Ҳаж қилиш фазилати ва савоби ҳақида беш ҳадис
1-ҳадис:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«مَن حَجَّ لِلهِ فَلَمْ يَرْفُثْ، ولَمْ يَفْسُقْ، رَجَعَ كَيَومِ ولَدَتْهُ أُمُّهُ»
«Кимки Аллоҳ учун ҳаж қилиб, уятсиз ишларни (жинсий яқинлик ва унга чорловчи нарсаларни) қилмаса, фисқу гуноҳлардан сақланса, худди онаси уни туққан кунидаги ҳолатидек (гуноҳлардан покланиб, оппоқ ва мусаффо банда) бўлиб қайтади».
(Бухорий: 1521-ҳадис, Муслим: 1350-ҳадис, Саҳиҳул-жомиъ: 5943-ҳадис)
2-ҳадис:
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтадилар:
أتيتُ النبيَّ صلى الله عليه وسلم، فقلتُ: ابسط يمينَك فلأُبايعك، فبسَط يَمينه، قال: فقبضتُ يدي، قال: ((ما لك يا عمرو؟))، قال: قلت: أردت أن أشترطَ، قال: ((تشترط بماذا؟))، قلت: أن يُغفر لي، قال: ((أمَا علمتَ أنَّ الإسلام يَهدِم ما كان قبله؟ وأن الهجرة تهدم ما كان قبلَها؟ وأن الحج يهدم ما كان قبله؟))
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ўнг (қўл)ингизни очинг, сизга байъат бераман» дедим. У зот ўнг (қўл)ларини очган эдилар, мен қўлимни тортдим.
– Шунда сўрадилар: «Сенга нима бўлди эй Амр?».
– Мен айтдимки: Шарт қўймоқчи эдим.
– «Қандай шарт қўймоқчисан?»
– Менинг (жоҳилият даврида қилган барча гуноҳларим) мағфират қилинишини.
– «Ислом албатта ўзидан аввалги нарсаларни (мусулмонликка кираётган инсоннинг аввалги барча гуноҳларини) парчалаб (йўқ қилиб) юборишини, ҳижрат ҳам албатта ўзидан аввалги нарсаларни (барча маъсиятларни) парчалаб ташлашини, ҳаж ҳам албатта ўзидан аввалги нарсаларни парчалаб ташлашини (барча гуноҳларни йўқ қилиб, саҳифаларни теп-текис қилиб тозалаб қўйишини) билмаганмидинг?».
(Муслим: 121-ҳадис, Саҳиҳул-жомиъ: 1329-ҳадис)
3-ҳадис:
Уммул-муъминин Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
عن عائشة أم المؤمنين رضي الله عنها أنها قالت: يا رسول الله، نَرى الجهاد أفضل العمل، أفلا نجاهد؟
قال: «لا، لكُنَّ أفضلُ الجهاد: حجٌّ مَبرور»
Эй Расулуллоҳ, жиҳод энг афзал амал деб биламиз. Биз (аёллар) ҳам жиҳод қилайлик?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Йўқ, сизлар учун энг афзал жиҳод бор – ҳажжи мабрур (холис Аллоҳ учун мукаммал даражада бажо этилган ҳаж)!».
(Бухорий: 1520-ҳадис)
4-ҳадис:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«تَابِعُوا بين الحجِّ والعمرةِ ، فإنَّهما ينفيانِ الفقرَ والذنوبَ ، كما يَنفي الكيرُ خَبَثَ الحديدِ والذهبِ والفضةِ ، وليس للحجةِ المبرورةِ ثوابٌ إلا الجنةُ»
«Ҳаж ва умра орасини эргаштириб (ҳар замонда бир такрорлаб) туринглар). Зеро, бу икки ибодат (ҳаж ва умра) камбағалликни ва гуноҳларни йўқ қилиб (кетказиб) туради, худди олов темир, тилла ва кумушнинг кирларини кетказиб тургани каби. Ҳажжи мабрур (холис Аллоҳ учун бажарилган ҳаж учун фақат жаннатгина савоб-мукофот бўла олади!».
(Сунани Термизий: 810-ҳадис, Термизий: ҳасан, саҳиҳ, ғариб ҳадис)
5-ҳадис:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«العُمْرَةُ إلى العُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِما بيْنَهُمَا، والحَجُّ المَبْرُورُ ليسَ له جَزَاءٌ إلَّا الجَنَّةُ».
«Умра (ўзидан кейинги) умрагача бўладиган орадаги нарсаларни (гуноҳларни) ўчириб туради. Ҳажжи мабрур (Аллоҳ учун холис ва мукаммал адо этилган ҳаж) учун эса, фақат жаннат мукофот бўла олади».
(Бухорий: 1773-ҳадис, Муслим: 1349-ҳадис)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози телеграм канали