Васвасаларга эътибор берманг (Ҳадис ва изоҳ)
Инсонлар ва жинлар ичидан чиқадиган шайтонлар мўмин-мусулмонларни ҳақ йўлдан адаштириш мақсадида турли-туман васвасаларни ўйлаб топадилар. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалдан огоҳлантириб қўйганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«يأتي الشيطانُ أحدَكم فيقول: مَن خلق كذا ؟ من خلق كذا ؟ حتى يقول: من خلق الله ؟ فإذا بلغه فليستعذ بالله، ولينته».
متفق عليه (صحيح البخاري كتاب بدء الخلق: 3102 ، صحيح مسلم كتاب الإيمان: 134)
وفي لفظ: «فليقل: آمنت بالله ورسله».
رواه أحمد في المسند (6/257).
«Сизлардан бирингиз(нинг фикр-хаёли)га шайтон: «Фалон нарсани ким яратган, пистонни ким яратган…» деган саволларни олиб келади. Ҳатто «Аллоҳни ким яратган?» деб ҳам айтади. (Кимки) шундай ҳолатга йўлиқса, дарҳол Аллоҳга илтижо қилиб (инсонларнинг ва жинларнинг шайтонларидан) паноҳ беришини сўрасин ва (бундай васвасалар билан фикр-хаёлини чалғитишдан) тўхтасин».
(Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Имом Аҳмад ривоятларида қуйидаги зиёдаси билан ворид бўлган:
«… дарҳол Аллоҳга илтижо қилиб (инсонларнинг ва жинларнинг шайтонларидан) паноҳ беришини сўрасин, (бундай васвасалар билан фикр-хаёлини чалғитишдан) тўхтасин ва «Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирганман!» деб айтсин».
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози телеграм канали