Мадина аҳлидан ибрат (40 ёшга етганлар учун)
«Мадина аҳли қирқ ёшга етсалар (дунё ишларини тўхтатиб, умрларининг қолган қисмида) фақат тоат-ибодат билан банд бўлишарди».
(Имом Нававий, Риёзус-солиҳин китоби)
Изоҳ:
(1)
Баъзилар яна шайтон васвасасига учиб: «Ибодатни қирқ ёшдан кейин бошласак ҳам бўларкан-ку» деб юрмасин! Бу зотлар ёшликларидан тоат-ибодат билан улғайган зотлар. Шундай бўлишига қарамасдан, қирқ ёшга етганларидан сўнг «биз бу ёшга етгунимизгача кўп ибодат қилолмадик, ажалимиз яқинлашиб қолди, бу ёғига энди дунёвий ишларимизни тўхтатиб қўя қолайлик, ўлим келиб қолишидан олдин кўпроқ ибодат қилиб олайлик» деган маънода дунё ишларини фарзандларига ёки шогирдларига топшириб юборар эдилар.
Кундалик беш вақт фарз намозларни эса, ақл-ҳуши жойида бўлган инсон етти ёшга етганидан бошлаб вафот этгунига қадар ҳеч қачон канда қилмаслиги даркор, фақат ҳайз кўрган ёки нифосда бўлган аёллар ўша узрли вақтларида ўқимай турадилар холос.
Намоз ўқиётган мўмин худди жаннатда Аллоҳ таоло билан суҳбатлашаётгандек бўлади. Бундай бахт-саодат ва лаззатни фақат қалби уйғоқ инсонларгина ҳис қила оладилар.
(2)
Дунё ишларини дин хизмати учун бажаришимиз лозим. Шунда дунё ишлари билан ўтадиган вақтимиз ҳам ибодат билан банд бўлиш ҳисобланади. Бу ерда эса, инсон ўзини ва оиласини деб дунёга берилиб яшайвериши яхшимаслиги айтилди.
Меҳрибон Раббимиз дунё ва охират неъматларидан ҳеч биримизни ҳеч қачон маҳрум этмасин …
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози телеграм канали