«Ҳар бир яхшилик садақадир»

Қисқагина ҳадисга мухтасар шарҳ

Жобир ибн Абдуллоҳ ва Ҳузайфа ибнул-Ямон розияллоҳу анҳумдан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«كُلُّ مَعْرُوفٍ صَدَقَةٌ»

رواه البخاري عن جابر ومسلم عن حُذَيفة

«Ҳар бир яхшилик садақадир».

(Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари)

Мўмин киши ҳар бир яхши амали учун камбағалларга садақа бергандек савоб олаверади. Яхши амали кўпайгани ва буюклашгани сари садақа қилганлик савоблари ҳам кўпайиб ва улканлашиб бораверади.

Амалларидаги ихлоси – холис Аллоҳ учун ният қилиши ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларига риоя қилиши кучайгани сари унинг савоблари ва самаралари ҳам ана шунга яраша бўлади.

Яхшилик дейилганда барча тоат-ибодатлар, Исломга, мусулмонларга хизмат қилиш, қолаверса бутун инсониятга, ҳатто ҳайвонлару жамодотларга ҳам яхшилик қилиш киради.

Имом Бухорий Адабул-муфрад тўпламида, имом Аҳмад Муснад тўпламида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«إنْ قامَتِ السَّاعةُ وفي يدِ أحدِكُم فَسيلةً فإنِ استَطاعَ أن لا تَقومَ حتَّى يغرِسَها فلْيغرِسْها»

رواه البخاري في الأدب المفرد واللفظ له، ورواه أحمد في المسند

«Сизлардан бирингизнинг қўлида бир ниҳол турган пайт Қиёмат қоим бўлса (Қиёмат олди даҳшатлари бошланиб қолса), бас, Қиёмат қоим бўлишидан аввал ана шу ниҳолни (ёки бирон дарахт уруғини ерга) экиб қўйишга қодир бўлса (улгурса) экиб қўйсин!».

(Саҳиҳи Адабул-муфрад: 371-ҳадис, Муснади Аҳмад: 12902-ҳадис,  Умдатул-Қорий: 12/219)

Ушбу иккинчи ҳадиси шарифдан ҳам ўрганишимиз лозим бўлган ибратлар жуда кўп. Жумладан, инсон бирон яхши амалга киришса, уни бошлаганидан сўнг албатта охиригача мукаммал бажариб қўйишга ҳаракат қилмоғи даркор.

Аллоҳ барчадан яхшироқ билувчи Зотдир.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига марҳамат

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg