Марям, Марям, Марям…

Аллоҳнинг ҳузурида инсонни энг юксак мақомларга кўтарадиган хислатлардан бири иффат – покдомонликдир. Бундай улуғ хислат эркаклардан кўра аёлларда мужассам бўлиши яна ҳам зарурроқ.

Марям онамиз алайҳассалом бутун оламдаги аввалину охирин аёллар орасидаги энг улуғ момоларимиздан биридирлар. Бундай буюк мақомга эришишлари эса, осонликча бўлмаган.

Аллоҳ таоло Ўзи суйган бандаларини улуғ мартабаларга кўтаришдан олдин энг оғир имтиҳонлар билан чархлайди.

Марям онамизнинг бошларига тушган мусибат нақадар оғир бўлгани ҳақида бир оз тафаккур қилиб кўрган ақлли инсоннинг кўз ёшлари «сел бўлиб» оқиши муқаррардир.

Бу кеча (15 рамазон 1440 ҳижрий сана, 2019 йил 19-май Масжиди Набавийда) имомимиз таровиҳнинг биринчи ўн ракъатида Марям сурасини тиловат қилар экан, айнан худди шундай бўлди. Имом ҳам йиғлади, иқтидо қилиб турган жамоат ичида ҳам йиғидан ўзларини тўхтатолмаганлар бўлишди.

Марям онамизнинг қиссаларини Аллоҳ таоло Макка давридаёқ нозил қилган.

Тақдир тақозоси билан Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлган саҳобаи киромлардан у ердаги насроний подшоҳ Асҳама Ан-Нажоший мусулмонларнинг Ийсо ва Марям алайҳимассалом ҳақларида нима деб эътиқод қилишларини сўрайди.

Бунинг сабаби, Макка мушриклари Нажошийни мусулмонларга қарши гижгижлаб «Булар Ийсо-Масиҳ ва Биби Марям ҳақларида жуда ёмон, жуда хунук гапларни гапиришади…», дейишган эди. У ердаги муҳожир саҳобаларнинг амири Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу «Нима бўлса бўлсин, биз ҳаққу рост эътиқодимизни Ягона Аллоҳдан қўрққан ҳолимизда очиқ-ойдин айтиб, Марям сурасидаги оятларни тиловат қилиб берамиз…» дейдилар.

Асҳама Ан-Нажоший, унинг атрофидаги роҳиблар ва давлатнинг катта-катта аъёнлари Марям сурасидаги ояти карималарни тинглар эканлар, ўзларини йиғидан тўхтатолмай қоладилар.

Улар ҳақида Аллоҳ таоло Моида сурасининг 83-85 оятларида хабар берган.

Айниқса, Асҳама Ан-Нажоший ўша пайт Ислом динини қабул қилгани ҳақида ривоятлар бор, раҳимаҳуллоҳ.

Энди Марям онамизнинг бошларига тушган мусибатни ўзингизнинг бошингизга тушгандек тасаввур қилинг ва чуқур фикр юритиб кўринг.

Марям онамиз энг покдомон оиланинг энг покиза, тоҳираю мутаҳҳара ва ёшгина қизи эдилар. Эри йўқ бу гўзал қиз ҳомиладор бўлиб қолади. Энг покиза қиз Марям бинти Имронни – Аллоҳнинг пайғамбари Закарийё алайҳиссалом қўлларида тарбия топган мўмина аёлни «зино қилиб қўйибди», дейиш нақадар улкан мусибат ва «шармандалик»?!

Фисқу фасодга тўлган бугунги кундаги айрим жамиятлар учун бундай «шармандалик» оддий ҳолат бўлиши мумкиндир, аммо ҳақиқий мўмина-муслима аёллар учун бу энг даҳшатли мусибатлардан биридир.

Шунинг учун ҳам Марям онамиз ўзларини шаҳардан ташқари, ҳеч ким йўқ жойга олиб қочиб: «Қанийди мен бу кунимдан олдин ўлиб кетган бўлганимда, одамларнинг фикру хаёлидан бутунлай унутиб юборилган, ўчиб кетган бўлганимда эди…» деб, бир чеккада, бутун халойиқдан узилган ва ёлғизланган ҳолларида қолиб кетадилар.

Бутун оламлар Парвардигори, чексиз ҳикматлар эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло эса, Марям онамизни ушбу оғир имтиҳон ва буюк мўъжиза – отасиз бир фарзанд яратиш орқали дунё ва Охиратда энг улуғ мартабаларга кўтараётган эди.

Ибратлар билан тўлиб-тошган муборак қиссанинг тафсилотига киришамиз, десак жилд-жилд китоблар ёзиш керак бўлади.

Мен ҳозир Марям онамизнинг шу дунёдаги мартабаларидан фақат биттасини ёдга олиш билан чекланмоқчиман.

Марям онамиз илоҳий имтиҳонлардан аъло баҳолар билан ўтиб олганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга Қуръони каримда ҳам улкан неъматини ато этди – Марям онамизнинг исмларини ушбу энг улуғ китобда 34 марта зикр қилди. (Қуръони каримда ҳатто Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмлари фақат 4 марта зикр қилинган холос). Қуръони карим сураларидан бири Марям онамизнинг исмлари билан номланди. (Бошқа ҳеч қайси аёлга бундай шараф насиб бўлмаган, Қуръонда Хадича сураси ёки Оиша ёки Фотима ёки Осиё сураси деб номланган биронта сура йўқ). Марям онамизни улуғлаб нозил бўлган ояти карималар Қиёматга қадар миллиардлаган уммат томонидан такрор-такрор тиловат этиб юрилади.

Сон-саноқсиз ота-оналар ҳам минг йиллардан буён ўзларининг қизларини МАРЯМ деб номлаб келмоқдалар, шояд шу улуғ онамиз каби иймонли, тоат-ибодатли, ахлоқли, иболи, ҳаёли, иффатли покдомон мўмина бўлиб икки дунё бахт-саодатига эришсалар.

Марям онамизнинг Охиратдаги мартабалари нақадар улкан эканлигини эса, Ягона Аллоҳнинг Ўзи билади.

{وَلَأَجۡرُ ٱلۡأٓخِرَةِ خَيۡرٞ لِّلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ}. [يوسف: 57].

«Албатта, (Аллоҳга) иймон келтирган ва (Ягона Аллоҳнинг Ўзидан) тақво қилиб юрган зотлар учун Охиратда ажр-мукофот янада яхшироқ-афзалроқ бўлур».

(Юсуф сураси, 57-оят)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига хуш келибиз

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg