Америкага эргашиш жоиз бўлган масала

Ҳар йили Рамазон бошланишида ва ҳайит киришини белгилашда мусулмонлардан бир гуруҳ ишончли кузатувчилар янги ҳилол чиққанини ўз кўзлари билан кўришга ҳаракат қилишлари аҳамияти такрор-такрор эслатилади.

Кўп давлатлардаги расмий диний идоралар ҳилолни оддий кўз билан кўришга ҳаракат қилиб ўтирмасдан, янги ой қачон бошланишини фалакий ҳисобларга таянган ҳолларида олдиндан эълон қилиб қўя қолишади.

Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига амал қилишни истаган кўпчилик мўмин-мусулмонларни норози қилади.

Натижада улар расмий идораларга эмас, Суннатда буюрилган тариқага амал қиладиган жойлардаги мусулмонлар жамоатига эргашишга ҳаракат қиладилар.

Айниқса, Макка-Мадинадаги мусулмонларга «Янги ҳилол чиқдими, кўрилдими, йўқми…» деб ҳар сонияда тўхтовсиз саволлар йўллаб, жавобни интизорлик билан кутиб турадилар.

Маълумки, янги ҳилол таваллуд топган илк лаҳзаларида кўзга кўринмайдиган даражада жуда ҳам ингичка бўлади. Кейин дақиқалар ва соатлар ўтган сайин аста-секин катталашиб, оддий кўз билан кўрса бўладиган даражага етиб боради.

Бундан чиқдики, машриқ аҳли бу борада мағриб аҳлидан орқада юрадилар. Чунки, шарқда кўринмаган ҳилол ғарбга етиб боргунча анча катталашиб, кўзга кўринадиган даражага етиб олади.

Бу масалада Макка-Мадинага эргашиш керак деган ҳеч қандай шаръий буйруқ йўқ. Ҳатто имом Абу Ҳанифа мазҳабларида ҳам «Дунёнинг қайси бурчагида янги ҳилол кўрингани собит бўлса, қолган мамлакатлардаги мусулмонлар ўша ҳилол кўринган жойдаги мусулмонларга эргашаверсинлар» деган фатво борлиги барча аҳли илмларга маълум ва машҳур.

Масалан, бугун агар Америка қитъасидаги мусулмонлар янги ҳилолни ўз кўзлари билан кўриб ҳайит кирганини эълон қилиб қолишса, дунёнинг шарқидаги мусулмонлар ҳам ана шу америкалик мўмин-мусулмонлар жамоатига эргашишлари жоиз бўлаверади. Ёки ўзлари Суннатга амал қилиб янги ҳилолни кузатишган бўлишса, янги ҳилол уларга кўринмагани туфайли яна бир кун рўза тутишда давом этишга қарор қилишса, бу ҳам жоиз! Фақат ҳар ким ўзи якка тартибда эмас, балки яшаб турган еридаги мусулмонлар жамоатига эргашган ҳолда амал қилиши лозим.

Энг муҳими, Суннати Набавийяга биноан ҳилол кўринишини кузатиш, ҳар бир минтақадаги мусулмонлар жамоатининг бирлигини сақлаш, фитна ва тафриқаларга сабабчи бўлиб қолмасликдир.

Аллоҳ ҳаммадан яхшироқ билувчи Зотдир.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига хуш келибиз

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg