Макка-Мадинада яшаш ҳукми

Имом Абу Ҳанифа мазҳаблари асосида ёзилган Нурул-ийзоҳ китобидан ҳаж аҳкомларини ўқиб ўтиргандим.

Маккаи мукаррамада доимий суратда истиқомат қилиб қолиб кетиш ҳукми ҳақида буюк уламоларимизнинг фатволари эътиборимни тортди.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Маккаи мукаррамада қолиб кетишни макруҳ санаган эканлар, чунки Байтуллоҳ ва Ҳарам ҳудуди ҳақ-ҳуқуқини бажо этолмайди киши.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айни шу сабаб туфайли Тоиф шаҳрига кўчиб кетганликлари маълум ва машҳур.

Имом Абу Ҳанифанинг икки соҳиблари (энг катта шогирдлари) бўлмиш Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ эса, «Маккаи мукаррамада яшаш учун истиқомат қилиб ўша ерда қолиб кетиш макруҳ эмас» деб фатво беришган экан.

Мадинаи мунавварада қолиб кетиш масаласида эса, биронта уламо бу амални макруҳ санаганликларини билмайман.

Бу ерда айтилмоқчи бўлган асосий нуқта шуки, муқаддас шаҳарда – ҳоҳ Маккада хоҳ Мадинада – яшашнинг ўзи эмас, балки ана шу ерда яшашга ҳақли бўлиш зарур! Ўша ерда яшайдиган инсон барча гуноҳлардан узоқ бўлишга, имкон қадар ўша муқаддас шаҳарнинг ҳақ-ҳуқуқларини бажо этиб яшашга ҳаракат қилиши даркор.

Агар кимдир Маккаи мукаррамада гуноҳлардан йироқ бўлиб, тоат-ибодатларни ғанимат билиб яшай олгудек бўлса, албатта у инсон энг улуғ мўминлардан бўлади. Ҳар куни беш вақт намозларни Масжидул-Ҳаромда мукаммал бажо этиб яшай олса, бу билан бошқа жойлардаги намозхонлардан кўра ҳар куни беш юз минг баробар кўпроқ ажру савобларни қўлга киритаётган бўлади. Лекин, масаланинг хатарли томони шуки, бундай муқаддас шаҳарда бирон гуноҳ қилиб қўядиган бўлса, унинг жазоси бошқа ерда қилинган гуноҳдан кўра қаттиқроқ бўлади! Аллоҳ асрасин…

Қуйидаги ҳаволада шу мавзуга алоқадор фатволар бор (араб тилида)

أفضل البقاع مكة ثم المدينة

فضل السكن بمكة

Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi