Устоз Аъзамхон ака ҳақида хотираларим

Бўлимлар: Муносабат

Бугун жумъадан шанбага ўтар кеча саҳар вақти Мадинаи мунавварада муҳожир бўлиб яшаб келган ватандош олим Аъзамхон Носир ака вафот этдилар.

Аллоҳ таоло шайх Аъзамхон акани Ўз раҳматига олиб Фирдавс жаннатлари билан мукофотласин, бизларга ҳам гўзал хотималар насиб айласин, яқинларига сабри жамил ато этсин …

«Албатта барчаларимиз Аллоҳнинг бандаларимиз ва шубҳасиз У Зотнинг ҳузурига қайтгучилармиз».

Шайх Аъзамхон ака раҳимаҳуллоҳнинг одамлар билан бўладиган муомалаларини улуғ саҳобий Абу Зар Ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг хислатларига ўхшатаман. У киши баъзи домлаларнинг ҳурматталаб бўлиб қолганликларини қаттиқ танқид қилардилар. Ихлос, камтарлик, фидойилик, зоҳидлик каби гўзал ахлоқ-одобга амал қилиш борасида энг аввало илм аҳллари жуда мустаҳкам туришлари зарур деб билардилар.

Устоз билан илк учрашувим 2000 йиллар ўрталарида Маккаи мукаррамада бўлган. Ўзбекистонда учрашганимни аниқ эслолмайман, у пайтлари анча ёш эдим.

Маккалик ҳамшаҳар устозлардан Аббос Сафохон раҳимаҳуллоҳ қизларини узатаётганларида валима тўйида бир дастурхонда Аъзомхон ака, Сайфуллоҳ ака ва яна баъзи биродарлар билан бирга иймонлашиб ўтиргандик. У пайт Аъзамхон ака умра сафари билан келгандилар. Кейинчалик Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кўчиб келганлар.

2015 йил Маккаи мукаррамада ҳаж мавсумида иккаламиз бир жойда холи қолиб суҳбатлашиб ўтирганимизда: «Нимага баъзи шайхлар салафи солиҳларнинг йўлларини мукаммал даражада маҳкам тутишмайди. Хусусан, холислик ва камтарлик хислатлари жуда ҳам заифлашиб кетяпти. Мен укамга ҳам фалончи шайх ҳақида мулоҳазамни айтдим. Бу шайхларга бир илтимос билан мурожаат қилишдан олдин уларни кўтар-кўтар қилиб, ҳақларига дуолар қилиб, кейин асосий гапга ўтиш одат бўлиб қолибди. Шундай қилинмаса яхши эътибор беришмайдиган бўлиб қолишибди. Қани салафи солиҳларимизнинг гўзал намуналарига эргашиш?! Оддий мисол, Умар ибн Хаттоб ва Умар ибн Абдулазиз сийратларини билишади-ку ҳаммалари, нимага амал қилишмайди ахир? Умар ибн Абдулазизга ўша машҳур қиссада бир бева аёл аввал «алҳамду лиллаҳ» деб туриб, кейин «жазакаллоҳу хойрон» деб дуо қилганда у зот нима қилгандилар? … Мен хафаман бундай аҳволдан…» деган мазмунда гапиргандилар.

Аъзамхон ака Қуръони карим тафсирини мукаммал ёзиб чиқиш учун охирги йиллар аксарият маросимларга боришдан бош тортиб келдилар ва ниҳоят Қуръони каримнинг янги тафсирини ёзиб тамомлаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшларига етиб қолганликларини ҳам эсларига олиб Охиратга йўл олдилар.

Sayfulloh Nosir ака айтишларича, кеча жумъа намозидан сўнг хуфтонгача Аъзамхон ака уйларида тафсирни такроран ўқиб, баъзи жойларини қайта таҳрир қилиб ўтиришган экан.

Аъзамхон аканинг суҳбатларида бўлган киши асло зерикмайди, аксинча кўпдан-кўп илмий ва ҳаётий ибратларни ўрганади. Кенжа ўғилларини уйлантирганларида ҳам уйларида зиёфат бериб, ибратли қиссалардан айтиб бергандилар.

Ўзбек адабиётини ҳам араб адабиётини ҳам жуда яхши билардилар. Араб тили илмлари бўйича буюк аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳнинг китобларидан ҳам иқтибослар келтириб турардилар.

Ватанимизда асосий устозлари Домла Ориф (Бухоро мадрасасида руслар инқилобидан олдин таҳсил олган уламолардан бўлганлар), Абдулҳаким қори дода, Раҳматуллоҳ аллома, Абдували қори ака, Алоуддин Мансур каби улуғ домлалардан узоқ йиллар давомида таҳсил олган ва тез-тез учрашиб турган бу олийжаноб устознинг ҳаётлари ҳақида иншоаллоҳ яқин келажакда албатта батафсил рисола ёзилади деб умид қиламиз.

Сайфуллоҳ ака ўзларига ҳам устоз ҳам ака бўлган Аъзамхон домлани қаттиқ ҳурмат қилишларига ва олдиларида гўзал одоб билан ўтиришларига шахсан ўзим ҳам кўп гувоҳ бўлганман. Қизиғи, мен нимагадир Аъзамхон акадан кўра Сайфуллоҳ акадан кўпроқ ҳайбатланиб турардим.

Сайфуллоҳ ака ҳам кўринишлари жиддийроқ бўлгани билан қалблари жуда юмшоқ экан. Бугун бомдоддан сўнг менга қўнғироқ қилиб: «Акам бетоб бўлиб қолибдилар, тезроқ бориб хабар олсак, вақтингиз бўлса бирга борамиз…» – дедилар. Дарҳол йўлга чиқиб қўшни маҳалладаги манзилга бориб, Аъзамхон ака хоналарига кирдик, қарасак у зот сажда қилган ҳолда ётган эканлар. Сайфуллоҳ ака билан биргалашиб у кишини ёнларидаги кўрпачага ётқизар эканмиз, Сайфуллоҳ ака Аъзамхон аканинг бўйин томирларини ушлаб кўриб, кўзларидан ёшлар оқиб: «Акам қазо қилиб қолибдилар, иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун, Эй Аллоҳ! Ўз раҳматингга олгин…» деб такрор-такрор зикрларни ўқиб, дуолар қилиб йиғлаб юбордилар.

Устозларга ҳамроҳ бўлиб юриш нақадар бахт, ҳар қадамингизда илмларидан ва одобларидан баҳра олиб юрасиз.

Меҳрибон Раббим барчаларини Ўзи чексиз мукофотлар билан икром қилсин, ҳаёт бўлиб турганларини ҳифзу ҳимоясида асрасин, бетоб бўлиб ётганларига, жумладан Отажоним шайх Обидхон қорига шифои комил ато этсин, Охиратга риҳлат қилган устозларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни Фирдавс жаннатларида олий мақомларга кўтарсин …

Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига марҳамат

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg