллик гуноҳим ҳам кечириладиган бўлди, энди бемалол гуноҳ қилсам бўлаверади, Аллоҳ барибир кечириб юбориши аниқ бўлди», деб ўйламасин, ҳадиси шарифда бундай маъно йўқ. Балки, шундай улуғ кунда рўза тутганлиги шарофати билан гуноҳ ишлардан ўзини узоқ тутиб юрадиган солиҳ банда бўлишга муваффақ бўлади. Бордию иймони баъзан сал заифлашиб, бирон гуноҳ иш қилиб қўйган тақдирда ҳам дарҳол тавбага шошиладиган бўлади. Аллоҳ уни ана шундай солиҳ банда қилади, агар ҳақиқатан ҳам арафа рўзасини холис Аллоҳ учун тутган бўлса.

 

* Умид ва қўрқув орасида яшаш аҳамияти:

Бу нуқта ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги даркор. Биз доимо умид ва қўрқув орасида туришимиз лозим. Бажарган солиҳ амалларимизни холис Аллоҳ учун мукаммал даражада адо эта олдикми, Аллоҳ биздан қабул қилармикин?

Бу борада ҳеч ким бизга илоҳий хабар олиб келиб «сизнинг амалингиз қабул бўлди ёки бўлмади» деб кафолат беролмайди.

Фақат Ягона Аллоҳнинг Ўзидангина умидвор бўламиз, шу билан бир вақтнинг ўзида амалимиз қабул бўлмай қолишидан ёки ўзимиз уни билиб-билмасдан яна ҳабата қилиб қўйишимиздан қўрқиб ҳам турамиз.

Бу нарса бизни доимо Парвардигоримизга ибодатлар билан илтижо қилиб яшашга туртки бўлади. Шу тариқа борган сайин жаннатдаги даражотларимиз юксалиб бораверади, иншоаллоҳ.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ лаҳзаларни ғанимат билиб, солиҳ амалларни холисона ва мукаммал бажариб олишимизга муваффақ қилсин ва икки олам бахт-саодатини насиб айласин …

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига марҳамат

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg